АҚШ Ўзбекистонни Хитойга Трамп божларидан қочишга ёрдам беришда айблади
Рўйхатда 40 дан ортиқ давлат бўлиб, улар ва Европа Иттифоқи умумий қиймати 60 млрд долларлик савдода божларни четлаб ўтишга имкон берган. АҚШ ҳукумати ва хусусий секторнинг бошқа ҳисоботларида қайта экспорт орқали йўналтирилган савдо ҳажми 40 млрд доллардан 303 млрд долларгача баҳолангани айтилган.
© Financial TimesОқ уй Канада, Мексика ва Япония каби 40 дан ортиқ давлатни Хитойга АҚШ божларидан ноқонуний равишда қочишга ёрдам беришда айблади. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор.
Қолаверса рўйхатда Озарбайжон, Қозоғистон ва Грузия ҳам бор.
Унга кўра, бу давлатлар Хитой маҳсулотларини АҚШга импорт божлари пастроқ бўлган мамлакатлар орқали йўналтиришга имкон бермоқда. Оқ уй «Буюк қайта экспорт фирибгарлиги» деб номланган ҳисоботида ушбу давлатлар ва Европа Иттифоқи умумий қиймати 60 миллиард долларлик савдода божларни четлаб ўтишга имкон берганини айтди. Шунингдек, АҚШ ҳукумати ва хусусий секторнинг бошқа ҳисоботларида қайта экспорт орқали йўналтирилган савдо ҳажми 40 миллиард доллардан 303 миллиард долларгача баҳолангани қайд этилган.
Ҳисоботни тайёрлаган Оқ уйнинг савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати бўйича идораси раҳбари Питер Наварро Хитой 2018-йилда Доналд Трамп илк бор Хитойга божлар жорий қилганидан бери қайта экспортдан фойдаланишнинг «ниҳоятда мураккаб» усулларини қўллаб келаётганини айтди. АҚШ президенти ўтган йили турли давлатларга жорий қилган божлар мамлакатлар ўртасида бож ставкалари фарқини юзага келтиргани сабабли, маҳсулотларни бошқа давлатлар орқали йўналтириш амалиёти давом этган.
«Йиллар давомида буюк қайта экспорт фирибгарлиги коммунистик Хитойга ўз маҳсулотларини 40 дан ортиқ давлат орқали яширин тарзда экспорт қилиш, АҚШ ғазнасини ўнлаб миллиард доллар даромаддан маҳрум қилиш ва америкалик ишчиларнинг иш ҳақини тортиб олиш имконини берди», — деди Наварро.
Ҳисобот Хитой раиси Си Сзинпин Доналд Трампни май ойида Пекинда қабул қилганидан сўнг, олти ҳафта ўтиб Вашингтонга жавоб ташрифи билан келиши кутилаётган бир пайтда эълон қилинди. Ўтган йилнинг октябр ойида Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида икки давлат раҳбарлари бир йиллик сулҳга келишган бўлса-да, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо кескинлиги ҳамон юқори даражада қолмоқда.
АҚШ молия вазири Скотт Бессант яқинда АҚШ савдо вакили билан Хитой бош вазирининг ўринбосари Хе Лифэнг билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида Хитойнинг АҚШга ноёб ер металлари экспортини секинлаштирмаслик бўйича мажбуриятига риоя қилиши юзасидан хавотирларини билдирганини айтди. Хитой эса АҚШнинг янги миллий хавфсизлик чораларидан норози. Жумладан, АҚШ Федерал алоқа комиссияси Хитойда ишлаб чиқарилган роботларни импорт қилишни тақиқлади.
Наварронинг айтишича, АҚШ божхона ва чегара ҳимояси агентлиги экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг таркибини аниқроқ аниқлаш ва божлар учун уларнинг тўғри белгиланишини таъминлаш мақсадида «Detective Border» деб номланган сунъий интеллект тизимидан фойдаланишни бошламоқда. Унинг таъкидлашича, бу ташаббус АҚШ ғазнасига ўнлаб миллиард доллар қўшимча бож даромади келтиради ва америкаликлар учун минглаб янги иш ўринлари яратади.
АҚШ савдо вакили идораси Трамп ўтган йили бутун дунёга жорий қилган «озодлик куни» божларидан кейин бошқа давлатлар билан тузган кўплаб савдо келишувларига қайта экспортни камайтиришга қаратилган қоидаларни ҳам киритган. Бироқ савдо идораси маҳсулот қаерда ишлаб чиқарилганини аниқлаш ва унга мос бож ставкасини белгилаш учун зарур бўлган «келиб чиқиш қоидалари»ни ишлаб чиқиш устида ҳали ҳам ишламоқда.





