Ўзбекистонликлар банкларга сотиб олганидан кўра икки баробар кўпроқ валюта сотмоқда
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда аҳоли банкларга 6 млрд доллар миқдорида хорижий валюта сотган бўлса, шу даврда 3,2 млрд доллар чет эл валютаси харид қилинган.

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда аҳоли банкларга сотган валюта миқдори харид қилинган валютага нисбатан анча юқори бўлди. Хусусан, фуқаролар банкларга 6 млрд доллар сотган бўлса, шу вақтда 3,2 млрд доллар валюта сотиб олган. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган “Ички валюта бозори шарҳи”да кўриш мумкин.
Марказий банк маълумотига кўра, аҳолининг валюта операциялари ички бозорда қўшимча валюта манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Сотилган валюта ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробарга ошган. Шу билан бирга, валюта харид қилиш ҳам 31 фоизга кўпайган.
Натижада бозорда ижобий сальдо шаклланди — яъни сотилган ва харид қилинган валюта ўртасида 2,9 млрд доллар фарқ пайдо бўлди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,8 баробар кўп ва миллий валюта

Юридик шахсларнинг валюта бозоридаги ўрни
Корхоналарнинг хорижий валютага бўлган талаби ҳам сезиларли ошган. 2026 йилнинг январь–март ойларида уларнинг валютага бўлган талаби 23 фоизга ўсган, валюта таклифи эса 11 фоизга кўпайган. Бу эса бозорда талаб босими кучайганини англатади.
Экспорт тушумлари валюта манбаи бўлиб қолмоқда. Ушбу даврда экспорт орқали 4,2 млрд доллар валюта келиб тушган ва шундан 2,2 млрд доллари (52 фоиз) ички бозорда сотилган.
Бундан ташқари, банклар хорижий кредитлар ҳисобига 2,3 млрд долларлик валютани бозорга чиқарган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 65 фоизга кўп.
Импорт учун эса асосан ички бозордан сотиб олинган валюта ишлатилган — унинг улуши 66,3 фоизни ташкил этган. Корхоналарнинг ўз валютаси ҳисобига импорт қилиш улуши эса 22 фоиз бўлган.
Сотиб олинган валютанинг катта қисми ишлаб чиқариш учун сарфланган: 47 фоизи ускуналар ва хомашёга, 29 фоизи кредитларни ёпишга, 20 фоизи эса кундалик товарлар ва дори-дармонларга йўналтирилган.

Валюта алмашув курси динамикаси
I чорак давомида доллар курси 1,5 фоизга ошди — 1 доллар 12 025,33 сўмдан 12 210,71 сўмга кўтарилди. Бироқ, апрель ойидан бошлаб доллар яна қадрсизланиб, 12 000 сўмга яқинлашди.
Шу билан бирга, курснинг кунлик ўзгариши (тебранувчанлик) икки баробарга ошган.
Мутахассислар бу ҳолатни иқтисодий фаоллик юқори экани ва импортга эҳтиёж ортиб бораётгани билан изоҳлайди. Яъни корхоналар кўпроқ валюта сотиб олаётгани курсга босим ўтказмоқда.
2026 йилнинг биринчи чорагида валюта курси кунлик ўртача 0,2 фоизга (тахминан 29 сўм) ўзгарган. Ўтган йилда бу кўрсаткич 0,1 фоиз (12 сўм) атрофида бўлган.
Умуман олганда, аҳоли томонидан валюта сотилиши бозорни қўллаб-қувватлаётган бўлса, корхоналарнинг юқори талаби курсга таъсир ўтказишда давом этмоқда.






