Шавкат Мирзиёев Қатар Амирига таъзия йўллади
Қатарнинг Рас-Лаффан саноат зонасидаги газни қайта ишлаш мажмуасида содир бўлган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлган.

Бугун, 22 июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга Рас-Лаффан саноат зонасидаги газни қайта ишлаш мажмуасида содир бўлган кучли портлаш ва ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан таъзия йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбари қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган, жароҳатланганлар тез орада шифо топишини тилаган.
Рас-Лаффандаги фожиа тафсилотлари
Қатарнинг Рас-Лаффан саноат ҳудудидаги заводда юз берган портлаш оқибатида 54 киши жабрланди ва яна 18 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Ҳодиса 21 июн куни кечқурун Доҳа шаҳри яқинидаги QatarEnergy компаниясига қарашли Барзан газ тақсимлаш пунктида содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, портлашга ишлаб чиқариш жараёнини ишга тушириш вақтидаги техник носозлик сабаб бўлган. Айни пайтда ҳеч қандай газ сизиб чиқиш ҳолати қайд этилмаган, воқеа жойига зудлик билан етиб борган қутқарув ва ўт ўчириш гуруҳлари ёнғинни назорат остига олган.
Ички хавфсизлик кучлари таркибидаги Қатар халқаро қидирув-қутқарув гуруҳи фуқаролик мудофааси бўлинмалари билан ҳамкорликда бедарак йўқолганларни қидириш ишларини олиб бормоқда.
Маълумот учун, мазкур корхоналар дунёдаги энг йирик суюлтирилган табиий газ (LNG) ишлаб чиқариш ва экспорт марказларидан бири ҳисобланади ҳамда глобал таъминот ҳажмининг қарийб 20 фоизини қоплайди. Рас-Лаффан жорий йилнинг март ойида ҳам ракета ҳужумларига учраган, ўшанда зарбалар QatarEnergy инфратузилмасига жиддий зарар етказиб, йирик ёнғинга сабаб бўлган эди.





