Logo

КХДР иқтисодиётининг ўсиши: Ким Чен Ин Россия ёрдамида мамлакатни ўзгартирмоқда

Bugun 11:155 daqiqa

Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш ортидан келаётган катта даромад Ким Чен Ин ҳокимиятини мустаҳкамлаб, КХДР иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилмоқда. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ижобий ўзгаришлардан фақатгина аҳолининг кичик бир қисми баҳраманд бўлмоқда.

КХДР иқтисодиётининг ўсиши: Ким Чен Ин Россия ёрдамида мамлакатни ўзгартирмоқда © Kremlin

Узоқ йиллар давомида электр таъминотидаги муаммолар сабабли Шимолий Корея шаҳарлари тунлари қоронғиликка чўмар, сунъий йўлдошдан олинган суратларда фақат саноқли ёруғ нуқталаргина кўзга ташланар эди. Аммо «NK News» нашрининг хабар беришича, 2020 йилнинг апрел ойидан буён ўтган 6 йил ичида Пхенян марказидаги ёритилган майдонлар икки баробардан зиёд кенгайган, ёруғлик даражаси эса уч карра ортган.

Нашр журналистларининг фикрича, бу ҳолат ҳукуматнинг ўз иқтисодий ютуқларини кўз-кўз қилиш мақсадида шаҳар марказидаги янги бинолар ва йўл инфратузилмасини электр билан таъминлашга устувор аҳамият қаратаётганидан далолат беради.

2021 йил январида бўлиб ўтган Корея Меҳнат партиясининг VIII қурултойида мамлакат раҳбари Ким Чен Ин Пхенянда 50 мингта янги хонадон қуриш режасини эълон қилган эди. Бу режалар изчил амалга оширилмоқда. Масалан, Шимолий Кореянинг қитъалараро баллистик ракеталарини эслатувчи иккита 40 қаватли бино қад ростлаган янги «Хвасон» мавзесини бунга яққол мисол қилиб келтириш мумкин.

Кўп қаватли уйлардан иборат янги турар жой мажмуалари КХДРда фаровонлик ошаётганининг ягона исботи эмас. Пхенянга тез-тез ташриф буюрадиган кузатувчилар шаҳар кун сайин замонавийлашиб бораётганини эътироф этишмоқда.

Шаҳарда четдан келтирилган автомобиллар, хусусан, Хитой электромобиллари кўпаймоқда. Аҳоли QR-код орқали тўлов қилиш ва такси чақириш учун смартфон иловаларидан фаол фойдаланмоқда, Ғарб кийим-кечаклари ва пардоз воситалари брендларини сотувчи савдо марказлари иш бошлаган.

Шунингдек, пойтахтда мамлакатдаги энг йирик тиббиёт маркази ҳамда Ню-Йоркдаги Марказий парк майдонига тенг келадиган улкан иссиқхона мажмуасининг қурилиши якунланган. Бир йил аввал эса Ким Чен Ин мамлакатнинг шарқий соҳилида беш километрлик қумлоқ ҳудудга ва бир вақтнинг ўзида 20 минг меҳмонни қабул қила оладиган меҳмонхоналар мажмуасига эга «Вонсан-Калма» дам олиш масканини фойдаланишга топширди.

Россия билан қурол-яроғ бўйича манфаатли битимлар ва киберҳужумлар

Пхенян режими бундай кутилмаган иқтисодий юксалишни, биринчи галда, Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш ортидан келаётган катта даромад ҳисобидан молиялаштирмоқда, деб тахмин қилинади

Сеулдаги Миллий хавфсизлик стратегияси институтининг (INSS) март ойидаги ҳисоботига кўра, Шимолий Корея Москвага ўқ-дорилар сотиш ва жанговар ҳаракатлар ҳудудига ўз қўшинларини юбориш орқали 7,7 миллиарддан 14,4 миллиард долларгача даромад кўрган.

«Bloomberg Economics» нашрининг яқинда қилган ҳисоб-китобларига кўра, Россияга кўрсатилган ҳарбий ёрдам 2022 йилдан то 2025 йилгача бўлган даврда КХДРга 14 миллиард доллардан ортиқ фойда келтирган. Яна қарийб 8 миллиард доллар маблағ Хитой билан савдо-сотиқ, шимолий кореялик ишчиларни хорижга юбориш, экспорт операциялари ва кибержиноятчилик ортидан келган тушумларни ташкил этади.

Масалан, 2025 йилнинг феврал ойида «Bybit» платформасига уюштирилган йирик киберҳужум оқибатида шимолий кореялик хакерлар 1,5 миллиард долларлик «Ethereum» криптовалютасини ўзлаштиргани тахмин қилинмоқда. Таққослаш учун: мамлакатнинг ўтган йилги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 27 миллиард долларни ташкил этган.

