Венгрияда тарихий сайловлар: Орбан 16 йиллик ҳукмронликдан сўнг мағлубиятга учраши мумкин
12-апрел куни Венгрияда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сўровномаларга кўра, Бош вазир Виктор Орбан бошчилигидаги ҳукмрон «Фидес» партияси асосий мухолифатдаги «Тиса» партиясига имкониятни бой бермоқда.

Сўнгги 16 йил ичида илк бор Виктор Орбаннинг беқиёс ҳукмронлигига жиддий хавф туғилди. Бироқ у осонликча таслим бўлмоқчи эмас. Унинг қўлида сайлов натижаларини ҳал қилиши мумкин бўлган бутун бошли маъмурий ва тарғибот машинаси мавжуд.
VAQT.UZ Орбан қандай қилиб шунча вақт ҳокимиятда қолгани, унинг асосий рақиби кимлиги ва ушбу сайловларда геосиёсатнинг (хусусан, Россия ва Украинанинг) ўрни қандайлигини таҳлил қилади.
Орбан ҳокимиятни қандай ушлаб турди?
2010-йилда ҳокимиятга келган Орбан дарҳол ўзининг узоқ муддатли бошқаруви учун пойдевор яратишга киришди. 2011-йилда амалга оширилган парламент ислоҳоти «Фидес» партиясининг кейинги сайловлардаги доминантлигини таъминлади. Масалан, янги тизим туфайли партия овозларнинг ярмини олса ҳам, парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмига (конституциявий кўпчиликка) эгалик қилиш имконини қўлга киритди.
Шунингдек, режим ўз электоратини кенгайтириш учун қатор тактик юришларни амалга оширди:
«Сайлов туризми» ва хориждаги венгрлар: Қўшни давлатлар (Руминия, Словакия, Украина)да яшовчи 500 мингга яқин этник венгрларга фуқаролик ва овоз бериш ҳуқуқи берилди. Уларнинг 90 фоизи айнан Орбанни қўллаб-қувватлайди.
Ижтимоий популизм ва овоз сотиб олиш: Қишлоқ жойлардаги камбағал аҳолига озиқ-овқат, ўтин ёки тўғридан тўғри пул тарқатиш («картошка тарқатиш» деб ном олган тизим) орқали овозлар йиғилди.
Медиа устидан тотал назорат: Мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларининг 80 фоизи ҳукумат назоратига ўтди. 500 дан ортиқ нашрларни бирлаштирган «KESMA» медиаконгломерати Орбаннинг тарғибот машинасига айланди, мустақил ОАВлар эса молиявий жиҳатдан бўғиб қўйилди.
Инқироз ва мухолифатнинг янги юлдузи
Шундай қудратли тизимга қарамай, «Фидес»нинг позицияси ички муаммолар сабаб ларзага келди. Иқтисодиётда ўсиш паст, бюджет тақчиллиги 5 фоиздан ошган, давлат қарзи эса Европа Иттифоқи (евроҳудудга кирмайдиган давлатлар) ичида энг юқори кўрсаткич (73,5 фоиз)га чиқди. Боз устига, Брюссел Венгрияда қонун устуворлиги бузилгани сабабли 30 млрд евролик молиявий ёрдамни музлатиб қўйди. Жамиятда коррупция ва қариндош-уруғчиликдан норозилик кучайди (Орбаннинг собиқ чилангар дўсти Лёринц Месарош мамлакатнинг энг бой одамига айлангани бунинг ёрқин мисолидир).
Айнан шундай шароитда мухолифатда янги юлдуз порлади — 44 ёшли Петер Мадяр. У узоқ йиллар «Фидес» аъзоси бўлган ва собиқ адлия вазири Юдит Варганинг эри эди. 2024-йил бошида Мадяр юқори мансабдорларнинг жиноятлари ҳақидаги аудиоёзувларни эълон қилиб, мамлакат президентининг истеъфосига сабаб бўлган сиёсий инқирозни келтириб чиқарди.
Шундан сўнг у «Тиса» партиясига етакчилик қила бошлади ва уни саноқли ойлар ичида мамлакатнинг энг йирик сиёсий кучига айлантирди. Мадяр Орбанни ўзининг майдонида доғда қолдирмоқда: у ҳам консерватив қадриятларни ҳимоя қилади, мигрантларга қарши чиқади, аммо коррупцияга қарши шафқатсиз кураш ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни яхшилашни ваъда қилмоқда. Сўнгги сўровномаларга кўра, «Тиса» 49-56 фоиз овоз билан Орбан партиясидан 10-15 фоизга ўзиб кетган.
Сайловларнинг бош мавзуси: Россия ва Украина
Ушбу сайлов кампаниясида ташқи сиёсат ҳал қилувчи қуролга айланди.
Орбаннинг Кремл билан ўта яқин алоқалари Ғарб матбуоти томонидан фош қилинмоқда. Хусусан, Венгрия ташқи ишлар вазири Сийяртонинг россиялик ҳамкасби Лавровга Европа дипломатларининг махфий музокаралари ҳақида маълумот етказгани, шунингдек, Путин ва Орбан ўртасидаги яқин дўстона суҳбатлар стенограммаси тарқалди. Орбанга ёрдам бериш учун Будапештга россиялик сиёсий технологлар келгани ва Кремлнинг «Шторм-1516» дезинформация гуруҳи Мадярга қарши фейклар тарқатаётгани айтилмоқда.
Орбан эса ўз электоратини қўрқитиш тактикасидан фойдаланмоқда. У мухолифат етакчисини Украина президенти Владимир Зеленскийнинг иттифоқчиси сифатида кўрсатиб, «Агар Мадяр ютса, Венгрия урушга тортилади», деган қўрқувни сингдирмоқда. Кўчалардаги баннерларда Зеленскийнинг кулиб турган юзи туширилиб, «Зеленскийнинг охирги бўлиб кулишига йўл қўйманг!» деган шиорлар осилган. Шунингдек, Орбан Украина орқали ўтувчи «Дўстлик» нефт қувурини рўкач қилиб, Киевни Венгриянинг энергетик хавфсизлигига таҳдид қилишда айбламоқда ва ЕИнинг Украинага ёрдам пакетларини блоклашда давом этмоқда.
Орбанни қўллаб-қувватлаш учун Будапештга ҳатто АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам ташриф буюриб, ЕИ бюрократларини Венгрия иқтисодиётини йўқ қилишга уринишда айблади.
Орбан ютқазса, Венгрия ўзгарадими?
Агар 12-апрел куни мухолифат мўъжиза яратиб ғалаба қозонган тақдирда ҳам, мамлакат сиёсий курсининг кескин ўзгаришини кутиш қийин.
Биринчидан, «Тиса» партияси парламентда конституциявий кўпчиликни (2/3 қисм) қўлга кирита олмаслиги аниқ. Иккинчидан, мамлакатдаги энг муҳим назорат органлари — Бош прокуратура, Конституциявий суд, Омбудсман ва ҳатто мамлакат Президенти лавозимларида Орбаннинг содиқ одамлари ўтирибди. Улар янги ҳукуматнинг ҳар қандай ислоҳотини осонликча блоклаши мумкин.
Учинчидан, медиамакон ҳамон Орбан тарафдорларининг қўлида қолади. Бундан ташқари, янги ҳукумат улкан бюджет тақчиллиги билан юзма-юз келади.
Хулоса қилиб айтганда, Виктор Орбан сайловда ютқазган тақдирда ҳам, унинг 16 йил давомида яратган қудратли тизимини демонтаж қилиш жараёни жуда узоқ, мураккаб ва оғриқли кечади.





