Эртага Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга боради
Давлат раҳбари Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг Ақаба жараёни доирасидаги учрашувида иштирок этади.
© Prezident matbuot xizmatiЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II таклифига биноан 5-6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.
Ўзбекистон раҳбари сунъий интеллект соҳасида хавфсизликни таъминлаш, унинг террористик ва экстремистик мақсадларда ишлатилишига қарши курашиш, янги технологик хатар ҳамда таҳдидларга жавоб қайтаришда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг Ақаба жараёни доирасидаги учрашувида иштирок этади.
Ақаба жараёни 2015 йилда Подшоҳ Абдулла II томонидан илгари сурилган халқаро ташаббус бўлиб, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган.





