
Хотира: 2025 йилда Ўзбекистон кимларни йўқотди?
2025 йилда давлат ва ҳарбий тизим вакиллари, санъат ва маданият арбоблари, журналистлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган фидойи инсонлар вафот этди. Vaqt.uz марҳум жамоат арбоблари ҳақидаги асосий маълумотларни жамлади.

2025 йил давомида мамлакат ҳаётида муҳим ўрин тутган ва турли соҳаларда фаолият кўрсатган бир қатор шахслар вафот этди. Улар орасида Ўзбекистон Компартиясининг собиқ котиби Раъно Абдуллаева Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов, қишлоқ ҳўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Азим Латипов ва Абдураим Ҳомидов, иқтидорли ёш журналист Алишер Рўзиохунов фаҳрий футболчи Тўлаган Исоқов бор.
Vaqt.uz ушбу шахсларни хотирлаб, фаолияти ҳақида ёритди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг мафкура бўйича собиқ котиби Раъно Абдуллаева 12 январ куни 89 ёшида вафот этди

У 1935 йил 16 сентябрда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. 1970−1987 йилларда Р.Абдуллаева Ўзбекистон ССРда энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган.
1987 йилда у «пахта иши» бўйича ҳибсга олинган. Кейинроқ оқланган, тергов пайтида унинг эътирофлари катта резонансга сабаб бўлган.
1963−1971 йилларда Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби, сўнгра Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, 1987 йилгача Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг мафкура бўйича котиби лавозимларида ишлаган.
Ўзбекистон миллий армияси асосчиларидан бири, мамлакатнинг илк мудофаа вазири Рустам Аҳмедов жорий йилнинг 12 октябр куни 82 ёшида вафот этди

Рустам Ўрмонович Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида туғилган. Генерал-полковник 40 йилдан ошиқ вақт давомида Қуролли Кучлар тизимида ишлаган:
1966 йилдан 1972 йилгача Болтиқбўйи қўшинлари ҳарбий округи 11-армия танк полки танк взводи командири лавозимидан Шимолий қўшинлар танкчилар баталёни командирининг сиёсий бўлим бўйича ўринбосари лавозимларида;
1972 йилдан 1986 йилгача Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобил қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида курсантлар баталёнида командирнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда баталён командири лавозимларида;
1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари–штаб бошлиғи лавозимида;
1991 йилдан 1992 йилгача бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон мудофаа ишлари бўйича вазири, Ўзбекистон Миллий гвардия қўмондони;
1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.
Рустам Аҳмедов бир қатор медаллар, II даражали «Шон-шараф» ва «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон биринчи президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков 29 сентабр куни 94 ёшида вафот этди

Исмоил Жўрабеков 1931 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У узоқ йиллар давомида республика мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси, фуқаролар муҳофазаси ишлари бўйича вазир, Президентнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси каби лавозимларда ишлаган.
Жўрабеков мустақилликнинг илк йилларида ҳам давлат бошқарувида фаол бўлиб, кейинчалик Ўзбекистон сув хўжалиги тизимида маслаҳатчи сифатида фаолиятини давом эттирди.
Унинг хизматлари давлат томонидан юксак мукофотлар билан эътироф этилган. Жумладан: «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени, «Эл-юрт ҳурмати» ордени, «Буюк хизматлари учун» ордени, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони, «Дўстлик» ордени, «Фидокорона хизматлари учун» ордени ва «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланган.
Таниқли тилшунос олим, ўзбек тили жонкуяри Бахтиёр Исабек 9 ноябр куни 80 ёшида вафот этди

Бахтиёр Исабек 1945 йилда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилояти, Султон Работ қишлоғида туғилган. У 1961–1966 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих-филология факултетида таҳсил олган.
У 1966 йилда илмий фаолиятини Ўзбекистон Фанлар академиясида лаборант сифатида бошлаган. Кейинчалик, 1968–1993 йиллар мобайнида собиқ Тошкент давлат университетида (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишлаб келган.
Олимнинг илмий изланишлари ва жамоатчилик фаолияти, айниқса, ўзбек тилининг мақомини юксалтириш йўлидаги ҳаракатлари билан боғлиқ дейиш мумкин.
Журналист Алишер Рўзиохунов 26 феврал куни 32 ёшида вафот этди.
Алишер Рўзиохунов бир неча йил давомида Ўзбекистоннинг қатор нашрларида фаолият олиб борган. Жумладан, «Kun.uz», «Gazeta.uz», «Bugun.uz» сайтларидаги мақолалари билан омма эътиборига тушган. Рўзиохунов, шунингдек, «Акцент» лойиҳасида ҳам фаолият олиб борган.

«Алишер ҳақиқатда кучли, ноёб журналист эди. Хабарни сеза оладиган, ҳис қила оладиган, яхши фикрлайдиган журналист сифатида билдик.
Шахсан ўзим ҳам журналистика соҳасига Алишердан кейин кириб келганман. «Kun.uz» сайтидаги биргаликда борган фаолиятимизда берган маслаҳатлари, берган билимлари, кўрсатмалари кўп эди. Фаолияти давомида Алишер жуда кўп янги журналистларга устозлик қиларди. Алишер нафақат ўзи кучли журналист эди, балки ўзига ўхшаган кучли журналистларни тарбиялай олиши билан ҳам қобилиятли эди. Масалан, бугун ўзбек журналистикасида манаман деган сўзига эга ёшроқ журналистлардан қайси бирини айтсангиз албатта, улар Алишер билан гаплашган, Алишердан маслаҳат олган, нимадир ўрганган бўлиб чиқади», дея фикр билдирди марҳумнинг дўсти журналист Илёс Сафаров.
Журналист ва блогер Жасур Ҳамроев 5 апрел куни қанд касали туфайли 42 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У «Shov-shuv.uz» лойиҳасига асос солган.

Жасур Ҳамроев 1983 йилда Бухоро вилоятида туғилган. У интернет журналистикаси соҳасида фаолият юритган ва «Shov-shuv.uz» лойиҳасининг асосчиси ҳамда бош муҳаррири бўлган. Унинг бу соҳадаги ютуқлари кенг жамоатчиликка танилган.
Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Яккасарой кенгаши раиси сифатида ҳам фаолият олиб борган. Бу лавозимда жамиятда ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлаш борасида ўз ҳиссасини қўшган.
Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов 6 июн куни 74 ёшида вафот этди
У 1951 йил 6 июн куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1971 йилда чорвачилик механиги сифатида бошлаган. У пахтачилик, ғаллачилик ва чорвачилик соҳаларида фаолият юритиб, деҳқончиликда эски қовун навларини қайта яратиш ва ҳосилдорликни оширишга ҳисса қўшган.

1996 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган, 2002 йилда эса Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Уч марта Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланган ва 2004–2019-йилларда Сенатнинг Аграр, сув масалалари ва экология қўмитаси аъзоси сифатида фаолият олиб борган. 2004 йилдан бошлаб Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши депутати сифатида ҳам хизмат қилган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, фермерлик ҳаракатининг фидойи вакилларидан бири Абдураим Ҳомидов 11 декабр куни 82 ёшида вафот этди
Абдураим Ҳомидов 1943 йилда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Ўз меҳнат фаолиятини 1960 йилда «Ўзбекистон» жамоа хўжалигида механизатор сифатида бошлаган. Кейинчалик ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида фаолият юритган, 2007 йилдан эса «Шаҳанд ҳумо қуши» фермер хўжалиги раҳбари сифатида самарали меҳнат қилган.

Фермерлик ҳаракатининг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири сифатида Абдураим Ҳомидов пахтадан юқори ҳосил олиш борасида ўзига хос амалий мактаб яратган, тажрибаси орқали кўплаб фермер ва деҳқонлар учун намуна бўлган.
Қишлоқ хўжалигига қўшган хизматлари учун у 1993 йилда «Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи», 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2004 йилда эса юртимизнинг олий мукофоти — «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
«Оталар сўзи—ақлнинг кўзи» кўрсатувининг бошловчиси сифатида танилган режиссор Мираббос Мирзааҳмедов 2 ноябр куни 84 ёшда вафот этди
Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Телерадио соҳасидаги ижодий фаолиятини бундан 60-йил муқаддам — 1965 йилда бошлаган.

«Баҳор қайтмайди», «Қалбингга қулоқ сол», «Дунёнинг ишлари», «Инсон садоқати», «Биллур қандиллар», «Эътироф» каби элликдан зиёд видеофилмларни, «Буни ҳаёт дейдилар» туркум кўрсатувларини тасвирга олишда бош-қош бўлган.
Ярим асрдан зиёд вақт мобайнида «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» лойиҳаси режиссори ва бошловчиси сифатида фаолият юритган.
Мираббос Мирзааҳмедов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган.
Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаев 26 август куни 81 ёшида вафот этди
Санъаткор 1944 йилда Бойсун туманида туғилган. Илк меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Болтаев 1968 йилда Термиз давлат педагогика институтида таҳсил олган. У бахшичилик сирларини машҳур устоз Хушбоқ бахши Мардонақуловдан ўрганган.

