Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича конгресс 2031-йилда Ўзбекистонда ўтказилади
Абу-Дабидаги конгрессда трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари кўриб чиқилди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliАбу-Дабида ўтказилаётган Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгресс иштирокчилари навбатдаги анжуманни 2031-йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг ёзишича, мазкур ташаббус барча иштирокчи давлатлар томонидан маъқулланган ва конгресснинг якуний декларациясида ўз аксини топган. Конгрессда трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари кўриб чиқилди.
Анжуман доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди. У Ўзбекистон мазкур тузилма билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганини айтди.
Мирзиёева навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш қарорини мамлакатга билдирилган юксак халқаро ишонч рамзи сифатида баҳолади.
«Олдинда беш йиллик тайёргарлик даври турибди. 2031 йилда мамлакатимиз бутун дунёдан келадиган делегатларга мезбонлик қилади», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент администрацияси раҳбари Намангандаги 5 ёшли қиз билан боғлиқ жиноят юзасидан қонунчиликни кучайтириш таклифи тайёрланаётганини билдирганди.





