Logo

Ҳокимларга Тошкентнинг ҳар бир туманида иккитадан йирик савдо комплекси ташкил этиш топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев шаҳарнинг 12 та тумани ҳокимига ҳар бир ҳудудда иккитадан йирик савдо комплекси ёки молл ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашни топширди. Улар 1-октябрга қадар майдон, инвестор ва молиялаштириш манбаларини белгилаши керак.

Ҳокимларга Тошкентнинг ҳар бир туманида иккитадан йирик савдо комплекси ташкил этиш топширилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги 400 та маҳаллани Олмазор туманидаги «Қичқириқ» маҳалласи тажрибаси асосида ободонлаштириш бўйича тўрт йиллик дастур ишлаб чиқишни топширди. Бунинг учун 10 триллион сўм йўналтириш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари бу ҳақда 11 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда ҳар бир туман ва маҳалла имкониятларидан тўлиқроқ фойдаланиш, инвестициялар, қўшилган қиймат ва юқори даромадли иш ўринлари сонини кўпайтириш зарур.

«Ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида аҳоли ва туристларни магнитдек ўзига тортадиган иккитадан йирик савдо комплекси ёки молл ташкил этиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ва пойтахтнинг 12 та туман ҳокимига 1-октябрга қадар аниқ майдонлар, инвесторлар ва молиялаштириш манбаларини белгилаш вазифасини юклади.

«Тошкент ҳамма учун — барча соҳаларда намуна бўлиши керак», — деди президент.

«Қичқириқ» маҳалласи тажрибаси

Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги ўзгаришларга алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, йил бошидан буён туманда қарийб 1 мингта янги тадбиркор пайдо бўлган ва уларнинг умумий сони 12 мингга яқинлашган.

«Агар туман ҳокими Қудратилла Тўлаганов ҳар куни 50−60 нафар тадбиркор билан гаплашса, бизнес кенгаяди, ишсизлар эса даромад олиши мумкин бўлади», — деди у.

Президентнинг топшириқларидан кейин Олмазор туманидаги тўққизта кўча ободонлаштирилди. Давлат раҳбарининг баҳолашича, бу ҳудудларнинг бизнес, аҳоли ва туристлар учун жозибадорлиги ошган.

Мирзиёев «Қичқириқ» маҳалласига ташрифи давомидаги ҳолатни ҳам эслади.

«Илгари аҳоли ишдан кейин сайр қилиш учун кўчага чиқмоқчи бўлса, аслида бирорта ҳам нормал пиёдалар йўлаги йўқ эди, ҳамма жой қоронғи эди. Айниқса, сой бўйидаги ҳудуд қаровсиз қолган эди. Санитария ва экологик аҳвол ёмонлиги сабабли тадбиркорларга бу ерда бизнес очиш қизиқ эмас эди», — деди президент.

Қисқа вақт ичида маҳаллада 450 ўринли болалар боғчаси, спорт майдончалари, парк, амфитеатр, пиёдалар йўлаклари ва фавворалар барпо этилди.

«Бугун ушбу маҳалладаги 5500 нафар аҳолининг кайфияти ва ҳаёт сифатини қанчалик ўзгартирганини ўзим кўрдим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Олмазорда яна саккизта кўча ўзгартирилади

Олмазор тумани ҳокими йил охирига қадар яна учта кўчани ўзгартиришни режалаштирган. Бироқ президент бу кўрсаткични етарли эмас деб баҳолади.

«Бу жуда кам. Савол туғилади: агар бу кўчалар аҳолига, тадбиркорлар ва туристларга маъқул келаётган бўлса, нега биз яна саккизта кўчани ўзгартириш учун кейинги йилларни кутишимиз керак?» — деди у.

Давлат раҳбари эртаси кунидан Олмазор туманидаги Талабалар, Чинбой, Озод, Қорасарой, Нурafшон, Соғбон, Олтинсой ва Гулсарой кўчаларида иш бошлашни топширди.

Шунингдек, пойтахтнинг қолган 11 та туманида ҳам ҳар бирида камида беш-олтитадан кўчада шундай ишлар бошланиши керак.

Президентнинг маълум қилишича, туман ҳокимлари томонидан таклиф этилган 100 та кўча бўйича молиялаштириш масаласи аллақачон ҳал қилинган ва тегишли қарор қабул қилинган.

«[Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом] Норқулов эртадан кечиктирмай молиялаштиришни очиши керак. Туман ҳокимлари кутиб ўтиришлари шарт эмас — тадбиркорлар билан биргаликда имкон қадар тезроқ амалий ишга ўтиш керак», — деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, президент бир ҳафта муддатда Тошкентдаги 400 та маҳаллани «Қичқириқ» намунаси бўйича ободонлаштиришга қаратилган тўрт йиллик дастурни тасдиқлашни топширди.

«Бунга 10 триллион сўм ажратамиз», — деди президент.

Teglar

Mavzuga oid