Logo

Аҳоли қарзи, электромобилга субсидия ва қимматлашган кўмир | «Аввал иқтисод»

Bugun 15:556 daqiqa

«Аввал иқтисод» дастурининг 21-сонида тадбиркорларнинг асосий муаммоларидан бири — тенг имкониятлар йўқлиги, аҳоли қарздорларининг 9 миллиондан ошгани, электромобиль субсидияси ва энергетика бозоридаги рақобат масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда аҳоли ва бизнеснинг харажатлари ошиб бораётган бир пайтда иқтисодиётдаги бир нечта оғриқли нуқта яна кун тартибига чиқди. Тадбиркорлар инвестиция қилишдан тийилмоқда, қарзни ундириш қийинлашмоқда, қарздорлар 9 миллиондан ошган. Бу орада кўмир нархи 2,1 бараварга қимматлашди, электромобиль харидорларига эса бюджет ҳисобидан субсидия бериш таклиф қилинмоқда.

«Аввал иқтисод» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров билан шу масалаларнинг сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинди.

Бизнес бугун билан яшаяптими?

Тадбиркорлар куни арафасида 5 мингдан ортиқ тадбиркор ўртасида ўтказилган сўров бизнесдаги кайфиятни баҳолаш учун муҳим сигнал берди.

Сўров натижаларига кўра, тадбиркорларнинг 40 фоизи сўнгги бир йил давомида умуман инвестиция киритмаган. 51 фоиз корхонада янги маҳсулот, хизмат ёки инновация жорий қилинмаган. Деярли учдан бир тадбиркорнинг келаси йил учун режаси йўқ.

Бу рақамлар бизнеснинг фақат бугунги харажат ва тушум билан кун кўраётганини кўрсатади.

«Ким инвестиция киритмайди? Эртанги кунга ишончи йўқ бўлган тадбиркор», — деди Отабек Бакиров.

Тадбиркорларнинг 53 фоизи маҳсулот ва хизматлар таннархи ошганини билдирган. Бунда энергетика, ёқилғи ва логистика асосий босим қилаётган омиллар сифатида кўрсатилмоқда.

Яъни бизнеснинг муаммоси фақат солиқ ёки кредитда эмас. Ишлаб чиқаришнинг ўзига керак бўлган ресурслар қимматлашмоқда, электр таъминотидаги узилишлар ва олдиндан тўлов талаблари айланма маблағга босим қилмоқда.

Қарз қайтмаса, иқтисодий занжир узилади

Бизнесдаги яна бир катта муаммо — қарз ундириш.

Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 73 фоизи мажбурий ижро билан боғлиқ бюрократик жараёнлар бизнесга салбий таъсир қилаётганини билдирган.

Қарзнинг қайтмаслиги оддийгина икки томон ўртасидаги муаммо бўлиб қолмайди. Тадбиркор маҳсулотини етказиб беради, аммо пулини ололмайди. Натижада унинг айланма маблағи музлаб қолади. Янги хомашё харид қилиш, иш ҳақи тўлаш ёки кейинги ишлаб чиқариш циклини бошлаш қийинлашади.

Масалан, 1 миллиард сўмлик айланма маблағга эга корхонанинг 300–400 миллион сўми дебитор қарзга айланиб қолса, бу корхонанинг бир неча ойлик фаолиятини хавф остида қолдириши мумкин.

«Занжир узилади, яъни ишлаб чиқариш цикли узилади», — деди Бакиров.

Қарз ундиришнинг қийинлашиши кредит нархига ҳам таъсир қилади. Қарздорлик хавфи ошган сари банк ва бошқа кредиторлар ўз хавфини кредит нархига қўшади. Охир-оқибат бу харажат маҳсулот ва хизматлар нархига бориб тушади.

Муаммо фақат бизнес билан чекланмайди. Аҳолининг банклар, микромолия ташкилотлари ва бошқа кредиторлар олдидаги қарздорлиги ҳам тез ўсмоқда.

9 миллиондан ортиқ қарздор: энди эски усуллар етадими?

Аҳолининг қарз юки дастурдаги энг жиддий мавзулардан бири бўлди.

