Logo

Россиядаги «Яндекс» дата-маркази дронлар зарбасига учради

Bugun 19:012 daqiqa

Бу Украинадаги уруш бошланганидан бери Россиядаги дата-марказга берилган биринчи йирик дрон зарбаси бўлиши мумкин.

Россиядаги «Яндекс» дата-маркази дронлар зарбасига учради

Россиянинг Рязан вилоятидаги «Яндекс» компаниясига тегишли дата-марказ дронлар ҳужуми оқибатида вақтинча ишини тўхтатди. Россия ва мустақил манбалар ҳужум Украина дронлари томонидан амалга оширилганини билдирмоқда, бироқ Киев буни расман тасдиқламаган.

8 октябрь куни Рязан вилоятининг Сасово шаҳрида жойлашган «Яндекс» дата-маркази ҳудудида дронлар зарбасидан кейин ёнғин содир бўлди. Компания маълумотига кўра, ҳодиса ортидан марказдаги ишлар вақтинча тўхтатилган.

Reuters хабар беришича, бу Украинадаги уруш бошланганидан бери Россиядаги дата-марказга берилган биринчи йирик дрон зарбаси бўлиши мумкин. «Яндекс» марказдаги зарар кўлами ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Марказда иккита суперкомпьютер жойлашган

Сасоводаги дата-марказ «Яндекс»нинг Россиядаги бешта йирик маълумотлар марказидан бири ҳисобланади. Компаниянинг аввалги маълумотларига кўра, бу ерда нейротармоқларни ўқитиш учун ишлатиладиган учта суперкомпьютердан иккитаси — «Ляпунов» ва «Червоненкис» жойлашган.

«Яндекс» ҳозирча мазкур суперкомпьютерлар ҳужумдан зарар кўрган-кўрмаганини маълум қилмаган. Учинчи суперкомпьютер — «Галушкин» эса Владимир шаҳрида жойлашган.

Ҳужумнинг аниқ мақсади ҳам ҳозирча номаълум. Meduza маълумотига кўра, зарба «Яндекс» дата-маркази жойлашган ҳудуддаги «Саста» станоксозлик заводига ёки дата-марказнинг ўзига қаратилган бўлиши мумкин. Украина томони ҳодисага расмий муносабат билдирмаган.

Зарба ортидан Россиядаги айрим онлайн хизматларда ҳам узилишлар кузатилган. Жумладан, «Яндекс Cloud»нинг айрим хизматлари, «Циан», Россия темир йўллари сайти ва бошқа платформаларда техник муаммолар қайд этилган. «Яндекс» акциялари Москва биржасида 3 фоиздан кўпроқ арзонлаган.

Сўнгги ҳафталарда Россия ва Украина бир-бирининг рақамли инфратузилмасига ҳам зарбалар бермоқда. Россия сўнгги вақтларда Украинадаги бир қатор дата-марказларни нишонга олганини билдирган, Киев эса рақамли инфратузилмасининг бир қисмини ер остига кўчираётганини маълум қилган.

Teglar

Россиядаги «Яндекс» дата-маркази дронлар зарбасига учради | Vaqt.uz