Logo

Хорижий маркетплейсларнинг Ўзбекистонда солиқ ҳисобига туриши ва ҚҚС тўлаши мажбурий этиб белгиланмоқда

Bugun 14:233 daqiqa

Шавкат Мирзиёев электрон тижорат соҳасидаги томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштирувчи қонунни имзолади. Ҳужжат хорижий маркетплейслар учун Ўзбекистонда солиқ ҳисобига туриш, ҚҚС тўлаш ва ҳисобот топшириш талабларини ҳам белгилайди.

Хорижий маркетплейсларнинг Ўзбекистонда солиқ ҳисобига туриши ва ҚҚС тўлаши мажбурий этиб белгиланмоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Шавкат Мирзиёев 10-сентабр куни Ўзбекистонда электрон тижоратни тартибга солишни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.

Қонун билан электрон тижорат соҳасидаги томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштиришга қаратилган қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан феврал ойида қабул қилиниб, май ойида Сенат томонидан маъқулланган.

Трансчегаравий электрон тижорат тушунчаси белгиланди

Қонунда илк бор трансчегаравий электрон тижорат тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилди.

Унга кўра, электрон тижорат операцияси иштирокчилари, жумладан операторлар, турли давлатларда жойлашган бўлса ва улардан камида бири Ўзбекистонда бўлса, бундай операция трансчегаравий электрон тижорат ҳисобланади.

Шунингдек, маркетплейслар орқали товар етказиб берувчи юридик шахсларга юборилган қоғоз ва электрон ҳужжатлар, агар электрон хизматлар Ўзбекистонда реализация қилинса, юборилган кундан 30 кун ўтгач олинган деб ҳисобланади.

Сотувчиларнинг жавобгарлиги белгиланади

Қонунда сотувчиларнинг электрон тижоратдаги жавобгарлиги ҳам аниқлаштирилди.

Жумладан, сотувчи электрон тижорат операторлари тизимлари орқали тузилган шартномалар бўйича ўз фаолиятига доир мажбуриятларни бажариши керак.

Шунингдек, сифатсиз товар ва хизматларни етказиб бериш ёки сифатсиз ноозиқ-овқат маҳсулотларини алмаштириш билан боғлиқ харидорлар билан низолар юзага келганда сотувчи жавобгар бўлади.

Агар сотувчи харидорнинг қонуний талабларини қондира олмаса ва шартномада ёки қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, электрон тижорат оператори харидор олдида субсидиар жавобгарликка эга бўлади.

Хорижий маркетплейслар солиқ ҳисобига туради

Қонун билан Солиқ кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Улар Ўзбекистонда фаолият юритувчи хорижий электрон савдо платформаларига тааллуқли.

Хорижий маркетплейслар Ўзбекистондаги резидентларга хизмат кўрсатувчи хорижий интернет-компанияларга тенглаштирилади ва тегишли солиқ мажбуриятларига эга бўлади.

Улар Ўзбекистонда сотилган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаши керак.

Хорижий маркетплейс Ўзбекистондаги биринчи битим амалга оширилганидан кейин 30 кун ичида Солиқ қўмитасининг электрон офисида ҳисобга туриш учун ариза бериши лозим. Фаолиятини мамлакат ҳудудида тўхтатган платформа эса ҳисобдан чиқариш учун 30 кун ичида мурожаат қилиши мумкин.

Маркетплейслар ҳар чоракда ҳисобот беради

Ўзбекистонда солиқ ҳисобида турган хорижий электрон савдо майдончалари ҳар чоракда солиқ органларига ҳисобот топширади.

Солиқлар ҳисобот топширишнинг охирги муддатидан кечиктирмай — ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасигача тўланиши керак. Масалан, биринчи чорак учун солиқ 20-апрелгача тўланади.

Жисмоний шахсларга Ўзбекистон ҳудудида маркетплейслар орқали товар сотилганда солиқ базаси товарнинг сотишдаги ҳақиқий қиймати, солиқ суммаси ҳисобга олинган ҳолда аниқланади.

Хорижий сотувчилар учун маркетплейс операторлари солиқ агенти бўлади

Ўзбекистондаги маркетплейслар орқали хорижий компаниялар жисмоний шахсларга товар ва хизматлар сотган ҳолатлар ҳам қонун билан тартибга солинади.

Агар маркетплейс оператори хорижий сотувчилар фойдасига ҳисоб-китобларни амалга оширса, у солиқ агенти ҳисобланади.

Шу тариқа, янги тартиб нафақат Ўзбекистондаги электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштиради, балки мамлакатда фаолият юритаётган хорижий маркетплейсларнинг солиқ мажбуриятларини ҳам белгилайди.

Қонун расмий эълон қилинганидан три ой ўтгач — 2026-йил 12-декабрдан кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid