Logo

Россия урушда технологик жиҳатдан Украинадан ортда қолмоқда — FT

«Financial Times» нашрининг сўнгги суриштируви уруш майдонида янги воқелик юзага келганини очиқлади: Россия армияси технологик жиҳатдан Украинадан сезиларли даражада ортда қолмоқда. Аскарлар сони ва совет даври қуролларига таяниб келаётган Кремл ҳозирда Киевнинг сунъий интеллект ва роботлаштирилган дронлар кампанияси қаршисида ожиз қолмоқда.

Россия урушда технологик жиҳатдан Украинадан ортда қолмоқда — FT

Украина қуролли кучлари эришаётган технологик ютуқлар Россия армиясини тобора ортда қолдирмоқда. Оқибатда Владимир Путин қўшинлари фақатгина уларни қувиб етишга уриниш билангина чекланиб қолмоқда.

«FT» нашрининг ёзишича, шу ҳафта Украина дронлари Россия пойтахтидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига зарба бергач, Москва узра кўтарилган қалин тутун вазиятни янада ойдинлаштирган.

Россия президенти 2022 йилда кенг кўламли босқинга буйруқ берганидан буён Москва қўшинлари жанг майдонида асосан аскарлар ва қурол-яроғ сонидаги устунлигига таяниб келмоқда. Шу билан бирга, улар фронт чизиғидан анча узоқда жойлашган шаҳарлар ва энергетика инфратузилмасини нишонга олишда ҳаво зарбаларидан фаол фойдаланди.

Бироқ Киевнинг ўрта ва узоқ масофага учувчи дронлари Россия ичкарисига чуқур кириб бормоқда. Фронтдан юзлаб километр узоқдаги авиабазалар, ҳарбий техникалар ва нефт заводларининг тинимсиз вайрон қилиниши бунинг яққол исботидир.

Айни пайтда, урушни кузатиб борувчи Финляндиянинг «Black Bird Group» таҳлилий гуруҳи маълумотларига кўра, Москва қўшинлари феврал ва май ойлари оралиғида атиги 164 квадрат километр ҳудудни эгаллаган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1151 квадрат километрни ташкил этган эди.

«Россиянинг асосий муаммоси шундаки, жорий тактика каттароқ муваффақиятларга эришиш имконини бермаяпти, руслар эса ҳануз янги усулларни топа олгани йўқ», — дейди «Black Bird» ҳаммуассиси Эмил Кастехелми.

Одатда қиш охири ва баҳор бошида сустлашадиган Россия ҳужумлари май ойига келиб яна кучаяр эди. Бироқ бу йилги июн ойида бутун фронт чизиғи бўйлаб олдинга силжишнинг қайта тикланиш белгилари кузатилмади.

Россия қўмондонлари ҳанузгача кичик аскарлар гуруҳларини дронлар билан тўлиб-тошган жанг майдонига ташламоқда. Бу эса кўпинча Украина мудофаа чизиқларидаги бўшлиқларни топиш йўлидаги ҳалокатли уринишлардан бошқа нарса эмас.

Бироқ Киевнинг дрон урушидаги ютуқлари вазиятни Москванинг зарарига тубдан ўзгартириб юборди.

«Жараёнларнинг роботлашуви қўшин сонининг аҳамиятини кескин камайтирди ва бу ҳолат Киевнинг фойдасига ишлади. Энди хандақларда ўтирадиган юз минглаб аскарлар эмас, балки 10 ёки 20 минг дрон оператори керак бўлади. Шу тариқа, урушнинг қиёфаси бутунлай ўзгармоқда», — дейди ҳарбий ҳаракатларга алоқадор манбалардан бири «FT» нашрига.

Дронлар уруши Кремлнинг жонли куч борасидаги устунлигига ҳам жиддий зарба берди. Украина расмийларининг қайд этишича, қарийб ярим йилдан бери Россиянинг жанг майдонидаги йўқотишлари армия сафига янги қўшилаётган аскарлар сонидан ошиб кетмоқда.

Германия Халқаро ва хавфсизлик масалалари институтининг Россия бўйича эксперти Янис Клугенинг сўзларига кўра, Россия 2026 йилнинг биринчи чорагида 71 216 кишини ҳарбий хизматга жалб қилган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 89 601 кишига тенг бўлган.

«Россия давлати душманнинг янги инновацион ечимларига кечикиб бўлса-да жавоб топишга уринмоқда ёки буни умуман уддалай олмаяпти», — дейди норасмий музокараларда иштирок этаётган манба.

Screenshot_1

«FT» манбасининг қўшимча қилишича, Украина дрон ва ракета зарбалари кўламини кенгайтириб, фронт чизиғида Кремл қўшинларини яккалаб қўяётган ҳамда уларнинг таъминот занжирларини узаётган бир пайтда, Россиянинг элита деб ҳисобланадиган «Рубикон» дронлар бўлинмаси бундай имкониятларни ўзлаштира олмаяпти.

