
Европа Иттифоқи ўзбекистонлик тадбиркорни жазолади
У бошқарадиган Фарғона кимё заводи Россиянинг қурол ишлаб чиқариш заводларига хомашё етказиб бергани айтилмоқда.

Европа Иттифоқи ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминовни 19-санкциялар пакетига киритди. Брюсселнинг расмий баёнотига кўра, Мўминов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқаролигига эга бўлиб, унинг бизнес фаолияти Россия ҳарбий-саноат соҳасини билвосита қўллаб-қувватлаган.
Маълум қилинишича, Мўминов Фарғона кимё заводини назорат қилади. Корхона пахта целлюлозаси ишлаб чиқаради ва йиллик қуввати 30 минг тоннага етган. Тайёр маҳсулотнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилади. Европа Иттифоқи ушбу корхона маҳсулоти Россиянинг Перм ва Қозон қурол ишлаб чиқариш заводларига етказилгани ва ҳарбий қурол-яроғ ишлаб чиқаришда қўлланганини таъкидламоқда.
Orginfo маълумотига кўра, 2023 йилда Фарғона кимё заводи тўлиқ Mercury Renaissance компаниясига тегишли бўлган. Унинг 60 фоизи Рустам Мўминов, қолган 40 фоизи эса Шахриёр Тожиев томонидан назорат қилинган.
2025 йил баҳорида Украина ҳам ўз санкциялар рўйхатини кенгайтириб, Mercury Renaissance, Фарғона кимё заводи ва Raw Materials Cellulose компанияларини чекловлар остига олган эди. Президент Владимир Зеленский шунингдек, Рустам Мўминовнинг ўзига нисбатан ҳам шахсий санкциялар жорий қилган.





