Ўзбекистон 2026-йилда Россиядан рекорд ҳажмда газ сотиб олиши мумкин
«Газпром» 2025-йилда Ўзбекистонга 6,5 млрд куб метр газ экспорт қилди. Бу 2024 йилги кўрсаткичдан 15 фоизга юқори. 2026-йилда эса газ импорти 10 млрд куб метрдан ошиши мумкин.

Ўзбекистон 2026-йилда Россиядан қувур орқали импорт қилинадиган табиий газ ҳажмини кескин ошириши мумкин.
Халқаро энергетика агентлиги (ХЕА) газ бозори бўйича янги ҳисоботида мамлакатга етказиб бериладиган Россия гази ҳажми 2025 йилдаги 7 млрд куб метрдан 2026 йилда 10 млрд куб метрдан ошиши кутилмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, Россия Қозоғистон орқали «Марказий Осиё — Марказ» қувур тизими орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни изчил кенгайтирмоқда. Бу эса мамлакатнинг ташқи газ таъминотида Россия улуши янада ортиши мумкинлигини англатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил якунларида Россия ва Туркманистондан газ импорти қиймат жиҳатидан 1,2 фоизга камайиб, 1,65 млрд долларга тенг бўлган. Бироқ Россиядан импорт қилинган газ ҳажми аксинча 14,9 фоизга ошиб, 5,64 млрд куб метрдан 6,48 млрд куб метрга етган.
Импорт жадал ўсмоқда
2026-йилнинг дастлабки беш ойида Россия ва Туркманистондан табиий газ импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 84,1 фоизга ошиб, 724,7 млн долларни ташкил қилди. Шу маблағнинг 68,2 млн доллари пропан импорти ҳисобига тўғри келди.
Пропан импорти ҳам ўтган йилга нисбатан 3,3 баробарга кўпайган. Газ импорти ойлар кесимида ҳам кескин ўзгариб борган. Январда импорт 167,6 млн доллар бўлган бўлса, февралда 34,6 млн долларгача пасайган.
Кейинги ойларда эса ўсиш қайта тикланиб, мартда 158,3 млн доллар, апрелда 147,8 млн доллар ва май ойида йил бошидан буёнги энг юқори кўрсаткич — 216,4 млн доллар қайд этилган. Бу рақамлар мамлакатнинг ташқи газ таъминотига эҳтиёжи ортиб бораётганини кўрсатади.
Қазиб олиш қисқармоқда
Газ импорти ўсиши маҳаллий ишлаб чиқариш пасайиши билан бир вақтга тўғри келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2026-йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонда 15,8 млрд куб метр табиий газ қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,1 фоизга кам.
2024-йилнинг шу даври билан таққосланганда эса қазиб олиш ҳажми 16,4 фоизга қисқарган. Ички ишлаб чиқаришнинг изчил пасайиши шароитида импорт ҳажмининг ошиши мамлакатнинг ички талабни таъминлаш учун ташқи манбаларга тобора кўпроқ мурожаат қилаётганини кўрсатмоқда.





