Вазир санъаткорларни танқид қилди, «Равшан Золотой» Лондонда пайдо бўлди, Ҳаж учун 26 минг$—ҳафта дайжести

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.

Маданият вазири солиқ тўлашдан бош тортган санъаткорларни «саводсиз» деб атади. Халқаро қидирувга берилган «Равшан Золотой» Лондонда кўриниш берди. Таниқли тадбиркор Ўзбекистондаги бизнесларини сотувга қўйди. Ҳаж зиёрати учун 26 минг АҚШ доллари талаб қилган фирибгар ушланди. Ўзбекистонлик аёл туркиялик эркакни 20 минг долларга «ухлатдими»?.

Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан VAQT.UZ дайжестида батафсил танишинг.

Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак – Озодбек Назарбеков

Бу ҳафта ижтимоий тармоқларда санъаткорлар ва бошловчилар учун тўй ҳамда концертлардан алоҳида солиқ ундирилиши кўзда тутилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков мазкур масала юзасидан ўз муносабатини билдириб, баъзи санъаткорларнинг эътирозларини «саводсизлик» деб атади.

Вазирнинг таъкидлашича, санъаткорлар ҳозирда ҳам солиқ тўлаб келмоқда, бироқ кўпчилиги бу тизимнинг моҳиятини тушунмайди. Назарбеков амалдаги солиқ турини «соғлом эмас» деб баҳолаб, янги лойиҳа соҳани тартибга солиш ва тизимни соддалаштиришга қаратилганини тушунтирди.

Мулоқот давомида вазир солиқ тўлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини эслатиб ўтди:

«Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак. Бугунги тинчлик, таълим ва хавфсизлик айнан мана шу маблағлар ҳисобига таъминланмоқда», деди вазир.

Маданият вазирлиги аввалроқ мазкур лойиҳанинг айрим бандлари бўйича ўз эътирозларини билдирган бўлса-да, ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Тимур Мусин бизнесларини сотувга қўйди

Шу ҳафта «Caravan Group» тармоғи асосчиси Тимур Мусин Тошкент ва Тошкент вилоятидаги энг машҳур масканларини сотувга чиқаргани жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Тадбиркор пойтахтдаги «Палов музейи» (150 млрд сўм), «Caravan» ресторани (45 млрд сўм) ва Бўстонлиқ туманидаги «Cinara’s» мажмуасини (99 млрд сўм) сотиш бўйича эълонларни жойлаштирган.

Мазкур қарорга асосий сабаб сифатида тадбиркор қуйидаги омилларни келтирмоқда:

• Маъмурий тўсиқлар ва инвестиция хавфи: Мусиннинг таъкидлашича, кенг кўламли этнографик лойиҳа мураккаб инвестиция муҳити ва «яширин тўсиқлар» туфайли тўхтаб қолган. Бунинг натижасида бир неча миллион доллар маблағ ва вақт бой берилган.

• Ер музокаралари ва компенсация муаммоси: Низо Бўстонлиқ туманидаги йўл реконструкцияси учун ер участкасининг олиб қўйилиши билан боғлиқ. Суд ҳокимлик зиммасига 12,5 млрд сўм компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган бўлса-да, бу қарор юқори инстанциялар томонидан бир неча бор бекор қилинган.

• Мулк ҳуқуқининг бузилиши: 2026 йил бошида Бизнес-омбудсман 15 йил аввал берилган кадастр ҳужжатларининг бекор қилинишига қарши чиқиб, мулк ҳуқуқи бузилганини билдирган. Ҳозирда объектларнинг ҳуқуқий мақоми ноаниқлиги сабабли компания хорижий ҳамкорлар билан алоқани узган ва 10 млн долларлик инвестициялар музлаб қолган.

Тадбиркор мавжуд муҳит хусусий инвестицияларни «ноқонуний тажовузлар ва рейдерликдан» ҳимоя қилишга тайёр эмаслигини алам билан қайд этган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Жиззахда ноқонуний крипто-активлар айланмаси фош этилди

Якунланаётган ҳафта давомида Жиззахда 2 млрд сўмлик ноқонуний крипто-операциялар билан шуғулланган шахс қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ушланган шахс iPhone 12 мобил қурилмаси орқали «Bitget» криптобиржасининг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда электрон ҳамён ташкил этган. У 2025–2026 йиллар давомида жами 2 миллиард 50 миллион сўмдан ортиқ маблағга тенг крипто-активлар айланмасини амалга оширган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасаддилар крипто-активлар билан боғлиқ фаолият қатъий ҳуқуқий тартибга солинганини, бундай операциялар фақат расмий ва лицензияланган платформалар орқали амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистонлик аёл ва турк эркак ўртасидаги можаро

Якунланаётган ҳафтада Туркиянинг «ATV» телеканали орқали берилган маьлумот сабабли ўзбекистонлик 36 ёшли Гулбаҳор исмли аёл ва 56 ёшли Ражаб Ўндер ўртасидаги молиявий можаро жамоатчилик диққат марказига тушди. Кўрсатув давомида бошловчининг аёлга нисбатан камситувчи фикрлари кескин эътирозларни келтириб чиқарди.

