«SpaceX» акциялари кетма-кет учинчи кун пасаймоқда
IPOдан кейин бир неча кун ичида рекорд даражада қимматлашган компания акциялари энди тескари ҳаракатни бошлади.

«SpaceX» акциялари 22 июн кунги савдоларда яна 7 фоизга арзонлашди. Бундан аввал акциялар 17 июн куни 5 фоизга, 18 июн куни эса яна 3,6 фоизга тушган эди. Шу тариқа компания акциялари кетма-кет учинчи савдо сессиясида қиймат йўқотмоқда.
Бироқ бу пасайишларга қарамай, акциялар ҳали ҳам IPO вақтидаги 135 долларлик нархдан тахминан 27 фоиз юқори бўлиб турибди.
«SpaceX» акциялари 12 июн куни биржага чиққанида илк савдо 150 доллардан бошланган эди. Кейинчалик компания акциялари тез суръатларда қимматлашиб, бир дона акция нархи 225 долларгача етди.
Натижада «SpaceX» бозор қиймати бўйича ҳатто «Amazon» ва «Microsoft» каби гигантларни ортда қолдириб, дунёдаги тўртинчи энг қиммат оммавий компанияга айланган эди.
Илон Маск тарихдаги илк триллионер
Аввалроқ, Илон Маскнинг бойлиги 1,3 триллион долларга яқинлашиб, тарихдаги энг бой инсон сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлагани ҳақида хабар берилган эди.
«Forbes Real-Time Billionaires» маълумотларига кўра, 15 июн ҳолатида унинг бойлиги 1,29 триллион долларга баҳоланган. Бу кўрсаткич «Forbes» кузатувлари тарихидаги энг юқори натижа ҳисобланади.
Бойликнинг кескин ўсишига «SpaceX» акцияларининг IPOдан кейинги қимматлашуви сабаб бўлган. Компания капитализацияси 3 триллион доллардан ошиб кетди, Маскнинг бойлиги эса бир куннинг ўзида 165 миллиард долларга кўпайди. Натижада у энг яқин рақобатчилари — Ларри Пейж ва Жефф Безосдан қарийб 1 триллион долларга ўзиб кетди.




