«Нормалний одам келин бермайди»: Шаҳрисабз ҳокими билан боғлиқ воқеа юзасидан хизмат текшируви тайинланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг фуқаро хонадонида одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказиш юзасидан вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритди.
© Videodan kadrИжтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов маҳаллий аҳоли хонадонларидан бирига кириб, давлат фуқаролик хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар қилгани акс этган видеотасвирлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабат билдирди.
Агентлик маълум қилишича, ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт. Шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчилик ва этика меъёрларига мутлақо зид экани таъкидланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритганини маълум қилди.
Ҳолат қандай юз берган?
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг фуқаро хонадонига кириб боргани акс этган видео кенг тарқалган эди. Видеода туман ҳокими уй эгасига яшаш жойини қандай тутиш кераклигини уқтириб, хонадоннинг санитария ҳолатини танқид қилади ҳамда тасвирлар маҳалланинг Telegram гуруҳига жойланишини айтади.
«Эртага шу рўзғорга, масалан, “нормалний” одам келин бермайди. Бугун каналга қўйилади ҳозир. Мана шу маҳалла каналида ўзингизни кўрасиз. Анави қўшнингизни ҳам олдик», — дейди у видеода.
Видеода маҳалла раиси сифатида таништирилган аёл ҳам хонадон эгасига бир неча марта уй ва унинг атрофини тартибга келтириш бўйича огоҳлантирилганини айтади.
«Неча марта маҳалла келиб уйингизга айтган тозалашни? Бу ёнимиздан сўранг… Бизнинг ўзимиз ушлаб олиб гапирганимиз учун ана шу кўчани тозалади болаларингиз. Ахлат турарди халтада, тўғрими, уйингиз олдида? Ана ўша халта ахлатини ҳам тайинлаб олдирдик. Нима учун сизнинг тўғри яшашингиз, “нормалний” яшашингиз учун ташқаридан кимдир келиб айтиши керак?», — дейди у.
Шундан сўнг туман ҳокими хонадон ичига кириб, уйдаги шароитни ўз рўзғори билан таққослайди ҳамда бу хонадондан ҳеч ким келин олмаслигини айтади. Шунингдек, у фуқаронинг туш вақтида дам олаётганини ҳам танқид қилиб, ўзининг ишлаётганини мисол келтиради.
Видео якунида ҳоким масъулларга хонадон эгаларига нисбатан маъмурий чора кўриш бўйича топшириқ беради.
«Ҳозир жаримани урасиз. Кўча, уйини, яшаш, ахлат, ҳаммаси учун жарима урасиз. Менга бирортасидан мен илтимос қилдим, кечирим сўради деган гап керак эмас», — дейди Самад Ҳасанов.
Видео кенг муҳокамага сабаб бўлганидан кейин Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, воқеа Шаматон маҳалласида ўтказилган ўрганишлар давомида содир бўлган.
Ҳокимлик маълумотига кўра, туман ҳокими серқатнов йўл бўйида деворлари, деразалари ва атрофи янтоқ ҳамда бошқа бегона ўтлар билан қопланиб, ташландиқ уйни эслатувчи хонадонга эътибор қаратган. Шундан сўнг у мазкур хонадонда ҳеч ким яшамайдими, деб маҳалла фуқаролар йиғини раисидан сўраган. Маҳалла раиси эса бу уйда ногиронлиги бўлган кексалар яшашини айтган.
Муносабатда қайд этилишича, Самад Ҳасанов аслида шу кекса фуқаронинг хонадонига бормоқчи бўлган. Бироқ иккала хонадон ёнма-ён жойлашгани ва дарвозалари бир жойда бўлгани сабабли маҳалла раиси янглиш равишда қўшни уйни кўрсатган ва туман ҳокими дастлаб шу хонадонга кирган.
«Хонадонга киришдан олдин маҳалла раиси ҳамда туман ҳокими томонидан хонадон эгасидан рухсат сўралган», — дейилади муносабатда.
Ҳокимликка кўра, шундан кейин туман ҳокими хонадон ва унинг атрофини озода сақлаш, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тавсия ва тушунтиришлар берган.
Шунингдек, ҳокимлик тарқалган видеони туман ҳокимлиги матбуот хизмати олмагани ва ижтимоий тармоқларда жойламаганини билдирган. Қайд этилишича, видеони маҳалла «еттилиги» вакиллари тасвирга олган ва уни туман ҳокимлигининг расмий каналларига эмас, балки ишчи гуруҳнинг тор доирадаги Telegram гуруҳига жойлаган.
«Юзага келган тушунмовчилик маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани билан боғлиқ бўлиб, ҳеч қандай фуқарони камситиш ёки унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мақсади кўзланмаган», — дейилади ҳокимлик муносабатида.





