add

Тошкентда ичимлик суви тарифлари қайта кўриб чиқилиши мумкин

Bugun 14:552 daqiqa

2023–2025 йилларда ҳудудларда ичимлик суви тарифлари ўз вақтида қайта кўриб чиқилмагани сабабли электр энергияси нархининг ошиши ортидан 128,1 млрд сўм миқдорида молиявий зарар юзага келган.

Тошкентда ичимлик суви тарифлари қайта кўриб чиқилиши мумкин

Электр энергияси тарифлари оширилганидан сўнг Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари учун янги тарифлар ҳалигача тасдиқланмаган. Бу ҳолат пойтахтда сув нархларини қайта кўриб чиқиш эҳтимолини кучайтирмоқда. Бу ҳақда Ўзсувтаъминот маълум қилди.

Компания маълумотига кўра, сув таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини мунтазам қайта кўриб чиқиш хизматлар сифатини яхшилаш, соҳани ривожлантириш ва инфратузилмани модернизация қилиш учун зарур ҳисобланади. Амалда тарифлар маҳсулот таннархи, тизимни ривожлантириш харажатлари, халқаро молиявий институтлар олдидаги мажбуриятлар, солиқлар ва бошқа тўловлар асосида шакллантирилади.

Сўнгги йилларда марказлашган сув таъминоти таннархи билан амалдаги тарифлар ўртасидаги фарқ ошиб бормоқда. Бу эса ичимлик суви тизимини янгилаш ва техник жиҳатдан такомиллаштириш жараёнларини секинлаштирмоқда. Айниқса, абонентлар сонининг сўнгги уч йилда 1 миллионга ошгани, сувнинг катта масофаларга юқори электр сарфи талаб қилувчи насослар орқали етказиб берилиши ҳамда аварияларни бартараф этиш харажатлари таннархга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозирда 1 куб метр ичимлик суви тарифи таркибида энг катта улуш иш ҳақи харажатларига тўғри келади — 30 фоиз. Электр энергияси харажатлари 19 фоизни, амортизация 15 фоизни, хорижий кредитларни қоплаш 9 фоизни ташкил этади. Қолган қисми таъмирлаш, солиқлар ва бошқа харажатлар ҳиссасига тўғри келади.

Таъкидланишича, аҳолига етказиб берилаётган 1 литр ичимлик сувининг ўртача нархи 3,3 сўмни ташкил этади. Бу дўконларда сотиладиган қадоқланган сувга нисбатан минг баробар арзон.

Маълум қилинишича, 2023–2025 йилларда ҳудудларда тарифлар ўз вақтида қайта кўриб чиқилмагани сабабли электр энергияси нархининг ошиши ортидан 128,1 млрд сўм миқдорида молиявий зарар юзага келган. Шу билан бирга, 2025 йил 1 майдан электр энергияси тарифлари ошганига қарамай, Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида сув тарифлари ҳали ҳам тасдиқланмаган.

Teglar

Mavzuga oid