Сенатдаги йиғилишда қарздорлар сони 9 миллиондан ошгани маълум қилинган. Бундай миқёсдаги қарздорликни фақат телефон қилиш, уйига бориш ёки мавжуд ижро механизмлари орқали ундириш тобора қийинлашмоқда.

Бу ерда икки хил муаммони ажратиш керак.

Бир томонда даромади етарли бўлмагани учун қарз олишга мажбур бўлган одамлар бор. Иккинчи томонда эса бир вақтнинг ўзида бир нечта банк, микромолия ташкилоти ва бошқа кредиторлардан қарз олиб, уларни қайтариш имкониятига эга бўла туриб мажбуриятларини бажармаётган қарздорлар мавжуд.

Шу сабабли қарздорлик бозорида янги институтлар ва аниқ қоидалар зарурати пайдо бўлмоқда.

«Ҳамма нарсани ўзининг номи билан атайлик ва қонунчиликда айтайлик, рухсат берайлик», — деди Бакиров коллекторлик институтлари ҳақида.

Гап қарздорларни жазолашнинг ўзида эмас. Масала қарзни ундиришнинг қонуний, шаффоф ва назорат қилинадиган механизмини яратишда.

Электромобилга субсидия: кимнинг ҳисобидан?

Аҳоли қарз юкини кўтараётган, ижтимоий харажатлар ва бюджет имкониятлари муҳокама қилинаётган бир пайтда қиммат электромобиллар учун давлат субсидияси таклифи ҳам саволларни юзага келтирмоқда.

Таклифга кўра, қиймати 1 000 БҲМгача бўлган электромобиллар учун 300 миллион сўмгача кредитнинг 8 фоизгача бўлган фоиз харажатларини бюджет ҳисобидан қоплаш режалаштирилмоқда.

Электромобиллаштиришнинг ўзи муаммо эмас. Масала — давлат бу жараённи қандай молиялаштириши кераклигида.

Агар электромобиль сотиб олаётган фуқаронинг кредит фоизини давлат қопласа, бу маблағ барибир умумий бюджетдан чиқади. Яъни электромобиль минмайдиган солиқ тўловчи ҳам ушбу субсидияни молиялаштиради.

«Ўзбекистонни электромобиллаштириш давлат сиёсати бўлиши керак. Лекин бунақа йўл билан эмас», — деди Бакиров.

Яна бир савол бор: ушбу имтиёзнинг асосий фойдаланувчилари ким бўлади?

Қонун лойиҳасида белгиланган мезонлар айрим маҳаллий компаниялар ишлаб чиқараётган ёки импорт қилаётган электромобилларга мос келиши мумкин. Шунинг учун субсидия жорий этилишидан олдин унинг бюджетга юкламаси, бозордаги рақобатга таъсири ва ундан ким қанча манфаат кўриши очиқ ҳисоблаб чиқилиши керак.

Акс ҳолда экологик сиёсат сифатида бошланган чора айрим компаниялар ва юқори даромадли харидорларни бюджет ҳисобидан қўллаб-қувватлаш механизмига айланиб қолиши мумкин.

Кўмир қимматлашди, қиш эса яқин

2026 йил 1 июндан кўмир нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди. Натижада кўмир нархи 2,1 бараварга ошди.

Бу оддий статистик ўзгариш эмас. Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари кўмир нархининг ўсиши юз минглаб оилаларнинг харажатларига бевосита таъсир қилиши мумкин.

Айниқса 100 дан ортиқ туманда уйларни иситишда кўмир муҳим ёқилғи ҳисобланади.

Шу сабабли нарх эркинлаштирилгани билан бирга бозорнинг ўзи ҳам ишлаши керак: етарли таклиф, реал рақобат ва сифат назорати бўлмаса, нархнинг эркинлиги истеъмолчи учун шунчаки қимматлашувга айланади.

Муаммо кўмир таъминоти тизимида ҳам бор.

Платформага ҳар бир вилоятдан камида учта хусусий компанияни киритиш режалаштирилган. Аммо улар бир-биридан мустақил бўлмаса, учта компания бўлгани билан ҳақиқий рақобат пайдо бўлмайди.

