Россия газисиз яшашга ўрганган Европага яна энергетика инқирози хавф солмоқда
Бу ҳолатни Кремл вакили Кирилл Дмитриев «тўлов қоғозлари яқин» дея истеҳзо билан изоҳлади.
© smart-lab.ruЎтган қишда Европа Иттифоқи Россия газига қарамликдан батамом қутулиб, энергетика инқирозларисиз янги воқеликда яшашга ўргангандек туюлганди. Табиий газнинг асосий етказиб берувчиси сифатида Россиянинг ўрнини АҚШ ва Норвегия эгаллади. 2026–2027 йилларнинг қиш мавсуми арзон нархларни, талаб ортишини ва Европа саноатининг қайта тикланишини ваъда қилаётган эди. Бироқ кутилмаганда янги муаммо юзага келди.
Одатда ёз фаслида газ нархи тушади ва Европа қиш учун олдиндан захира тўплайди. Октябр ойининг охирига бориб, Европа Иттифоқининг ер ости омборларида қарийб 100 миллиард куб метр газ йиғилади. Бу қишки талабнинг тахминан ярмига тенг бўлиб, иситиш мавсумидаги эҳтиёжнинг 25-30 фоизини қоплайди. Сабаби, омборлар бутунлай бўшатиб юборилмайди, баҳоргача уларда маълум миқдорда газ қолиши керак.
Бироқ қиш яқин, газ нархи эса ҳамон арзонлашгани йўқ. Август ойи бошидаги ҳолатга кўра, омборлардаги захиралар ўта паст даражада — бор-йўғи 60 фоиз атрофида (ёки 60 миллиард куб метрдан бироз камроқ). Экспертларнинг ишонч билан таъкидлашича, 1 ноябргача ёки ҳеч бўлмаганда 1 декабргача ЕИ тавсия қилган 90 фоизлик кўрсаткичга энди эришиб бўлмайди. Агар қиш қаттиқ келса, нархлар кескин ошиб, Европа янги энергетика инқирозига юз тутади.
Кремлнинг махсус вакили Кирилл Дмитриев эса бу ҳолатдан кинояли тарзда қувонмоқда. «Европа Иттифоқи ўз айби билан энергетика инқирози хавфи остида қолди», — дея ёзган у ўз твитида. У хабарга омборларнинг тўлиш графиги ҳамда «Тахтлар ўйини» сериалидаги Жон Сноунинг гиф-суратини илова қилган. Суратдаги машҳур «қиш яқин» ибораси ўрнига «тўлов қоғозлари яқин» дея изоҳ қолдирилган. Бу билан у европалик истеъмолчиларнинг газ ва электр энергияси учун кутилаётган катта харажатларига шаъма қилган.
Бироқ бу инқирозга Россиянинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бунга асосий сабаб — АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан урушидир.
Ғайриоддий ёз
Колумбия университетининг энергетика бўйича эксперти Энн-Софи Корбо Европада газ захираларини тўлдириш билан боғлиқ муаммони шундай изоҳлайди: «Одатда ёзда вазият сокин бўларди, бироқ бу йил ундай эмас».
«Энг яхши ҳолатда, иситиш мавсумигача омборлар 70-80 фоизга тўлади. Агар қиш илиқ келса, хавотирга ўрин йўқ, — дейди мутахассис. — Бироқ ҳаво совуқ, булутли ва шамолсиз келса, қийинчиликлар бошланади».
«Bruegel» тадқиқот маркази ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда захираларни тўлдириш суръати сезиларли даражада паст. Бу кўрсаткич нафақат Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан омборларни 90 фоизга тўлдириш талаб қилинган сўнгги йиллардан, балки нисбатан барқарор кечган 2016–2021 йиллардаги ҳолатдан ҳам ортда қолмоқда.
Бунинг сабаби шундаки, ўтган қишда харидорлар «Европа Россия газисиз яшашга ўрганиб бўлди ва энди бизни фақат арзон нархлар кутмоқда» деган хулосага келган эди.
Дарҳақиқат, қаҳратон қиш ва захиралар камлигига қарамай, 2026 йилнинг январ ойида газ нархи ўтган 2025 йилги даражада сақланиб қолди — бир мегаватт-соат учун тахминан 30-35 евро. Тўғри, бу урушдан олдинги 20 евролик кўрсаткичдан юқори, бироқ Европа истеъмолчилари учун мақбул нарх эди.
Бунинг устига, газ янада арзонлашишини кутиш учун етарли асослар бор эди. Агар олдинлари нархларнинг ошмаслигига фақат тўла омборлар ва илиқ қиш сабаб бўлган бўлса, ўтган мавсумда нархлар фақат захираларнинг камайгани ва қаҳратон совуқ туфайлигина тушмай турди.
