Logo

XIII асрга оид қаср 1 еврога сотувга қўйилди

Kecha 17:352 daqiqa

Уни тўлиқ таъмирлаш учун 20 млн евро атрофида маблағ талаб қилинади. Харидор 1012 квадрат метр бўлган кўчмас мулкни қўлга киритиши мумкин.

XIII асрга оид қаср 1 еврога сотувга қўйилди © Foto: Bild

Германиянинг Бад-Дюбен шаҳри маъмурияти 800 йиллик Шнадитц қасрини инвесторларни жалб қилиш мақсадида атиги 1 евро нархда сотувга қўйди. Бу ҳақда «Bild» нашри хабар берди.

Шаҳар мэри Матиас Митнинг нашрга айтишича, қаср нафақат шаҳар, балки бутун Саксония ҳудуди учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. У бинога зарар етказилмасдан, сақлаб қолинишини исташини билдирган.

Шнадитц қасри Германиянинг Саксония федерал еридаги Бад-Дюбен шаҳрининг шу номли ҳудудида жойлашган. У тахминан 1237-йилда қурилган. Қасрнинг умумий майдони 1012 квадрат метр бўлиб, унинг ичида яшаш хоналари, рицарлар зали ва иккита минора бор. Қаср ёнида 1794-йилда барпо этилган боғ ҳам мавжуд.

Шаҳар мэри «MDR» нашрига берган интервюсида қасрни қайта тиклаш бўйича кўплаб режалар бўлгани, аммо бюрократик тўсиқлар туфайли уларни амалга ошириш қийин кечганини айтди.

«Бу ерда ҳатто кичик бир ўзгариш қилиш учун ҳам барча ишлар батафсил ҳужжатлаштирилиши керак. Бу эса таъмирлаш жараёнини бир неча ойга, ҳатто йилларга кечиктиради», — деди Мит.

Унинг фикрича, қаср ўрнида меҳмонхона, қариялар уйи, ўқув маркази ёки интернат мактаби ташкил этиш мумкин. Бироқ бунда бинодан фойдаланишга тайёрлаш ва уни қайта таъмирлаш учун катта маблағ талаб этилишини ҳисобга олиш зарур.

Мэрнинг маълум қилишича, қасрни тўлиқ таъмирлаш учун камида 20 миллион евро керак бўлади.

Июн ойида Люксембургда XII асрга тегишли Ансембург қасри жойлашган мулк ҳам сотувга қўйилган эди. Унинг нархи 37,5 миллион евро этиб белгиланган. Қаср водийда жойлашган бўлиб, Люксембургдаги ягона хусусий қаср ҳисобланади. Ушбу мулк учун сўралган нарх мамлакат тарихида тураржой объекти бўйича энг қиммат таклиф бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 30 йил шахсий коллекцияда сақланган асар 80 миллион долларга сотилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid