Logo

Ўзбекистонда энг кўп уй қайси ҳудудларда сотилмоқда?

Мамлакатда йил бошидан буён уй-жой олди-сотди битимлари сони 18 фоиздан кўпроққа ошган.

Ўзбекистонда энг кўп уй қайси ҳудудларда сотилмоқда?

Жорий йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистон бўйлаб 222,5 мингта уй-жой олди-сотди битими қайд этилиб, кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида маълум қилинди.

«Йил бошидаги кескин ўсишдан сўнг уй-жой савдоси барқарорлашди», — дейилади марказ хабарида.

Қайд этилишича, жорий йилнинг март ойида битимлар сони 43,5 мингтагача сезиларли даражада ошган. Шундан сўнг, апрел ва май ойларида фаоллик пасайган бўлса-да, июн–июл ойларида бу кўрсаткич ойига 25–26 мингта битимгача тикланган ва август ойида ҳам шу даражада сақланиб қолган.

Хусусан, август ойида республика бўйича қарийб 25,1 мингта уй-жой олди-сотди битими расмийлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг август ойидаги кўрсаткичга деярли мос келади (+0,2 фоиз).

Умуман олганда, республика уй-жой бозорида юқори фаоллик сақланиб қолмоқда.

Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Андижон вилоятларида энг юқори ўсиш кузатилди

Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, август ойида мамлакатдаги 14 та ҳудуднинг 6 тасида фаоллик ошгани кузатилган.

Тошкент шаҳрида август ойининг ўзида 7,4 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпайган.

«Йил бошидан буён энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Андижон вилоятларида қайд этилди», — дея таъкидланади шарҳда.

Маълумотларга кўра, январ ойидан август ойигача бўлган даврда пойтахтда уй-жой савдоси ҳажми 27,5 фоизга ошган. Шунингдек, йил бошидан буён юқори ўсиш суръатлари Сирдарёда 25,4 фоизни ва Андижон вилоятида 23,8 фоизни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid