Озиқ-овқат маҳсулотлари уч ойдан бери қимматлаяпти

Bugun 17:563 daqiqa

Нарх динамикасига об-ҳаво хатарлари, энергия қимматлашуви ва логистикадаги узилишлар кучли таъсир кўрсатмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари уч ойдан бери қимматлаяпти

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (Food and Agriculture Organization, FAO)нинг озиқ-овқат нархлари индекси – асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича халқаро нархлар динамикасини кузатиб борувчи кўрсаткич – апрел ойида 130,7 пунктни ташкил этди. Бу март ойида қайта кўриб чиқилган кўрсаткичдан 1,6 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 2 фоизга юқори. 

Дон маҳсулотлари нархи
Дон маҳсулотлари нархи март ойига нисбатан 0,8 фоизга, йиллик ҳисобда эса 0,4 фоизга ошди. Нарҳ ўсиши сорго ва арпадан ташқари деярли барча асосий экинларга таъсир қилди.
Жаҳон бозорида буғдой нархи 0,8 фоизга кўтарилди. Бунга АҚШнинг айрим ҳудудларидаги қурғоқчилик хавфи ва Австралияда ёғингарчилик меъёрдан паст бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлди.
Бундан ташқари, энергия қимматлашуви ва Ҳўрмуз бўғози амалда ёпилиши ортидан таъминотдаги узилишлар туфайли ўғит нархлари ошгани ҳам босимни кучайтирди. Шу сабаб фермерлар 2026-йилда буғдой экини майдонларини қисқартириб, ўғит талаб қилмайдиган арзонроқ экинларга ўтиши мумкинлиги кутилмоқда.
Жаҳон бозорида маккажўхори нархи ҳам 0,7 фоизга ошди. Бунга мавсумий таклиф қисқариши, Бразилиядаги об-ҳаво хатарлари ва АҚШнинг айрим ҳудудларида экиш мавсумидаги қурғоқчилик сабаб бўлди.
Нефт нархларининг юқорилиги шароитида этанолга бўлган барқарор талаб ҳамда ўғит таъминоти билан боғлиқ муаммолар нарх ўсишини янада тезлаштирди.
Шу билан бирга, сорго нархи импорт талаби сустлиги ва асосий экспортёр мамлакатларда ишлаб чиқариш прогнозлари яхшилангани сабаб 4 фоизга пасайди.
Гуруч нархлари индекси эса 1,9 фоизга ўсди. Бу асосан Ҳиндистон гуручи ва хушбўй гуруч навлари котировкалари қимматлашгани билан изоҳланади.
Нефт ва нефт маҳсулотлари нархининг кескин ошиши ортидан экспортёр давлатларда ишлаб чиқариш ва логистика харажатлари кўпайгани ҳам бозорга таъсир кўрсатди.
 
Ўсимлик мойлари қимматлашмоқда
Ўсимлик мойлари нархи индекси 5,9 фоизга ошиб, 2022-йил июлидан бери энг юқори даражага етди. Палма, соя, кунгабоқар ва рапс мойлари нархи ошган.
Палма мойи нархи кетма-кет бешинчи ой ўсишда давом этмоқда. Бунга биоёқилғи саноати томонидан талаб ортиши, давлат субсидиялари ҳамда нефт нархларининг юқорилиги сабаб бўлмоқда.
Қўшимча босим эса Жануби-Шарқий Осиёда ишлаб чиқариш қисқариши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар билан боғлиқ.
 
Гўшт нархлари рекорд даражага етди

Гўшт нархлари индекси янги рекорд кўрсаткични қайд этди – ойлик ҳисобда 1,2 фоизга, йиллик ҳисобда эса 6,4 фоизга ўсди.
Жаҳон бозорида мол гўшти нархи тарихий максимумни янгилади. Бунга Бразилияда чорва бош сонини тиклаш жараёни давом этаётгани ва таклиф чеклангани сабаб бўлди.
Чўчқа гўшти нархи ҳам Европа Иттифоқида мавсумий талаб ошиши ортидан кўтарилди. Бироқ Бразилияда нархлар пасайиши бу ўсишни қисман қоплади.
 
Сут маҳсулотлари ва шакар
Шу фонда сут маҳсулотлари нархи индекси 1,1 фоизга пасайди. Бу Европа Иттифоқида сут таъминотининг кўпайиши ҳамда Океанияда мавсум охирида кутилмаган даражада юқори ишлаб чиқариш ҳажмлари сабаб сариёғ ва пишлоқ нархларининг тушиши билан изоҳланади.
Шакар нархи эса бир ой ичида 4,7 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 21,2 фоизга арзонлашди.
Бунга жорий мавсумда таклиф миқдори юқори бўлиши ҳақидаги кутилмалар сабаб бўлмоқда. Айниқса, Хитой ва Тайландда ишлаб чиқариш прогнозлари яхшилангани бозорга таъсир қилди.
Шунингдек, Бразилияда шакарни қайта ишлашнинг янги мавсуми бошлангани ҳам нархларга пасайтирувчи босим ўтказди.

Teglar

Mavzuga oid

Озиқ-овқат маҳсулотлари уч ойдан бери қимматлаяпти | Vaqt.uz