«Safia» 2025-йил 1,2 трлн сўм даромад олди

Bugun 14:392 daqiqa

Компания даромади кескин ўсган бўлса-да, харажатлар ҳам ошгани ҳисобига соф фойда анча кам бўлди — 5,2 млрд сўм.

«Safia» 2025-йил 1,2 трлн сўм даромад олди

2025-йили «Safia» бренди остида фаолият олиб борувчи «Madina-Qandolat» МЧЖ 1,2 трлн сўм даромад олди. Бу ҳақда iHamkor.uz’да кўрсатилган ҳисоботдан маълум бўлди.

Даромад юқори бўлишига қарамасдан, «Safia» қандолат маҳсулотлари тармоғи ўтган йил давомида атиги 5,2 млрд сўмлик соф фойда олган.

Бунга сотилган маҳсулотлар учун катта миқдорда — 936,3 млрд сўмлик харажат қилингани сабаб бўлди. Тўланган солиқлар ўтган йили 44,2 млрд сўмни ташкил қилган.

Компания даромади 2024-йилига нисбатан 6 баробардан кўпроққа ошди. Бунга «Safia» бренди остида фаолият юритувчи компаниялар «Madina-Qandolat» МЧЖ остида бирлашиши ҳам сабаб бўлди.

«Safia» бизнес сифатида ўсётгани Солиқ қўмитаси маълумотларида ҳам кўринмоқда. 2025-йили январида компанияда 441 мингта чек рўйхатдан ўтказилиб, аҳоли 482,1 млрд сўм кешбек олганди.

2026-йили январига келиб ойлик чеклар сони 700 мингдан ошди. Кешбек суммаси эса қарийб 750 млрд сўмга етди.

Компания харид чеклари энг кўп рўйхатдан ўтказилган корхоналар орасида «Korzinka», «Havas» ва «Olma» супермаркетларидан кейин тўртинчи ўринда туради.

Даромад бўйича «Safia» Ўзбекистондаги барча ресторан тармоқлари, жумладан етакчи «KFC»дан ҳам ўтиб кетди. «KFC» 2025-йили 1,06 трлн сўм даромад олиб, «Evos»ни ортда қолдирганди. «Evos» даромади 835 млрд сўмни ташкил қилган.

Шунга қарамай, «KFC» ва «Evos»да фойда кўрсаткичлари анча юқорироқ.

«Safia» бизнесининг бошланиши 2001-йилига бориб тақалади. 2015-йилидан бери компания «Safia» бренди остида фаолият юритиб келмоқда.

Сўнгги йилларда бизнес Ўзбекистонда кенгайиб бормоқда. Айни вақтда тармоқда 4 500 нафарга яқин ходим ишлайди.

Teglar

Mavzuga oid