Етти тилли ўзбек-уйғур дипломати: Япония Марказий Осиёга ўзига хос тарзда яқинлашмоқда
Япония Ташқи ишлар вазири ўринбосари Арфия Эрининг Тошкент ва Остонага ташрифи Токионинг Марказий Осиёга бўлган қизиқиши кучайиб бораётганини кўрсатди.

Мустаҳкам алоқалар
Япония Ташқи ишлар вазири ўринбосари Арфия Эри май ойида Марказий Осиёнинг бир йўла икки давлатида бўлди. У дастлаб Тошкентга сафар қилиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Томонлар икки давлат муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Шундан сўнг япониялик дипломат Остона шаҳрига ташриф буюрди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бакаев музокаралар якуни бўйича томонлар мунтазам мулоқот ва кенг кўламли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканини таъкидлади.
Эрининг ўзи ҳам яқин йиллар ичида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар жадал ривожланишини қайд этди. У икки давлат халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ниятида эканини билдирди.
Оммавий ахборот воситаларининг диққат-марказида эса дипломатнинг келиб чиқиши бўлди. Ўзбек-уйғур оиласида туғилган Арфия Эри Япониянинг туркий илдизларга эга энг кўзга кўринган сиёсатчиларидан биридир. У нафақат япон тилини, балки ўзбек, уйғур, турк, рус, инглиз ва хитой тилларини ҳам билади. Бу эса, шубҳасиз, унинг минтақа бўйлаб сафарларида қўл келмоқда. Тошкентдаги музокаралар чоғида у Президент Шавкат Мирзиёев билан ўзбек тилида суҳбатлашди.

Эрининг ушбу лавозимга тайинланиши Токионинг Марказий Осиё билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш истаги сифатида талқин этилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳатто Япониянинг Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлиши ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Бироқ дипломат буни рад этиб, шунчаки Япониянинг туркий дунё билан мустаҳкам тарихий ва маданий алоқалари борлигига урғу берганини тушунтирди.
Экспертларнинг фикрича, Арфия Эрининг келиб чиқиши кўпроқ ички аудитория учун Япония сиёсатининг очиқлиги ва кўп маданиятлилиги рамзи сифатида хизмат қилади.
«Япония учун бу, албатта, кўп жиҳатдан ички аудиторияга қаратилган воқелик бўлиб, япон сиёсатининг кўп маданиятли эканидан далолат беради. Айниқса, Япониянинг амалда бир миллатли мамлакат эканини инобатга олсак. Аммо унинг уйғур, ўзбек, рус ва бошқа тилларни билиши, шубҳасиз, минтақадаги фаолиятида унга қўл келади», — дейди «Eurasian Expert Council» раҳбари Чингиз Лепсибаев «TRT» билан суҳбатда.
Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Япониянинг Марказий Осиёдаги фаоллигини фақат Эрининг шахсий омилига боғлаб қўйиш нотўғри. Токио минтақани тарихан стратегик муҳим йўналиш деб билади, бироқ Япония сармоялари даражаси ҳозирча нисбатан пастлигича қолмоқда.
Бу ёндашув Япониянинг «Марказий Осиё – Япония» ёки «5+1» форматини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли йўналишига тўла мос келади. Ушбу форматдаги илк саммит 2025 йил 20 декабр куни Токиода бўлиб ўтди. Унга Япония бош вазири Санаэ Такаичи раислик қилди. Учрашувда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этди.

Хомашё ва геосиёсий манфаатлар
Япониянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари фақат дипломатиядан иборат эмас. Токио учун бу минтақа хомашё, энергетика ресурслари ва янги сармоявий имкониятлар манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда Яқин Шарқдаги инқироз фонида японияликларни энергетика соҳаси кўпроқ қизиқтирмоқда. Япония барқарор нефт таъминотига муҳтож: мамлакат аллақачон ўзининг углеводород бўйича стратегик захираларидан фойдаланишга мажбур бўлди. Шу боис Токио Қозоғистон нефтини харид қилишдан манфаатдор.
Бундан ташқари, Токио Марказий Осиёда эндигина жадал ривожлана бошлаётган ноёб металларни қазиб олиш бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда. Бу маънода Қозоғистон Япония учун алоҳида аҳамият касб этади, чунки у ерда ноёб металлар, уран, титан ва бошқа ресурслар захиралари мавжуд.
Бироқ бу қизиқишнинг сиёсий томони ҳам бор. Япония минтақага Пекин билан рақобат майдони сифатида қарайди.
«Япония Осиё-Тинч океани минтақасида, айниқса унинг шимоли-шарқий қисмида Хитойнинг асосий рақобатчиси ҳисобланади. Шунинг учун Токио Пекин Марказий Осиёдан камроқ ресурс олишидан манфаатдор. Хитой ҳам минтақани углеводородлар, газ, нефт ва турли металларнинг муҳим манбаларидан бири сифатида кўради», — деди нашр билан суҳбатлашган сиёсатшунос Талгат Мамирайимов.
Чингиз Лепсибаевнинг қайд этишича, Япония ва Марказий Осиё давлатларининг имкониятлари бир-бирини тўлдиради. Минтақа сармоя ва юқори технологияларга муҳтож бўлса, Япония аҳоли қариши ва ресурслар танқислиги шароитида янги бозорлар ва ёш ишчи кучига эҳтиёж сезмоқда. Бу «win-win», яъни икки томон ҳам ютуққа эришадиган классик ҳолатдир.
Бироқ, асосий тўсиқ бўлиб ҳамон логистика масаласи қолмоқда. Марказий Осиёнинг очиқ денгизга чиқа олмаслиги ва юк ташиш йўналишларидаги сиёсий хавфлар (Россия орқали санкциялар хавфи ёки Хитойнинг чекловлари) ҳамкорлик суръатига таъсир қилмоқда. Агар ушбу транспорт-логистика муаммолари ҳал этилса, ўзаро алоқалар салоҳияти бир неча ўн баробарга ортиши мумкин.





