«Imarat Development» можароси: Шаҳзода Муҳаммедова нималарни ошкор қилди?
«Imarat Development» атрофидаги можаро янги босқичга чиқди. Марат Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи Шаҳзода Муҳаммедова икки қисмли видеомурожаат билан чиқиб, компания ичидаги келишмовчиликлар, Жасур Азизовга нисбатан даъволар ва оиласининг бизнесдаги иштироки ҳақида гапирди. У таъсисчилар ўртасидаги суҳбатлардан аудиоёзувларни ҳам еълон қилди. Хўш, бу ёзувларда нималар айтилган ва уй-жой учун пул тўлаган харидорларнинг тақдири нима бўлади?
Харидорлар норозилигидан таъсисчилар низосигача
«Imarat Development» бренди остида бир нечта турар жой лойиҳалари таклиф қилинган. Харидорларни, асосан, нисбатан арзон нархлар ва қулай тўлов шартлари жалб қилган. Бироқ кейинчалик айрим фуқаролар қурилиш муддатлари чўзилаётгани, хонадонлар ўз вақтида топширилмаётгани ва шартномани бекор қилганда тўланган пулни қайтариш қийинлашаётганидан шикоят қила бошлади.
«Sergeli City» ва «Tuzel Park» лойиҳалари бўйича ҳам харидорларнинг эътирозлари, қурилиш жараёни ва ҳужжатларга оид саволлар кўтарилди. Айрим обйектларда қурилиш назорати билан боғлиқ камчиликлар аниқлангани, баъзи ишларга вақтинча чеклов қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бу лойиҳалар билан боғлиқ муҳим жиҳатлардан бири шуки, «Imarat Development» номи остида реклама қилинган барча объектларни битта юридик шахс қурмаган. Масалан, «Sergeli City» лойиҳасида «Transport Free Group», «Tuzel Park»da esa «Perfect Mansions» қурувчи сифатида кўрсатилган.
Компания атрофидаги муаммолар фақат 2026-йил кузида пайдо бўлмаган. Харидорларнинг қурилиш муддати, шартнома шартлари ва тўланган маблағларни қайтариш бўйича еътирозлари аввалроқ ҳам мавжуд эди. Кейинчалик можаро қурилишдаги муаммолардан ташқари компания ичидаги бошқарув ва таъсисчилик муносабатлари билан ҳам боғлиқ тус олди.
2026-йил октябрида келишмовчиликлар очиқ тус олди. Савдо офисидаги «Imarat» ёзуви «Imtiyoz»га алмаштирилди. Марат Ҳамдамов еса компаниядаги ўрни, лойиҳаларни бошқариш ва айрим қарорлар унинг розилигисиз қабул қилинаётгани юзасидан эътироз билдирди.
29-октябр куни таъсисчилар ўртасидаги можаро кескинлашди. Баҳс марказида компанияни ким бошқариши, лойиҳалар бўйича қарорларни ким қабул қилиши, янги инвесторлар ва харидорлар олдидаги мажбуриятлар турарди. Ҳамдамов ўз чиқишларида компаниянинг айрим лойиҳаларида улуши борлигини ва харидорлар олдидаги мажбуриятлар бажарилишидан манфаатдор еканини билдирган.
1-ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ «Imarat Development» раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик ҳамда 192¹¹-моддаси — нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Иш доирасида икки киши, жумладан, Марат Ҳамдамов ушланди. 2-ноябр куни суд унга нисбатан қамоққа олиш еҳтиёт чорасини қўллади.
Шаҳзода Муҳаммедова қандай даъволарни илгари сурди?
Шу вазиятда Шаҳзода Муҳаммедова икки қисмли видеомурожаат билан чиқди. У биринчи мурожаатини турмуш ўртоғи Марат Ҳамдамовнинг компаниядаги ҳақиқий ўрни ҳақида гапиришдан бошлади. Унинг айтишича, Ҳамдамов компаниянинг шунчаки реклама юзи бўлмаган: у инвестор сифатида қатнашган, уй-жой савдоси билан шуғулланган ва қурилиш обйектларини бошқаришда ҳам иштирок етган.
Муҳаммедова ўзини ҳам компаниянинг оддий реклама вакили сифатида кўрсатиш нотўғри еканини айтди. Унинг таъкидлашича, компаниянинг омма олдидаги юзи ўзи бўлган, Ҳамдамов еса бизнес жараёнларида бевосита қатнашган. Шу тариқа у жамоатчиликда шаклланган «Марат компаниянинг фақат юзи бўлган» деган тасаввурга қарши чиқди.
Шаҳзода Муҳаммедованинг энг жиддий даъволаридан бири компания маблағлари билан боғлиқ бўлди. У Жасур Азизов, бош ҳисобчи сифатида тилга олинган Ҳилола ва бошқа шахсларни компанияга тушган пулларни Азизовнинг қариндошлари ҳисобварақларига ўтказишда айблади. Муҳаммедованинг айтишича, бу ҳолатларга оид материаллар унинг қўлида бор ва улар тегишли давлат органларига топширилган.
Видеомурожаатда Муҳаммедова оиласининг мол-мулки ва хориждаги ҳаёти ҳақида тарқалган гапларга ҳам жавоб берди. Унинг айтишича, фойдаланиб юрган автомобили ҳам тўлиқ ўз номига ўтказилмаган, Дубайдаги уй эса унинг ёки турмуш ўртоғининг эмас, Жасур Азизовнинг номига расмийлаштирилган. Актриса турмушга чиқишидан олдин ҳам моддий жиҳатдан яхши оилада вояга йетганини, айрим даврларда еса турмуш ўртоғига молиявий ёрдам берганини айтди.
