
Саида Мирзиёева Ургутда: «Тиббиёт-санитариядаги ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади»
Саида Мирзиёева Ургут туманидаги оилавий поликлиника ҳолатини ўрганиб, мавжуд шароит бутун бирламчи тиббий хизмат тизимидаги муаммоларнинг акси эканини айтди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Навоий» номли поликлиника фаолияти билан танишди. У ташриф давомида тиббиёт муассасасининг моддий-техник ҳолати, хизмат сифати ва аҳолига тушаётган юкламага алоҳида эътибор қаратди.
Қайд этилишича, мазкур поликлиника 1972 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда капитал таъмирга, замонавий стандартларга мослаштиришга ҳамда тиббий хизмат сифатини оширишга муҳтож. Муассаса 13 мингдан ортиқ аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади, 16 та қишлоқ аҳолиси учун эса туғуруқ қабул қилинадиган энг яқин ва ягона тиббиёт маскани ҳисобланади.
«Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Зах хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти», — деди Саида Мирзиёева бино ҳолатини ўрганиб.
Президент администрацияси раҳбари ушбу ҳолатни алоҳида бир поликлиникага хос муаммо сифатида эмас, балки бутун бирламчи тиббий хизмат тизимида тўпланиб қолган муаммоларнинг кўзгуси сифатида баҳолади. Шу муносабат билан диагностика ва даволаш стандартларини янгилаш, тиббий кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш долзарб вазифа экани қайд этилди.
Маълум қилинишича, мутахассислар иштирокида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режа ишлаб чиқилмоқда. Бу жараён фақат биноларни таъмирлаш билан чекланмасдан, бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни назарда тутади. Шунингдек, соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва расмий ҳужжатлар орқали баҳолаб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.





