«Қўйлиқ» ва Нурафшонни боғловчи янги йўл қурилади

Bugun 11:571 daqiqa

«Қўйлиқ» бозоридан Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри марказигача қатнов вақтларини қисқартириш учун янги BRT тизими жорий этилади.

«Қўйлиқ» ва Нурафшонни боғловчи янги йўл қурилади

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридан Тошкент шаҳрининг Бектемир туманигача тезюрар автобус қатновини йўлга қўйиш бўйича BRT тизими концепцияси расман тасдиқланди. Ушбу қарор жамоат транспортини ривожлантириш ва аҳолига тезкор ҳамда қулай хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган.

Янги йўл қурилиши

Лойиҳа доирасида «Қўйлиқ» бозоридан Нурафшон марказигача 23 километрлик янги йўл қурилади. Йўл 6 тасмали бўлиб, унинг марказий қисмида махсус автобус йўлаги жойлаштирилади. Бу эса автобуслар ҳаракатини бошқа транспорт воситаларидан ажратиб, тезлик ва хавфсизликни таъминлайди.

Йўналиш бўйлаб жами 9 та бекат қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, пиёдалар учун алоҳида йўлаклар, ерости ўтиш жойлари, йўл ўтказгичлар ва кўприклар барпо этилади. Бекатларга кириш ва чиқиш жараёни хавфсиз тарзда ташкил этилиши таъкидланмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш орқали замонавий тезюрар автобуслар қатнови йўлга қўйилиб, транспорт инфратузилмаси янада яхшиланади. Бу эса йўловчилар учун вақт тежаш, қулайлик ва сифатли хизмат кўрсатиш имконини оширади.

Шу билан бирга, «Йўлинжиниринглойиҳа» МЧЖ лойиҳа жараёни бўйича доимий равишда ахборот бериб бориши белгиланган. Қарор ижроси устидан назорат эса вилоят кенгашининг тегишли комиссияси ва масъул раҳбарлар зиммасига юклатилди.

Teglar

Mavzuga oid