Logo

Учинчи «Hyundai Rotem» тезюрар поезди Ўзбекистонга етиб келди

Bugun 11:101 daqiqa

Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган тезюрар поезд «Жанубий Корея — Хитой — Қозоғистон — Ўзбекистон» махсус транзит маршрути орқали Ўзбекистонга етказилди.

Учинчи «Hyundai Rotem» тезюрар поезди Ўзбекистонга етиб келди © UTYCARGO Uzbekistan

«Темирйўлкарго» АЖ Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган учинчи «Hyundai Rotem» тезюрар поезди Ўзбекистонга етказилганини маълум қилди.

Компания маълумотига кўра, поезд Жанубий Кореядаги ишлаб чиқарувчи заводдан Ўзбекистонга мултимодал транспорт йўналиши орқали олиб келинган.

Мазкур лойиҳа доирасида дастлабки 7 та вагондан иборат «Hyundai Rotem» поезди 2025-йил 10-декабрь куни Жанубий Кореянинг Масан портидан жўнатилган ва 2026-йил февраль ойида Ўзбекистонга етказилган эди.

Навбатдаги поездни ташиш учун «Жанубий Корея — Хитой — Қозоғистон — Ўзбекистон» махсус транзит йўналиши ишлаб чиқилди. Ташув жараёнида денгиз, автомобил ва темир йўл транспорти имкониятлари бирлаштирилди.

Шунингдек, катта габаритли вагонларни ташиш учун махсус платформалар жалб қилиниб, транзит давлатларда қайта юклаш ишлари махсус технологиялар асосида амалга оширилди. Суғурта, божхона ва транзит жараёнлари ягона логистика занжири орқали мувофиқлаштирилди.

«Темирйўлкарго» ушбу ташувларни ишлаб чиқарувчи заводдан Ўзбекистондаги якуний манзилгача «эшикдан эшиккача» тамойили асосида амалга оширганини маълум қилди.

Қайд этилишича, замонавий «Ҳюндаи Ротем» тезюрар поездларининг Ўзбекистонга келтирилиши йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш ҳамда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid