Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараси туташган ҳудудда савдо-иқтисодий парк қурилади

Bugun 19:102 daqiqa

100 гектарлик парк чегара савдоси, инвестиция ва туризмни ривожлантиришга қаратилган стратегик инфратузилма сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараси туташган ҳудудда савдо-иқтисодий парк қурилади © Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараси туташган ҳудудда йирик «Дўстлик» савдо-иқтисодий парки қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа Қирғизистон президенти Садир Жапаровга кеча, 6-май куни Боткен вилоятига ташрифи давомида тақдим этилди. Қирғизистон президенти чегара учрашув нуқтасида жойлашган, 2025-йил 31-март куни очилган «Дўстлик» стеласини ҳам кўздан кечирган.

1

Паркдан нима кўзланган?

Янги парк концепциясига кўра, у 100 гектар майдонда барпо этилади. Унда маъмурий, туристик, логистик, ишлаб чиқариш, савдо ва дам олиш зоналари бўлади. Лойиҳа мақсади – чегаравий савдо-логистика алоқаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва минтақа иқтисодий имкониятларини кенгайтириш.

Тўлиқ амалга оширилса, 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши ва чегара савдоси ҳажми сезиларли ошиши кутилмоқда.

Концепция, шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро маданий тадбирлар, этнофестиваллар ва кўргазмаларни ташкил этишни ҳам ўз ичига олади. Ташаббускорлар фикрича, бу маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ва Буюк ипак йўли тарихий меросини оммалаштиришга хизмат қилади.

Жапаров: статегик аҳамиятга эга лойиҳа

2

Садир Жапаров Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлаган. Унинг айтишича, Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил ривожланиш учун қўшма инфратузилма ва иқтисодий лойиҳалар стратегик аҳамиятга эга.

Шунингдек, у «Дўстлик» халқаро савдо-иқтисодий паркини муваффақиятли амалга ошириш фақат уч давлатнинг яқин ҳамкорлиги шароитидагина мумкинлигини билдирди.

Жапаровнинг қайд этишича, лойиҳа нафақат йирик савдо ва инвестиция майдони, балки Марказий Осиё халқлари ўртасида тинчлик, ишонч ва бирдамлик рамзи ҳам бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid