Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70 млрд доллардан ошди

Bugun 15:352 daqiqa

Марказий банк захиралари апрел ойида қарийб 2 млрд долларга кўпайиб, 70,9 млрд долларга етди. Март ойида захиралар 8,1 млрд долларга камайганди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70 млрд доллардан ошдиBloomberg | © Bloomberg

2026-йилнинг 1-май ҳолатига кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг олтин-валюта захиралари ҳажми бир ой ичида 69 млрд доллардан 70,9 млрд долларгача ошди. Бу ҳақда регулятор ахборот хизмати хабар берди.

Олтин захиралари қиймати ошди

Захиралар таркибидаги олтин қиймати 743,6 млн долларга ошиб, умумий ҳисобда 61,6 млрд долларни ташкил қилди.

Бироқ ушбу даврда олтиннинг жисмоний ҳажми қисқарган. Хусусан, март ойида 13,4 млн трой унцияни ташкил этган кўрсаткич апрель якунларига келиб 13,3 млн трой унциягача пасайган. Бу эса Марказий банк апрель ойида тахминан 3 тонна атрофида олтин сотган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Апрел ойида олтиннинг бир трой унцияси нархи 1,6 фоизга ошиб, $4 625,8 даражасига етган. Натижада ҳатто жисмоний ҳажм камайган шароитда ҳам олтин активларининг умумий қиймати юқори бўлиб қолган.

Расмий захира таркибидаги бошқа активлар

Марказий банк портфелидаги халқаро қимматли қоғозлар ҳажми апрель ойида ўзгаришсиз қолиб, 1,5 млрд доллар даражасида сақланди.

Шу билан бирга, 2025 йил якунларига кўра мазкур активлар ҳажми кескин ўсган эди. Ўтган йил давомида халқаро қимматли қоғозлар портфели 101,7 млн доллардан 1,5 млрд долларгача кўтарилган.

Хорижий валютадаги захиралар эса 7,6 млрд доллардан 8,7 млрд долларга ошди.

Маълумот учун, март ойида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми кетма-кет етти ой давомида рекорд даражада ўсиб, тарихда илк бор 77 млрд доллардан ошган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 3 ой ичида 25 тонна олтин харид қилиб, жаҳонда энг кўп олтин сотиб олган давлатлар орасида иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70 млрд доллардан ошди | Vaqt.uz