Энди кредит учун картадаги пуллар охиригача ечиб олинмайди
Ўзбекистонда банк карталаридан акцептсиз маблағ ечиб олишда янги тартиб жорий этилди. Энди банклар ҳисобда 1 млн 236 минг сўмдан кам бўлса, қарздорлик учун пул ечиб ололмайди.
© vaqt.uzЭнди Ўзбекистонда банклар мижозлар карталаридаги маблағларни тўлиқ ечиб ололмайди. 15- апрелдан бошлаб, акцептсиз ечиб олиш амалиётида ҳисобда минимал қолдиқ миқдори сақланиши шарт этиб белгиланди. Бу ҳақда Uzcard тўлов тизимининг хабар берди.
Ушбу ўзгаришга мувофиқ, кредитлар, муддатли тўловлар ва микроқарзлар бўйича қарздорликларни сўндириш жараёнида картада камида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари қолдирилиши лозим. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу сумма 1 миллион 236 минг сўмни ташкил этади.
Маълумот учун: акцептсиз ечиб олиш — бу мижознинг ҳар бир операцияни алоҳида тасдиқламасдан, автоматик равишда маблағларни ечиб олиш тизими ҳисобланади. У одатда банклар ва бошқа молиявий ташкилотлар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажаришни таъминлаш мақсадида қўлланади.
Яъни, банклар ҳатто қарздорлик мавжуд бўлган ҳолатларда ҳам фақат белгиланган минимал қолдиқдан ортган қисмини ечиб олиши мумкин бўлади. Бу эса мижозлар картасидаги маблағлар тўлиқ нолга тушиб кетишининг олдини олади.
Шу билан бирга, ушбу чеклов фақат акцептсиз операцияларга тааллуқли бўлиб, агар мижоз тўловни ўзи тасдиқласа, жумладан бир марталик код орқали амалга оширилса, маблағ тўлиқ ечиб олиниши мумкин. Бу ҳолатлар янги тартиб доирасига кирмайди.
Тўлов тизимлари даражасида жорий этилаётган мазкур ўзгаришлар аллақачон техник жиҳатдан амалга оширилган. Айрим банклар мижозларини янги тартиб ҳақида хабардор қилишни бошлаган.
Яқин вақтларда ушбу амалиёт бошқа тўлов тизимларида ҳам жорий этилиши кутилмоқда.