Муҳаммедова компания номининг ўзгариши масаласига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, Жасур Азизов бир неча бор Марат Ҳамдамовга компания номини ўзгартиришни таклиф қилган. Бунга давлатдан кредит олиш имкониятларини яхшилаш билан боғлиқ сабаблар келтирилган. Муҳаммедованинг талқинига кўра, ном ўзгаргач, Ҳамдамовнинг компаниядаги ҳақиқий ўрни ҳам бошқача кўрсатилган. У буни турмуш ўртоғини бизнесдан четлаштиришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади.
Шаҳзода харидорларнинг норозилигини ҳам алоҳида тилга олди. У уй олиш учун йиллар давомида пул йиғган, ижарада яшаб бўлса ҳам хонадон сотиб олишга ҳаракат қилган фуқароларнинг аҳволини тушунишини айтди. Унинг асосий еътирози — компаниядаги муаммолар учун барча жавобгарлик Марат Ҳамдамов зиммасига юкланаётгани. Муҳаммедованинг даъвосига кўра, турмуш ўртоғи айрим воқеалар юзасидан давлат органларига кўрсатма бермоқчи бўлган, бироқ бунга тўсқинлик қилинган.
У Ҳамдамов давлатдан ёки компаниядан ортиқча пул олиб чиқмаганини ҳам таъкидлади. Мурожаатининг якунида еса уй олганлар хонадонларини олиши, шартномани бекор қилмоқчи бўлганларга пуллари қайтарилиши кераклигини айтиб, харидорлардан узр сўради. Аммо бу ваъдалар ҳозирча Муҳаммедованинг шахсий баёноти.
Аудиоёзувларда нималар муҳокама қилинган?
Шаҳзода Муҳаммедова иккинчи видеомурожаатида компания иштирокчилари ўртасидаги суҳбатлардан олинган аудиоёзувларни эълон қилди. Ёзувлардан бирида Жасур Азизов компаниядан чиқиб кетиш, ўз улушини сотиш ва бизнесдаги чарчоқ ҳақида гапиради. У муносиб таклиф бўлса, улушини сотиб, бизнесдан кетишга тайёрлигини билдиради. Суҳбатда компаниянинг қарзлари, молиявий аҳволи ва ўзига керак бўлган тинчлик ҳақида ҳам сўз боради.
Кейинги ёзувда Марат Ҳамдамов қурилиш лойиҳалари учун яна банк кредитлари олинишига қарши еканини билдиради. Унинг айтишича, аввалги кредитлар бўйича тўловларни амалга оширишда иштирок етган ва енди янги қарзлар ҳисобидан муаммоларни ёпиш харидорлар учун хавф туғдириши мумкин. Ҳамдамов, хусусан, «Sergeli City» ва «Чортоқ» лойиҳаларидаги кредит мажбуриятлари ҳақида гапириб, аввало мавжуд маблағлар ва олдинги мажбуриятлар ҳисоб-китоби аниқ бўлиши кераклигини таъкидлайди.
Ҳамдамов аудиоёзув давомида Жасур Азизовнинг укаси Жаҳонгир Азизов янги инвестор келгани ҳақидаги гапларга эътироз билдиради. У инвестор сифатида тилга олинаётган шахснинг аввалги лойиҳаларидаги фаолиятини шубҳа остига қўйиб, Қаршидаги қурилишлар ва «Tuzel Park»даги ишлар бўйича эътирозларини билдиради. Жасур Азизов эса жавобида лойиҳалар қурилмай қолган тақдирда ҳужжатлар бўйича ким масъул бўлса, ўша жавоб беришини айтади. Унинг таъкидлашича, компаниянинг ҳужжатлари ва асосий мажбуриятлари ўз зиммасида.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Марат Ҳамдамовга тегишли экани айтилаётган яна бир аудиоёзув тарқалди. Унда сўзловчи компаниядан чиқиш шартларини муҳокама қилиб, суҳбатдошидан «Yangi Bristol» лойиҳаси, Дубайдаги уй ва аввал ваъда қилинган автомобил масаласини ҳал этишни сўрайди. У ҳозирча мижозлар билан юзма-юз гаплаша олмаслиги ва офисга боришга уялаётганини ҳам айтади.
Ёзувнинг давомида мавжуд обйектларни аввал эгаларига топшириш, шундан кейин бренд номини босқичма-босқич ўзгартириш таклифи билдирилади. «Imarat» фаолиятини якунлаб, ишни бошқа ном остида давом еттириш ва янги лойиҳаларни алоҳида бренд билан юритиш еҳтимоли ҳам муҳокама қилинади.
Бу аудиоёзувлар компаниянинг молиявий аҳволи, кредитлар, инвесторлар ва қурилиш учун жавобгарлик масалаларида таъсисчилар ўртасида жиддий келишмовчилик бўлганини кўрсатади.
Харидорларнинг тақдири нима бўлади?
«Imarat Development» атрофидаги можаро ҳозирча бир нечта очиқ саволни қолдирмоқда. Компания лойиҳаларига пул тўлаган фуқаролар хонадонларини қачон олади? Шартномани бекор қилмоқчи бўлганларга маблағлари қайтариладими? Қурилишларни давом еттириш учун етарли молиявий имконият борми?
Бир нарса аниқ: компания таъсисчилари ўртасидаги келишмовчиликлар ортида минглаб фуқароларнинг уй-жойга бўлган умиди ва маблағи турибди. Улар учун енг муҳим масала кимнинг ҳақ ёки ноҳақлигини ижтимоий тармоқларда исботлаш емас, балки тўланган пул эвазига ваъда қилинган хонадонларни олишдир.
Можаронинг кейинги ривожи, тергов натижалари ва харидорлар тақдири бўйича аниқлик киритилиши кутилмоқда. Вақт.уз вазиятни кузатишда давом етади.
Teglar
