add

Техникумлардаги айрим ўқувчиларга стипендия берилади

Bugun 17:392 daqiqa

Янги тартиб техникумларда ҳам ишлаб, ҳам ўқиб таҳсил олаётган ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.

Техникумлардаги айрим ўқувчиларга стипендия берилади© Фото: Ўзбекистон темирйўллари

Аввалроқ Президентнинг тегишли қарори билан дуал таълимда таҳсил олаётган ўқувчиларга ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида стипендия тўланиши ҳамда ушбу давр меҳнат стажига қўшилиши белгиланганди.

Техникумларда дуал таълим шаклида ўқиётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартибини жорий этишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат дуал таълим тизими орқали касбий кўникмаларни ишлаб чиқариш жараёнида ўзлаштираётган ёшларни моддий жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилган.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган бўлиб, у Ўзбекистон президентининг 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган ПҚ–316-сон қарори ижросини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур қарорда касбий таълим сифатини ошириш ва иш берувчилар иштирокида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш вазифалари белгиланган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларда дуал таълим асосида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус электрон платформа орқали стипендия тўланади. Стипендия миқдори ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари этиб белгиланмоқда.

Шу билан бирга, иш берувчи томонидан ўқувчининг касбий кўникмалари ёки меҳнат интизоми қониқарсиз деб топилса, стипендия тўлаш тўхтатилиши мумкин. Бу механизм дуал таълим жараёнида ўқувчиларнинг масъулияти ва иш сифатига қўшимча талаб қўяди.

Стипендияларни молиялаштириш Касбий таълим агентлиги орқали амалга оширилади. Агентликка Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2026 йил 1 августга қадар махсус электрон платформани ишга тушириш вазифаси юклатилган.

Мазкур платформа «Ягона миллий меҳнат тизими» ҳамда электрон ҳукумат инфратузилмалари билан интеграция қилинади. Қайд этилишича, 2026 йилда ушбу харажатлар амалдаги бюджет доирасида қопланади, 2027 йилдан эса давлат бюджети параметрларида алоҳида назарда тутилади.

Teglar

Mavzuga oid