Ражаб Ўндернинг иддао қилишича, аёл уни никоҳ ваъдаси билан алдаб, жами 20 минг АҚШ долларини ўзлаштирган. У аёлнинг фарзандларига ёрдам берганини, уйи ва телефони учун тўловлар қилганини, бироқ Гулбаҳор маблағларни қайтармай алоқани узганини таъкидлади.

Бунга жавобан аёл айбловларни инкор этиб, пуллар ихтиёрий ёрдам сифатида берилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Ўндер уни тунги клубларда ишлашга ундаган ва фарзандларини ҳақорат қилган; шу сабабли аёл муносабатларни якунлаган. Шунингдек, у Ўзбекистонда уй сотиб олгани ҳақидаги даъволарни рад этиб, ҳозирда Туркияда уй тозаловчи бўлиб ишлаётганини маълум қилди.

Эфир давомида бошловчининг аёллар ҳуқуқларини камситувчи ва профессионалликка зид чиқишлари юзасидан жамоатчилик фаоллари дипломатларни ватандошларимиз шаънини ҳимоя қилишга чақирмоқда.

Халқаро қидирувдаги «Равшан Золотой» Лондонда пайдо бўлди

Халқаро қидирувга берилган жиноят олами Вакили ва таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг жияни Равшан Золотой Лондонда кўриниш берди. Бу ҳафта у ўзининг Инстаграм саҳифасида пост эълон қилди. Унда Равшан Муҳитдионов шундай пост ёзиб қолдирган.

“Йигит бошига кулфат тушса, у йигитлик қилаётган пайтида тушсин. Ватанни сотиб, дўстларини хиёнат билан сотаётган пайтда эмас.”

Қайд этиш жоиз, 37 ёшдаги Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддаси Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш 3-қисми 242-модда Жиноий уюшма ташкил этиш 2-қисми, 277-моддаси Безорилик 3-қисми билан айбланиб, Интерпол қидирувига берилган.

Муҳитдинов тоғаси Ғафур Раҳимовга нисбатан тазйиқлар кучайган даврда оғир жиноятларда айбланган ва мамлакатни тарк этган. ОАВда эълон қилинган маълумотларга кўра, 2007-йил 18 ёшда бўлган Равшан Муҳитдинов Жиноят Кодексининг 242-моддаси (Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш)да айбланиб, қидирувга берилган. У асосан Туркиянинг Истанбул ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарларида истиқомат қилган.

Ҳаж учун 26 минг $

Якунланаётган ҳафта давомида муқаддас Ҳаж зиёрати билан боғлиқ навбатдаги фирибгарлик ҳолати аниқланди. Наманган шаҳрида яшовчи шахс тўрт нафар фуқарони «Ҳаж-2026» мавсумида Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, улардан жами 26 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, ушбу шахс сўралган маблағдан 6 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукумати рухсатномасиз Ҳаж зиёратини амалга оширишга уринганларга нисбатан қатъий жазо чораларини эълон қилган. Қоидабузарлик учун йирик миқдордаги жарима, депортация қилиш ва мамлакатга киришни 10 йил муддатга тақиқлаш каби чоралар кўрилиши мумкин.

Алкогол маҳсулотлари нақдда сотиладими?

Умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматларида нақд пулдаги тўловларга енгиллик берилиши мумкин. Бу ҳафта умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда тадбиркорлар туристлар учун овқатланиш ва алкоголь тўловларининг алоҳида бўлиши ноқулайлик туғдираётганини билдиришди.

1 апрелдан Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини фақат электрон тўлов орқали сотиш тартиби жорий этилган эди. Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов мазкур тартибга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди. Унга кўра, яқин кунларда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь маҳсулотларини нақд пул шаклида ҳам реализация қилиш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Шунингдек, мулоқот давомида сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида меҳмонхоналарда туристик йиғимни нақд пул кўринишида қабул қилиш имконияти яратилгани ҳам қайд этилди.

Damas ҳайдовчиси ўқувчини уриб, қочиб кетди

Шу ҳафта пойтахтнинг Олмазор туманида 19 ёшли Damas ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойи яқинида мактаб ўқувчисини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди.

Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаси 20 апрель куни Келес йўли кўчасида содир бўлган.

Тезкор тадбирлар натижасида аниқланган ҳайдовчи ўз ҳаракатини воқеадан сўнг саросимага тушиб қолгани ва шок ҳолати билан изоҳлаган. Унинг таъкидлашича, болаларни пайқагач сигнал чалган, бироқ ўқувчилардан бири йўлга югуриб чиққан ва тўқнашувнинг олдини олиш имкони бўлмаган.

Ҳозирда ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133 ва 137-моддалари билан тегишли баённомалар расмийлаштирилган. Жабрланувчининг жароҳати жиддий бўлса, ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 42

Barchasi

Mavzuga oid