Ким Чен Ин: «Ҳамма нарса тубдан ўзгарди»

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Россиянинг иттифоқчиси сифатидаги янги мақом Шимолий Корея етакчисига улкан сиёсий мавқе ва ҳарбий қудрат бағишлади. Бу, жумладан, сув сиғими 5000 тоннага тенг бўлган иккита ҳарбий кеманинг сувга туширилишида ҳам яққол намоён бўлди. Таҳлилчиларнинг фикрича, Ким Чен Ин ўз бошқарувининг 15 йили давомида ҳеч қачон ҳозиргидек кучли таъсир доираси ва катта маблағга эга бўлмаган.

Ҳайратланарли ўзгариш: ковид пандемияси даврида озиб кетган Ким Чен Ин Меҳнат партиясининг VIII қурултойида кўзида ёш билан «иқтисодиётнинг деярли барча тармоқлари кутилган натижаларни бермаганини» тан олган эди. Орадан беш йил ўтиб, IХ қурултой ўтказилган бино олдига 50 та янги, юқори аниқликдаги 600 миллиметрли ялпи ўт очиш реактив тизимлари жойлаштирилди. Ким Чен Ин эса зафарона оҳангда: «Ҳамма нарса тубдан ўзгарди», дея таъкидлади.

Экспертларнинг фикрича, Россия билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ва Хитой билан алоқаларнинг кенгайиши натижасида Шимолий Корея жаҳон сиёсатидаги «яккаланган давлат» мақомидан қутулиб, изоляциядан чиқди. Россия президенти Владимир Путин 2024 йилнинг июн ойида КХДРга ташриф буюрган бўлса, ХХР раиси Си Жинпинг орадан бир йил ўтиб ушбу мамлакатга борди. Жорий йилнинг март ойида Ким Чен Ин Пхенянда Беларус раҳбари Александр Лукашенкони қабул қилди. 2025 йилнинг сентябрида эса у Пекинда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда Си Жинпинг ва Владимир Путинга ҳамроҳлик қилди.

Россияга аскар юборишдан кўриладиган фойда

Шимолий Корея ўнлаб йиллар давомида тўплаган улкан ўқ-дори захираларидан, хусусан, артиллерия снарядларидан Украинага қарши урушда фойдаланишни Россияга биринчи бўлиб ким таклиф қилгани номаълум. Украина томонининг баҳолашича, КХДР Россияга 2024 ва 2025 йилларда зарур бўладиган снарядларнинг тенг ярмини, шунингдек, ўзиюрар артиллерия қурилмалари, ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва баллистик ракеталарни етказиб берган.

Киев расмийларининг таъкидлашича, айни пайтда Пхенян Украинага қарши курашиш мақсадида Россия Федерациясига 90 нафар ҳарбий хизматчи, 6 та учириш қурилмаси ва 120 га яқин ракетадан иборат бўлинмани жойлаштиришни режалаштирмоқда.

16 мингдан 22 минггача шимолий кореялик ҳарбийлар Москвага Украина Қуролли Кучларини чегараолди Курск вилоятидан сиқиб чиқаришда, кейинчалик эса ушбу ҳудудни миналардан тозалашда ёрдам берди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Ким Чен Ин энди Россияга яна 30 мингдан 50 минггача жангчи жўнатмоқчи. Бу жуда манфаатли битим: INSS маълумотларига кўра, Ким Чен Ин ҳар бир аскар учун ойига 2800 доллар, зобит учун 3000 доллар ва жангда ҳалок бўлган ҳар бир шимолий кореялик ҳарбий учун 6000 дан 10 000 долларгача товон пули олади.

«20х10» минтақавий ривожланиш дастури барбод бўладими?

Бироқ кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳозирги иқтисодий юксалиш КХДР аҳолисининг катта қисмига деярли таъсир кўрсатгани йўқ. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши ва миллий валюта — Шимолий Корея вонининг қадрсизланиши хорижий валюта топиш имконига эга бўлмаган кўплаб кам таъминланган оилаларга оғир зарба бўлмоқда. Эндиликда кўплаб оилаларда илгариги турмуш даражасини сақлаб қолиш учун аёллар ҳам ишлашга мажбур бўлмоқда.

Шу билан бирга, 2024 йилнинг баҳорида Ким Чен Ин қўшимча даромадлар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган «20х10» минтақавий ривожланиш дастури бошланганини эълон қилган эди. Ушбу дастурнинг асосий мақсади — провинцияларда турмуш даражасини ошириш, шунингдек, Пхенян ҳамда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутни камайтириш мақсадида 10 йил давомида ҳар йили 20 та шаҳар ва туманда замонавий енгил саноат корхоналарини барпо этишдан иборат.

Аммо «20х10» дастури доирасидаги лойиҳалар кўпинча муваффақиятсизликка учрамоқда, дейди Сеулдаги Кукмин университети профессори ва Шимолий Корея бўйича дунёдаги энг таниқли мутахассислардан бири Андрей Ланков.

«Бунга янги фабрикаларда нафақат зарур инфратузилманинг йўқлиги, балки уларни электр энергияси, бутловчи қисмлар ва хомашё билан таъминлаш тизимининг пухта ўйланмагани ҳам сабабдир», — деб тушунтиради у.

Teglar

Mavzuga oid