Logo

Хусусий таълим соҳасида сертификатлаш ва ягона қоидаларни жорий этиш таклиф қилинди

Bugun 10:572 daqiqa

Таълим хизматлари соҳасида келиб тушаётган мурожаатларнинг қарийб 96 фоизи хусусий таълим муассасалари фаолиятига тўғри келмоқда. Шу боис Рақобат қўмитаси соҳани тартибга солиш бўйича таклифларини ваколатли органларга юборди.

Хусусий таълим соҳасида сертификатлаш ва ягона қоидаларни жорий этиш таклиф қилинди © uza

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси нодавлат таълим хизматлари бозоридаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини кучайтириш бўйича ваколатли давлат органларига таклифлар киритди.

Қўмита маълумотига кўра, сўнгги уч йилда келиб тушган 103,5 мингта мурожаатнинг 2070 таси таълим соҳасига оид бўлган. Уларнинг қарийб 96 фоизи нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ.

Кўриб чиқилган мурожаатлар натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 1 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб берилган. Фуқаролар асосан таълим сифати пастлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилиши, шартнома шартлари ва маблағни қайтариш тартиби ҳақида етарли маълумот берилмаслиги, муддатли тўлов шартномаларини бекор қилишдаги муаммолар ҳамда рекламадаги ваъдалар бажарилмаслигидан шикоят қилган.

Хориж тажрибаси асосида

Қўмита таъкидлашича, амалдаги қонунчиликда таълим сифати устидан давлат назорати назарда тутилган бўлса-да, нодавлат таълим хизматларини кўрсатишнинг аниқ механизмлари ва пулли таълим хизматлари учун ягона қоидалар мавжуд эмас.

Шу муносабат билан Франциядаги «Qualiopi», Нидерландиядаги «NRTO» ва Швейсариядаги «EduQua» тизимлари ўрганилган. Ушбу мамлакатларда хусусий таълим ташкилотлари махсус аудитдан ўтиб, сертификатланади.

Қўмита ушбу тажриба асосида Ўзбекистонда ҳам хусусий таълим бозорида хизматлар сифатини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш зарурлигини қайд этди.

Қандай таклифлар берилди?

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб қўмита қуйидаги таклифларни берди:

— нодавлат таълим хизматлари учун ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш;

— нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик таълим хизматларини кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

— таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг истеъмолчилар билан муносабатларига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш.

Қўмита тегишли таклифлар ваколатли давлат органига юборилганини маълум қилди. Шунингдек, ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган нодавлат таълим хизматлари рўйхати эълон қилинган эди.

Teglar

Mavzuga oid