Logo

«Толибон» вазири Ўзбекистонда Исломнинг фақат номи қолганини айтди

Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби ҳолат юзасидан Vaqt.uz’га изоҳ бераркан, баёнотни мутлақо асоссиз ва «дезинформация» дея атади.

«Толибон» вазири Ўзбекистонда Исломнинг фақат номи қолганини айтди © Ijtimoiy tarmoqlar

Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукуматининг Фазилатни тарғиб қилиш ва бузуқликнинг олдини олиш вазири Холид Ҳанафий Ўзбекистонга қарши баёнот бериб, бир вақтлар ислом цивилизацияси ва илм-фанининг энг муҳим марказлари бўлган Самарқанд, Бухоро ва Термиз шаҳарларида бугун исломдан фақат номи қолганини даъво қилди. Бу ҳақда у орий йилнинг 10-июль куни Афғонистоннинг жанубий-шарқий вилоятларидан келган уламолар билан учрашувда сўз очган.

Вазир Ислом умматига раҳбарлик қилиш вазифаси уламолар зиммасида бўлиши лозимлигини урғулаган ва Ўзбекистон диний уламоларини ҳам танқид қилган. Унинг айтишича, мамлакатда диний масалалар бўйича қарорларни уламолар эмас, балки дунёвий давлат тизими белгиламоқда.

Шунингдек, «Толибон» мулозимига кўра, Ўзбекистон бой исломий меросга эга бўлишига қарамай, Исломдан анча узоқлашган.

«Revayet» нашри вазирнинг бу сўзлари бир неча жиҳатдан эътиборга молик эканини ёзиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон «Толибон»нинг Марказий Осиё энг яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб келаётгаини таъкидлаган.

«Бу қарашда «Толибон» талқинига мос келмайдиган ҳар қандай маданият, анъана ёки диний тушунча осонликча «исломий эмас» деб баҳоланиши мумкин. Холид Ҳанафийнинг Самарқанд, Бухоро ва Термиз ҳақидаги сўзлари ҳам айнан шу дунёқараш аксидир. Ушбу қараш ҳатто ислом цивилизациясида улкан ўрин тутган шаҳарларни ҳам ҳақиқий исломдан узоқ деб баҳолайди.

Шубҳасиз, Ўзбекистон ва «Толибон» ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик қисқа муддатда ҳар икки томонга маълум манфаат келтириши мумкин. Аммо бу муносабатлар фақат товар айирбошлаш билан чекланмайди. Мафкура ҳам савдо каби чегаралардан ўтиши мумкин» — дея ёзади нашр.

Vaqt.uz «Толибон» вазирининг шов-шувларга сабаб бўлаётган баёноти юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиевдан муносабат олди. Унинг айтишича, ушбу хабарлар мутлақо асоссиз. Тарқалган баёнот расман эълон қилинмаган ва Афғонистон расмий оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилмаган.

Матбуот котибининг сўзларига кўра, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон элчиси афғон томони билан гаплашган ва вазиятга аниқлик киритилган.

Ўзбекистон ва «Толибон» муносабатлари

Сўнгги йилларда расмий Тошкент «Толибон»нинг энг яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб келмоқда. 2021-йилда республика тузуми ағдарилганидан кейин Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан ташқари «Толибон» билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ўрнатиш ҳамда кенгайтиришга энг кўп ҳаракат қилган давлат бўлди.

Ўзбекистоннинг «Толибон» бошқараётган Афғонистонга муносабати, аввало, иқтисодий манфаатларга асосланган. Тошкент Афғонистонни ўз маҳсулотлари ва сармоялари учун қулай бозор сифатида кўради.
Айнан шу ёндашув Ўзбекистонни «Толибон» билан ҳамкорлик қилишдаги сиёсий харажат ва хавфларни қабул қилишга ундади. Бугун Афғонистон Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркиядан кейин Ўзбекистоннинг бешинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

Фақат 2026-йилнинг дастлабки беш ойида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1 миллиард долларга етди. Шу доирада икки томон ўртасида илиқ сиёсий муносабатлар ҳам шаклланган. Ҳатто Термиз шаҳрида қўшма савдо маркази ташкил этилган бўлиб, у кўплаб тадбиркорлар ва фуқароларга визасиз қатнаш имконини беради. Бироқ бу муносабатлар Ўзбекистон учун хавф-хатарлардан ҳам холи эмас.

Teglar

Mavzuga oid