Европа Тожикистоннинг учта банкини «қора рўйхат»дан чиқарди

Bugun 12:553 daqiqa

Банклар Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда молиявий операцияларга алоқадорликда айбланган эди.

Европа Тожикистоннинг учта банкини «қора рўйхат»дан чиқарди © bankruptcy-ua.com

Еврокомиссия (ЕК) Тожикистоннинг учта банки – «Спитамен Банк», «Душанбе Сити Банк» ва «Коммерцбанк Таджикистана»ни санкциялар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий банки матбуот хизмати маълум қилди.

Регулятор аниқлаштиришича, бу қарор Тожикистон ва Европа ҳамкорлари ўртасидаги музокаралардан сўнг қабул қилинган.

«Ушбу қадам (Тожикистон) банк тизимининг келгусидаги ривожига кучли туртки беради», – дейилади мамлакат Миллий банки баёнотида.

Регулятор Евроиттифоқ қарорини мамлакат вазирликлари ва банкларининг ЕК билан муносабатлари ривожланиши натижаси сифатида баҳолаган.

Банклар нега «қора рўйхат»да бўлган?

Евроиттифоқ Тожикистон кредит ташкилотларини Россияга қарши 19-санкциялар пакети доирасида киритган эди. Банклар Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун молиявий ўтказмаларни амалга ошириш орқали санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берганликда айбланган. Регулятор Миллий банк жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш тизимини кучайтириб бораётганини таъкидлаган.

Еврокенгаш Россияга қарши 20-санкциялар пакетини 23-апрел куни тасдиқлади. Унга учта порт, 46 та танкер, бир нечта криптовалюта платформалари, шунингдек, Россия ҳарбий саноат комплекси билан боғлиқ 58 нафар жисмоний шахс ва компаниялар киритилган.

Ўзбекистондаги икки компанияга санкция

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда фаолият юритувчи икки компания – «Raw Materials Cellulose» ва «Фарғона кимё заводи»га нисбатан санкциялар жорий қилди. Қарорда ушбу корхоналарнинг Россия ҳарбий-саноат комплекси билан эҳтимолий алоқалари қайд этилган.

Маълумотларга кўра, Фарғона кимё заводи пахта селлюлозаси ишлаб чиқаради. Ушбу маҳсулот Россиядаги «Перм порох» ва «Қозон порох» заводларига етказиб берилади. Мазкур корхоналар селлюлозадан порох ва бошқа ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиши таъкидланмоқда. ЕИ баёнотида айтилишича, завод ҳарбий технологиялар таъминоти занжирида иштирок этиш орқали Россиянинг ҳарбий салоҳиятини қўллаб-қувватлаши мумкин. Шу боис, уни санкциялар рўйхатига киритишга қарор қилинган.

Манбаларга кўра, Фарғона кимё заводи тадбиркор Рустам Мўминов назоратида. У аввалроқ, 2025-йил октябр ойидаёқ ЕИ томонидан санкцияланган шахслар рўйхатига киритилган эди.

«Raw Materials Cellulose» компанияси ҳам пахта селлюлозаси ишлаб чиқаради ва уни Россиядаги ҳарбий корхоналарга, жумладан «Тамбов порох» заводига етказиб беради. Бу маҳсулот порох ишлаб чиқаришда қўлланилади. Шу сабабли ЕИ мазкур компанияни ҳам санкциялар рўйхатига қўшди. Қайд этилишича, ушбу корхоналарга аввалроқ Буюк Британия ва Украина томонидан ҳам чекловлар жорий этилган.

Қирғизистонга санкция

Европа Иттифоқи Қирғизистонга нисбатан санкцияларни айланиб ўтишга қарши курашиш механизмини (anti-circumvention tool) қўллади. Европа Комиссияси маълумотларига кўра, энди Қирғизистонга рақамли дастур асосида бошқариладиган дастгоҳлар, шунингдек, маршрутизатор ва коммутаторлар каби телекоммуникация ускуналарини экспорт қилиш бутунлай тақиқланади. Бу қарор мазкур товарларнинг Қирғизистон орқали Россияга реэкспорт қилиниш хавфи юқори экани билан изоҳланмоқда.

Украинада уруш бошланганидан бери Қирғизистон Европадан келаётган санкция остидаги товарлар учун асосий хаблардан бирига айланган эди. Таҳлилларга кўра, Эстониядан Қирғизистонга экспорт ҳажми 10000 фоизга, Финляндиядан 3100 фоизга, Полша ва Германиядан эса 1000 фоиздан кўпроққа ошган. Иқтисодчиларнинг фикрича, Қирғизистон аслида Россияга йўналтирилган Европа экспортининг бош манзилига айланиб қолган.

Санкциялар нафақат товарлар экспортини, балки молиявий тизимни ҳам қамраб олди. Хусусан, Бишкекда рўйхатдан ўтган «TengriCoin» ёпиқ акциядорлик жамияти Европанинг «қора рўйхати»га киритилди. Ушбу компания орқали санкцияларни айланиб ўтиб трансчегаравий ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хизмат қилувчи, рублга боғланган A7A5 стейблкоини савдоси олиб борилган. 2026-йил бошига келиб ушбу инструментнинг айланмаси 100 млрд долларга етган.

Шунингдек, Қирғизистоннинг иккита йирик банки – «Керемет Банк» ва «Капитал Банк» ҳам Европа Иттифоқининг санкцияларига дуч келди.

Таъкидлаш жоизки, ЕИ санкцияларининг 20-пакети фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чекланиб қолмади. Унга Қозоғистон, Хитой, Беларус, Туркия ва БАА компаниялари ҳам киритилган. Европа Иттифоқи Россиянинг «соя флоти»га тегишли 46 та танкер, 12 та нефтни қайта ишлаш заводи ва 20 та йирик банкига нисбатан ҳам қатъий чекловлар ўрнатди.

Teglar

Mavzuga oid