add

Хорижий тил ўқитувчилари учун B2 сертификат талаби яна кечиктирилди

Bugun 08:582 daqiqa

Хорижий тилдан дарс бераётган, аммо B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган ўқитувчиларга яна бир бор имтиёз берилди ва муддат 2026/27 ўқув йили бошланишигача узайтирилди.

Хорижий тил ўқитувчилари учун B2 сертификат талаби яна кечиктирилди

Камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига 2026/27 ўқув йили бошлангунига қадар яна бир имконият берилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий ахборот берди.

Мазкур масала 2021 йилда қабул қилинган ҳукумат қарорига бориб тақалади. Унга кўра, мактабларда хорижий тил фанидан дарс берадиган педагоглар камида B2 даражадаги сертификатга эга бўлиши шарт этиб белгиланган. Сертификат миллий ёки халқаро бўлишидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли деб ҳисобланади.

Ўқитувчиларга мазкур талабни бажариш учун уч йиллик ўтиш даври берилган. Шунингдек, сертификатга эга бўлган педагоглар қўшимча устама билан рағбатлантирилиб, талаб фақат маъмурий босим орқали эмас, молиявий мотивация билан ҳам қўллаб-қувватланган.

Бироқ 2024 йил сентябрига келиб, минглаб ўқитувчилар белгиланган муддат ичида сертификат ололмаганини билдириб, ишдан бўшатилиш хавотирини очиқ айтган. Шундан сўнг ҳукумат талабни бажариш муддатини яна бир йилга узайтирган.

2025 йил сентябрида ҳам худди шу ҳолат такрорланган. Бу сафар муддат 2026 йил 1 январга қадар чўзилган. Аммо йил якунига келиб ҳам кўплаб ўқитувчилар сертификатга эга бўлмаганини маълум қилган.

Натижада, ҳукумат яна бир бор муросага борди ва B2 сертификат талабини бажариш муддатини 2026 йил сентябригача узайтиришга қарор қилди. Шу тариқа, 2021 йилдан ҳисоблаганда, хорижий тил ўқитувчиларига мазкур талабни бажариш учун амалда беш йил вақт берилган бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу қарор бир томондан кадрлар тақчиллигини юмшатса, иккинчи томондан таълим сифатини ошириш бўйича қўйилган талабларнинг кечикишига олиб келмоқда. Энди эса асосий савол очиқ қолмоқда: янги ўқув йилидан бошлаб бу талаб қатъий амал қиладими ёки муддат яна узайтириладими?

Teglar

Mavzuga oid