Сурхондарёда картошка кўринишидаги гиёҳванд моддалар фош этилди
Афғонистон чегарасида Россияга картошка ниқоби остида олиб кетилаётган 72 килограммдан ортиқ гашиш моддаси мусодара қилинди.

Сурхондарё вилоятида давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ва божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида йирик гиёҳвандлик воситалари контрабандаси фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Термиз-автомобил йўли» ўтказиш пунктига кириб келган, 2001-йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «MAN» русумли юк машинаси божхона кўригидан ўтказилган.

Текширув жараёнида машина юкхонасида картошка маҳсулотлари борлиги маълум бўлган.
Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулоти синчковлик билан текширилганда уларнинг орасига картошка кўринишида ясалган 222 дона бўлакдан иборат 72 кг 300 гр гашиш яширилганлиги аниқланиб, наркотик модда процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Россия Федерациясига олиб кетилаётган бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган.





