Тожикистонда тадбиркорлар кўпайди

Bugun 19:192 daqiqa

Энг тез ўсиш патент асосида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Тожикистонда тадбиркорлар кўпайди © Фото: asia+

2026-йилнинг биринчи чорагида Тожикистонда янги тадбиркорлар сони фаолиятини тўхтатган бизнеслардан кўп бўлди: 11,5 мингта янги бизнес рўйхатдан ўтган бўлса, 6,2 мингта тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини тугатган. Бу эса соҳа умумий ўсишини таъминлади. Бу ҳақда Статистика агентлигига таяниб, «Азия плюс» хабар берди.

Мамлакатда фаол якка тартибдаги тадбиркорлар сони 349,7 мингтага етган. Бу ўтган йилга нисбатан 4,3 фоизга кўп. Бу ҳолат мамлакатда кичик бизнес ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ эканини, бир вақтнинг ўзида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам ривожланаётганини кўрсатади.

Ўсиш барча тоифаларда қайд этилди

1

Энг тез ўсиш патент асосида ишловчи тадбиркорлар (+9,5 фоиз) ва алоҳида шартлар бўйича гувоҳнома билан фаолият юритувчилар (+8,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келган. Статистика агентлиги буни шаҳарларда кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси кенгайиб бораётгани билан изоҳлаган.

Тожикистонда кичик тадбиркорлик давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Мамлакатда тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунчилик амал қилади. У бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар, жумладан солиқ имтиёзлари, давлат дастурлари ва молиявий ёрдамни назарда тутади.

Янги 12 млн долларлик дастур

Шунингдек, мамлакатда 2023–2027-йилларга мўлжалланган давлат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилмоқда. У бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.

Дастурнинг умумий молиялаштириш ҳажми тахминан 113 млн сомонини (тахминан 12 млн доллар) ташкил этади. Шундан 19 млн сомони давлат бюджети, қарийб 87 млн сомони ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва 7 млн сомони хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу дастур тадбиркорлар сонини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid