Туркманистон интернет-трафикни марказлашган тарзда бошқаришга интилмоқда
Туркманистонда VPN ва хорижий платформаларга чекловлар кучайиб бораётган бир пайтда, Туркманобод аҳолиси янги «Ethernet» интернет тармоғига ўтказилмоқда.
© hronikatm.comТуркманободда абонентларни ADSL-интернетдан «Ethernet» уланишига ўтказиш бошланди, деб хабар берди «Хроника Туркменистана».
Электр алоқа ходимлари эски кабелларни алмаштириб, хонадонларга янги линиялар тортмоқда. Ишлар бепул амалга оширилмоқда, аммо янги тизимга уланиш учун фойдаланувчилар роутерни ўзлари сотиб олиши керак. Шаҳар бозорларида мос роутерлар нархи 500–600 манатни (тахминан 300-350 доллар) ташкил қилади.
ADSL vs «Ethernet»
Сўнгги бир неча йил давомида мамлакатда GPON – оптик толали алоқа технологияси босқичма-босқич жорий этилаётгани расман маълум қилинган эди. Бироқ Туркманободда айнан «Ethernet» тармоқлари тортилмоқда.
Ҳозир қўлланилаётган ADSL тизими телефон линиялари орқали ишлайди ва эскирган технология ҳисобланади. Бундай интернет тезлиги мис кабеллар ҳолатига кучли боғлиқ бўлиб, одатда кечқурун тармоқ юкламаси ошганда пасаяди.
«Ethernet» эса ADSLга нисбатан барқарорроқ уланиш ва юқорироқ маълумот узатиш тезлигини таъминлайди. Шу билан бирга, GPON янада замонавий технология ҳисобланади, чунки у оптик толали линиялардан фойдаланиб, анча юқори интернет тезлигини таъминлай олади.
Янги тизимга ўтиш нафақат тармоқни модернизация қилишга уриниш, балки Туркманистонда VPN-хизматлари ва қатор хорижий интернет-платформалар блокланаётган бир пайтда интернет-трафикни янада марказлашган тарзда бошқариш вазифалари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.





