«Uzcard» акциядорларига 55 млн доллар дивиденд тўлайди

Bugun 15:521 daqiqa

Компания 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олганди. I чоракда эса фойда 437 млрд сўмни ташкил қилган.

«Uzcard» акциядорларига 55 млн доллар дивиденд тўлайди © Uzcard

2026 йилнинг 25 май куни «Ягона умумреспублика процессинг маркази» — Uzcard акциядорлари йиғилиш ўтказди.

Унда акциядорлар учун 2026 йилнинг I чорагидаги соф фойданинг 250 млрд сўм миқдоридаги бир қисмини ва олдинги йиллардаги сақланиб қолган фойданинг 415 млрд сўм миқдоридаги бир қисмини дивидендлар тўлаш белгиланди.

Шу тариқа оддий акциялар бўйича тўланадиган умумий дивиденд 665 млрд сўмни ёки чет эл валютасида қарийб 55 млн долларни ташкил қилади.

Ҳар бир акция учун дивиденд миқдори — 13 300 сўм. Дивидендлар тўловини 2026 йил 25 майдан бошлаш ҳамда уларни тўлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб 60 кун ичида якунлаш белгиланди.

Маълумот учун, Uzcard 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олганди. Фойда бўйича компания мамлакатдаги аксарият банклардан олдинда бўлганди. Жорий йилнинг I чорагида 437 млрд сўмни ташкил қилганди.

Uzcard тўлов тизимининг 75 фоиз улуши «IMC-Capital» МЧЖ хорижий корхонасига тегишли. Қолган 25 фоизига Камрон Акбаров эгалик қилади.

«IMC-Capital» Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган Berill Holding Company Limited томонидан бошқарилади.

Аввалроқ Click тўлов ташкилоти акциядорларига ҳар икки ойда дивиденд тўлагани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid