
«Yangi bank» омонатчиларининг компенсациясини қайси банк тўлаши маълум бўлди
Компенсация тўловларини тўлаб берувчи агент-банк Омонатларни кафолатлаш агентлиги номидан иш юритади ҳамда омонатчиларни қонунчиликда белгиланган тартибда идентификация қилган ҳолда кафолатланган омонатлар бўйича тўловларни амалга оширади.

Янги банк омонатчиларига компенсация тўлаш бўйича агент-банк сифатида «Biznesni Rivojlantirish banki» белгиланди. Бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, компенсация тўловлари омонатчилар реестри асосида, белгиланган тартибда идентификациядан ўтказиш орқали амалга оширилади.
«Компенсация тўловларини олиш учун Сиздан ҳеч қандай қўшимча тўловлар талаб этилмайди», — дейилади хабарда.
Жисмоний шахс бўлган омонатчилар компенсация маблағларини бир неча усулда олиши мумкин. Хусусан, улар «BRB» мобил иловаси орқали маблағни онлайн тарзда бошқа банк картасига ўтказиш имкониятига эга. Шунингдек, омонатчилар банк хизматлари марказларига мурожаат қилган ҳолда компенсацияни нақд пул шаклида ҳам олишлари мумкин.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун эса тўловлар «Biznesni Rivojlantirish banki»нинг исталган банк хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Улар ушбу банкда ҳисобварақ очиш ёки маблағни бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиш йўли билан компенсацияни қабул қилиши мумкин.
Бундан ташқари, омонатчилар ўз хоҳишига кўра компенсация маблағларини «Biznesni Rivojlantirish banki»нинг омонат маҳсулотларига жойлаштириш имкониятига ҳам эга.
Компенсация тўловларини бошлаш санаси ҳақида қўшимча маълумотлар расмий саҳифалар орқали эълон қилинади. Дастлабки маълумотларга кўра, тўловлар 2026 йил 28 январь санасидан бошланиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарори билан «Yangi bank» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинган эди. Шундан сўнг Омонатларни кафолатлаш агентлиги «Yangi bank» фаолияти тугатилиши муносабати билан жисмоний шахслар ва тадбиркорларнинг 200 миллион сўмгача бўлган омонатлари давлат томонидан тўлиқ қайтариб берилиши ҳақида маълум қилганди. Маълумотларга кўра, «Yangi bank»нинг жами молиявий зарари 171 млрд сўмдан ошган. Йўқотишларнинг катта қисми айнан 2025 йилда шаклланган.