Бундан ташқари, платформага кириш учун омбор, темирйўл инфратузилмаси, автотарози ва автойўклагич каби талаблар қўйилмоқда. Бу талаблар кичик сотувчиларнинг бозорга киришини қийинлаштириши мумкин.

Натижада давлат нархни белгиламайди, лекин бозорга ким кира олишини белгилаш орқали нарх шаклланишига билвосита таъсир қилади.

«Мен давлат нарх ўрнатиб берсин деган нарсани айтмаяпман. Мен айтяпман, давлат рақобат муҳитини таъминлаб берсин, тенг имкониятларни таъминлаб берсин», — деди Бакиров.

Энергетика: нархдан кўра тизим муҳимроқ

Энергетика масаласи дастурдаги деярли барча мавзуларни бир-бирига боғлаб туради.

Электр узилиши — бизнес учун йўқотиш. Олдиндан тўлов — айланма маблағнинг музлаши. Қиммат ёқилғи — таннархнинг ошиши. Электр энергияси бозорида турли ишлаб чиқарувчилардан кескин фарқ қиладиган нархларда харид қилиш эса тизим самарадорлиги бўйича саволлар туғдиради.

Шу сабабли масала фақат тарифни ошириш ёки пасайтиришда эмас, электр энергияси бозорини қандай ташкил этишда.

Бакиров 2026 йилдан электр энергияси нархларини бозор ва биржа механизмлари орқали шакллантириш режасига қайтиш зарурлигини айтди.

Яна бир таклиф — йирик корхоналар учун соатбай тарифларни жорий этиш.

Қуёш ва шамол энергетикасининг улуши ошгани сари электр энергиясининг таннархи кун давомида бир хил бўлмайди. Кундузи қуёш генерацияси юқори бўлган пайтда электр арзонроқ, кечқурун эса қуёш ишламагани учун қимматроқ бўлиши мумкин.

Йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг энергия талабини кундузги соатларга кўчириш электр тизимидаги юкламани камайтириши ва корхоналар учун харажатларни пасайтириши мумкин.

Муаммоларнинг умумий нуқтаси — тенг имконият ва очиқлик

Тадбиркорларнинг инвестиция қилмаётгани, қарзларнинг қайтмаётгани, электромобилларга субсидия бериш таклифи, кўмирнинг қимматлашуви ва энергетикадаги муаммолар бир-биридан алоҳида кўринса-да, уларнинг ортида умумий масала турибди.

Бозор қоидалари ҳамма учун бир хил ишлаяптими?

Гап фақат айрим тармоқлардаги харажатларнинг қимматлигида эмас, рақобат шартларининг ҳамма учун бир хил эмаслигида. Бир тадбиркор арзон энергиядан фойдаланиб, харажатини пасайтирса, бошқаси қиммат ёқилғига мажбур бўлса, улар бир хил шароитда рақобатлаша олмайди. Кимдир давлат имтиёзлари ва маъмурий имкониятлардан фойдаланиб, бозорда устунликка эга бўлса, бошқа тадбиркор бундай имкониятсиз қолса, тенг рақобат бузилади. Қарз мажбуриятларини ундириш самарали ишламаса, бу ҳам бизнес ўртасидаги ишончни сусайтиради. Бюджет маблағлари эса айрим истеъмолчилар ёки компанияларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилганда, бу харажат охир-оқибат барча солиқ тўловчилар зиммасига тушади.

Шунинг учун «Аввал иқтисод» дастурида кўтарилган масалаларнинг асосий саволи битта: давлат иқтисодиётдаги муаммоларни навбатдаги имтиёз ва маъмурий қарорлар билан ҳал қиладими ёки рақобат, очиқлик ва тенг имкониятларга асосланган тизим яратадими?

Дастурда кўтарилган масалаларнинг умумий хулосаси шу: иқтисодиётда «осон ечимлар» тобора камаймоқда. Энди алоҳида соҳаларга чуқур кириб, муаммонинг илдизини топиш ва тизимли ечим яратиш талаб қилинади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 183

Barchasi

Mavzuga oid