Қолаверса, суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи дунёдаги икки асосий давлат — АҚШ ва Қатар жаҳон бозорига етказиб бериш ҳажмини оширишга ваъда берган эди. Жумладан, Қатар шу йил охирида Рас-Лаффандаги улкан заводининг янги босқичини ишга тушириши керак эди. Урушдан олдинги нархлар эса бозорда газ таклифи ортиб кетиши кутилаётганидан далолат берарди.
Шу сабабли европаликлар ёзда нархлар тушишига умид қилиб, навбатдаги қиш мавсуми учун ер ости омборларини тўлдиришга шошилишмади. Бироқ Яқин Шарқда уруш бошлаган Доналд Трамп бу режаларни чиппакка чиқарди.
Газ танқислиги
Март ойининг илк кунларида Эрон бомбардимон қилингач, Европа газ бозоридаги нархлар ҳам нефт нархига эргашиб, қарийб 50 еврогача кўтарилди. Эроннинг жавоб зарбалари эса дунёдаги жами суюлтирилган газнинг 20 фоизини ишлаб чиқарувчи «Рас-Лаффан» мажмуаси қувватларининг 17 фоизини ишдан чиқарди.
Шундан сўнг қисқа муддатли сулҳ кузатилди. Бу даврда нефт арзонлашди, аммо газ нархи деярли пасаймади. Ҳозирги кунда Европада бир мегаватт-соат газ нархи 60 еврони ташкил қилмоқда.
«Нефт бозоридан фарқли ўлароқ, газ бозорида стратегик захира мавжуд эмас», — деб тушунтиради Энн-Софи Корбо.
Форс кўрфазидаги уруш туфайли юзага келган йўқотишларни қоплаш учун Ғарб давлатлари ўз захираларидан 400 миллион баррел нефт сотишга қарор қилди. Аслида йўқотишлар бундан ҳам юқори — 1 миллиард баррелдан ортиқ эди, аммо Ҳўрмуз бўғозининг очилиши нефт нархлари пасайишига олиб келди.
Нисбатан ёш ҳисобланган газ бозорида эса бундай имконият йўқ. Бу ерда нархлар талаб ва таклиф мувозанатига чамбарчас боғлиқ ва айни шу борада муаммолар етарлича.
«Инқироз ёзги жазирама ва рекорд даражадаги Эл-Нино ҳодисаси туфайли янада чуқурлашмоқда, — дейди Энн-Софи Корбо. — Уруш бошланганда мен Осиё газ истеъмолини бироз камайтирса керак, деб ўйлагандим. Аммо жазирама ва кондиционерлар оқибатида у ерда талаб, аксинча, ошиб кетди».
Инқироз муқаррарми?
Эрон уруши давом этар экан, Европа ноаниқлик ҳолатида қолаверади. Бироқ Оксфорд энергетика тадқиқотлари институти (OIES) мутахассисларининг таъкидлашича, вазият жуда тез ўзгариши мумкин.
«Фючерс нархлари шуни кўрсатмоқдаки, январ ойида газ ҳозиргидан арзонроқ бўлиши мумкин. Шундай экан, қишда бозордан газ сотиб олиш имкони бўлса, ёзда омборларни тўлдиришдан нима наф?», — деб ёзади улар.
Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакатида энергетика назоратини мувофиқлаштирувчи ACER агентлиги ҳам вазият изга тушишига ишонмоқда. Боиси, сўнгги йилларда ЕИ ўзини суюлтирилган газни қайта газ ҳолатига келтирувчи терминаллар билан етарлича таъминлаб олди.
«Агар суюлтирилган газ таклифи етарли даражада бўлса, регазификация қувватлари ер ости омборларидаги захиралар танқислигини қоплашга ёрдам беради», — деб қайд этади ACER.
Бошқача қилиб айтганда, ҳаммаси нархга боғлиқ. Агар Эрондаги уруш тугаса, жазирама чекинса ва янги муаммолар пайдо бўлмаса, Европа бу қишдан беталофат ўтади.
«Тизим ўта беқарор. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Масалан, украиналиклар Россиянинг Туркияга олиб борувчи газ қувурларини ёки «Ямал-СПГ»ни портлатишга қарор қилиши эҳтимолдан холи эмас. Ёки Америкадаги тўфонлар суюлтирилган газ экспорти ҳажмига таъсир кўрсатиши мумкин. У ҳолда нархлар сўзсиз кўтарилади», — дейди Энн-Софи Корбо.





