Logo

Beeline Қозоғистондаги OLX платформасини 81 млн долларга сотиб олди

Kecha 13:352 daqiqa

Эълонлар платформаси «Beeline»нинг рақамли хизматлари қаторига қўшилади. Ойига қарийб 9 млн киши фойдаланадиган OLX мамлакатдаги фаол интернет аудиториясининг ярмидан кўпроғини қамраб олади.

Beeline Қозоғистондаги OLX платформасини 81 млн долларга сотиб олди © Sun'iy intelekt

«Beeline Kazakhstan»нинг бош компанияси VEON Қозоғистондаги OLX платформасини бошқарувчи «OLX Group» компаниясининг 100 фоиз улушини «OLX Global»дан сотиб олган.

Битим 2026-йил 6-ноябрда тегишли рухсатлар олингач якунланган. Бу ҳақда VEON хабар берди.

Келишув қиймати 81 млн долларни ташкил этган. Бу суммага битим якунида ҳисобланган қарийб 6 млн долларлик тузатишлар ҳам киритилган.

OLX Қозоғистонда товарлар, хизматлар, кўчмас мулк ва автомобиллар ҳақидаги эълонларни жойлаштириш имконини беради. Платформадан ойига қарийб 9 млн киши фойдаланади. Бу мамлакатдаги фаол интернет аудиториясининг 52 фоизидан кўпроғига тенг. Компаниянинг йиллик тушуми эса 28 млн доллардан ошади.

OLX VEON экотизимига қўшилади

VEON OLX’ни ўзининг рақамли хизматлари экотизимига интеграция қилишни режалаштирмоқда. Бу экотизим молиявий хизматлар, кўнгилочар маҳсулотлар, тиббиёт, таълим ва бизнес учун ечимларни қамраб олади.

Компания сўнгги йилларда бошқа бозорларда ҳам рақамли хизматлар йўналишини кенгайтирган. Хусусан, Украинада «Uklon» такси хизмати ва «Tabletki.ua» тиббиёт платформасини, Покистонда эса «TPL Insurance» суғурта компаниясини ўз портфелига қўшган.

VEON маълумотларига кўра, 2026-йилнинг иккинчи чорагида компаниянинг рақамли хизматларидан фойдаланувчилар сони 227,7 млн кишига етган. Ушбу йўналишдан тушган даромад бир йил ичида 53,6 фоизга ошиб, гуруҳ умумий даромадининг чорак қисмидан кўпроғини ташкил қилган.

Ўзбекистонда ҳам TBC OLX’ни сотиб олган

Қозоғистондаги битимдан аввал Ўзбекистондаги OLX платформаси ҳам «TBC Bank Group» томонидан сотиб олинганди. 2025-йилнинг августида бу борада келишувга эришилган, 2026-йилнинг июнида эса Рақобат қўмитаси TBC гуруҳига алоқадор  «Tapuz Limited» компаниясига OLX’нинг 100 фоиз улушини сотиб олишга розилик берган.

Қўмита харидга айрим шартлар билан рухсат берган. Хусусан, OLX фойдаланувчилари тўловларни фақат «TBC Bank» ёки «Payme» орқали амалга оширишга мажбур қилинмаслиги, бошқа тўлов хизматларига ҳам тенг имконият яратилиши керак. Шунингдек, платформада йиғилган маълумотлардан рақобатни чеклаш учун фойдаланиш тақиқланган.

Teglar

Mavzuga oid

Beeline Қозоғистондаги OLX платформасини 81 млн долларга сотиб олди | Vaqt.uz