Тошкент марказида бир томонлама ҳаракатланиш режаси бекор қилинди

Bugun 11:252 daqiqa

Жамоатчилик муҳокамалари ва қўшимча таҳлиллардан сўнг пойтахт марказидаги кўчалардан бирида фақат бир томонлама ҳаракат жорий этиш режаси ҳозирча амалга оширилмайдиган бўлди.

Тошкент марказида бир томонлама ҳаракатланиш режаси бекор қилинди

Тошкент шаҳри марказида йўллардаги тирбандликни камайтириш мақсадида бир кўчада бир томонлама ҳаракат жорий этиш режаси тўхтатилди. Бу ҳақда шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.

Мазкур ташаббус 25 март куни эълон қилинган бўлиб, у транспорт оқимини самарали тақсимлаш, тирбандликларни қисқартириш ва ҳаракат хавфсизлигини оширишга қаратилган эди. Шунингдек, ҳайдовчилар учун янада қулай шароит яратиш асосий мақсад сифатида кўрсатилган.

Бироқ лойиҳа жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва қўшимча таҳлиллар натижасида қарор ҳозирги кўринишда амалга оширилмаслиги маълум қилинди.

«Бир томонлама ҳаракатни жорий этиш бўйича дастлаб кўриб чиқилган қарор ҳозирги босқичда амалга оширилмайди. Зеро, мазкур масала транспорт тизими ва ижтимоий муҳитга таъсирини янада чуқурроқ баҳолашни талаб этади», дейилади марказ хабарида.

Пойтахтда кунлик ҳаракатланцвчи автомобиллар

Маълумотларга кўра, ҳар куни Тошкентга қарийб 1 миллион киши ташриф буюради. Эрталаб шаҳарга кириб келиб, кечқурун қайта чиқиб кетувчи минглаб автомобиллар тирбандликларни янада кучайтирмоқда.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллойор Норбўтаевнинг айтишича, 2030 йилгача пойтахтда тирбандлик даражасини камида 30 фоизга камайтириш режалаштирилган. Унга кўра, жамоат транспортини ривожлантириш бу борада асосий омил ҳисобланади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев пойтахтда тахминан 1,3 миллионта автомобил ҳаракатланишини маълум қилган. Уларнинг 700–800 мингтаси доимий аҳолига тегишли экани таъкидлаган эди.

Teglar

Mavzuga oid