Шоберди бахши ёшлигидан дўмбира чалишга қизиқиб, етти ёшидан турли термаларни ижро эта бошлаган. Унинг илк термаси «Ойпари», биринчи достони эса «Нурхоннинг ютилиши» бўлган. Кейинчалик «Алпомиш», «Олтин қовоқ», «Кунтуғмиш», «Сулувхон», «Малла савдогар» каби кўплаб достон ва термаларни репертуарига киритган.
У 1983 йил Шахрисабзда ўтган республика бахшилар кўригида 3-ўрин, 1989 йил Деновда 1-ўринни олган. 1990 йил Қозоғистондаги «Олтин олма» фестивалида ҳам тақдирланган. 1991 йил Тошкентда Марказий Осиё бахшилар кўригида олий мукофотга сазовор бўлган.
Шоберди Болтаев 1993 йил Президентнинг фахрий ёрлиғига, 2002 йил «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонига, 2007 йил эса «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор этилган. Унинг «Ойпарча» термаси ва «Малла савдогар» достони китоб ҳолатида нашр этилган.
Ўзбекистоннинг собиқ маданият вазири, археолог Зафар Абдуллаевич Ҳакимов 27 май куни 83 ёшида вафот этди
Зафар Ҳакимов турли йилларда масъул ва раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. У Ўзбекистон Бадиий фондига раҳбарлик қилган, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси ва Президент девони тузилмаларида ишлаган, Маданият вазири, «Ўзтелерадиокомпания» раиси, шунингдек, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» нашриётининг етакчи илмий муҳаррири бўлган.

У тарих, археология ва архитектура йўналишларида 50 дан ортиқ илмий асарлар — мақолалар, монографиялар ва ўқув қўлланмалар муаллифи ҳисобланади. 1970–1979-йилларда совет-афғон археологик экспедисияси таркибида Афғонистон шимолида ўнлаб қадимий воҳа ва манзилларни аниқлаган.
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва дубляж актёри Ёқуб Аҳмедов 30 октябр куни 87 ёшда вафот этди
Машҳур санъаткор 1938 йилнинг 3 январ куни Наманганда таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатгандан сўнг 1958-йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театри актёри, 1992 йилдан эса шу театрнинг директори лавозимида фаолият кўрсатган.

Ёқуб Аҳмедов узоқ йиллар шу ижодий жамоада ишлаш жараёнида 50 дан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. Актёр дастлаб Уйғуннинг «Парвона» асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Муроджон ролини ўйнаган.
Ёқуб Аҳмедовни кенг санъат мухлисларига танитган илк образ — бу Туроб Тўла ссенарийси асосида, режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан 1958 йилда суратга олинган «Фурқат» филмидаги Фурқат образи бўлди. Шундан кейин Ёқуб Аҳмедов кинода 30 га яқин образ яратиб, ўзбек кино санъатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди.
Шунингдек, Ёқуб Аҳмедов «Ўзбекфилм» киностудиясида дубляж қилинган 400 дан ортиқ филмга овоз берган.
Хонанда, Зулфия мукофоти совриндори Ширин Абдуллаева 19 ёшида касаллик туфайли вафот этди
Абдуллаева 2005 йил 14 декабрда Наманган вилояти Наманган шаҳрида туғилган. У тадбиркор Баҳодир Абдуллаевнинг қизи.

2023 йилда санъат йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ширин Абдуллаева Пекиндаги Шинхуа университетида Ижтимоий фанлар йўналишида ўқиётганди. 2024 йилда ўқишини Ўзбекистонга кўчирган. Университет Абдуллаевани «Ўзбекистоннинг Хитойдаги маданият элчиси» дея таърифлаган.
«Шаолин жанг санъатини ўрганган. Рус, хитой, инглиз тилларини мукаммал эгаллаган. Бир қатор киноларда рол ижро қилган. Клиплари интернетда анча танилган. Хитой университетида 100 фоизли грант билан ўқиётганди… Беғубор қиз эди. Ҳамкорликда қўшиқлар яратгандик», — дея таъзия билдирди хонанда ижро этган бир нечта қўшиқларнинг сўзлари муаллифи, шоир Бобур Бобомурод (жумладан, «Ташаккур» қўшиғи).
Футбол фахрийси, жароҳати сабаб 1979 йилги «Пахтакор» ҳалокатидан омон қолган Тўлаган Исоқов 8 ноябр куни 76 ёшида вафот этди.

Тўлаган Исоқов 1949 йил 8 октябрда Янгийўл туманида туғилган. У футболчи сифатида «Пахтакор» жамоаси шарафини 13 мавсум давомида ҳимоя қилган, 252 ўйинда майдонга тушиб, 52 гол киритган.
1979 йилда самолёт ҳалокати рўй беришидан аввал олган жароҳати туфайлигина мураббийлар Исоқовни Минск сафарига олиб кетмасликка қарор қилишган. «Пахтакор» жамоаси ҳалокатидан сўнг футболчилик фаолиятини якунлаган.
У мураббийлик фаолиятида давомида «Пахтакор», «Зарафшон» ва «Сурхон» жамоаларини бошқарган, шунингдек, сўнгги йилларда ЎФА фахрийлар кенгашига раҳбарлик қилиб келаётган эди.
2021 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвонини олган.
Teglar