Украинанинг дрон кампанияси фронт чизиғидан тахминан 150 километр ичкаридаги «ўрта масофа» деб аталувчи ҳудудларга зарба беришга асосланган.

Май ойидан бери барча турдаги юзлаб дронлар Қримга олиб борувчи қуруқлик йўлаги томон йўналтирилди. Россия қўшинлари ушбу стратегик аҳамиятга эга автомобил йўлидан 2014 йилда Москва томонидан аннексия қилинган Қрим ярим оролини, шунингдек, жанубий фронтга жойлаштирилган аскарларини таъминот билан таъминлаш учун фойдаланиб келади.

«Айни пайтда биз ҳар куни юк машиналарини нишонга оляпмиз. Россия қўшинлари ёқилғи ва ўқ-дориларни одатдагидан кўра узоқроқ кутишга мажбур бўлмоқда. Логистика бўлинмалари эса текис Р-280 автомобил йўлидан юриш ўрнига кичикроқ, кўзга камроқ ташланадиган юк машиналаридан фойдаланишга ёки ўнқир-чўнқир қишлоқ йўллари орқали ҳаракатланишга ўтмоқда. Гарчи бу бутунлай ҳалокатли бўлмаса-да, Россия армияси учун етарлича оғриқли», — деди Украинанинг 412-«Немезис» дронлар бригадаси штаб бошлиғи Артем Беленков.

2

Москва «Рубикон» каби дрон бўлинмаларига ҳарбийларни жалб қилиш бўйича йирик кампания бошлаш орқали бундай янги чақириқларга жавоб қайтаришга уринмоқда.

Бироқ бу жараён ҳам ўз-ўзидан осон кечаётгани йўқ. Ғарб разведкасига кўра, Россия мудофаа сектори деярли тўлиқ қувват билан ишламоқда. Ишсизлик даражасининг рекорд даражада пастлиги эса дрон ишлаб чиқариш каби илғор технологиялар соҳасига малакали ишчиларни жалб қилишни янада мураккаблаштирмоқда.

Таъкидланишича, Россия энг кўп ресурс ажратаётган учувчисиз тизимлар ва узоқ масофага учувчи қуролларни ишлаб чиқаришдан ташқари, бошқа йўналишлардаги ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтаб қолган. Гарчи ишлаб чиқариш ҳажми ошган бўлса-да, ҳарбий саноат ўз чўққисига чиқиб бўлган ва ўсишдан тўхтаган.

«Улар бор имкониятларини охиригача ишлатиб бўлди. Инвестицияларсиз бу соҳани янада кенгайтиришнинг иложи йўқ, бунинг учун эса йиллар талаб этилади», — дейди разведка манбаси.

Путин ва унинг юқори мартабали амалдорлари эса Украина зарбаларининг тобора ортиб бораётган ҳалокатли таъсирини хаспўшлаб, урушда Россия ҳамон устунликка эга эканини уқтириш билан овора.

Кремлнинг икки нафар собиқ юқори мартабали мулозими «FT» нашрига берган маълумотга кўра, Россия президенти вақтининг кўп қисмини ҳарбий ҳаракатларни икир-чикирларигача назорат қилишга сарфлайди ва баъзан кунига икки маротаба Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовдан ҳисобот олиб туради.

3

 «У буни шунчаки вақт масаласи деб ҳисоблайди. Эртами-кечми ўз мақсадига эришишига ишонади. Путин ҳарбийларнинг кучли таъсири остида қолган, улар эса кўзбўямачилик қилишга жуда уста. У буни тушунса-да, уларга чин дилдан ишонади ва шундай қилишларига йўл қўйиб беради. Агар мен ҳам эртадан кечгача, кунига уч маротаба Герасимовнинг ҳисоботларини эшитаверганимда, атрофдаги воқеликни бутунлай бошқача қабул қилган бўлардим», — дейди собиқ мулозимлардан бири.

Шу ой бошидаги миллий байрам кунларида Путин Кремлда бир гуруҳ ҳарбийлар билан учрашди. Учрашув давомида аскарлар Украина фронтда ҳужумкор дронларни йўналтириш учун фойдаланаётган, Илон Маскка тегишли «Starlink» сунъий йўлдош тармоғига қарши Россия қачон ўз муқобилини ишлаб чиқиши ҳақида қайта-қайта савол берди.

 «Душман сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган зарба берувчи дронларни ишга солмоқда. Биз бу пойгада орқада қолмаслигимиз ва душмандан ўзиб кетишимиз керак» деди ҳарбийлардан бири.

Путин эса аскарларни ҳайратда қолдириб, Россия аллақачон «Starlink» тизимига ўз муқобилини ишлаб чиққанини ва уни амалиётга жорий этганини, тизим ишлаётганини, бироқ унинг кўламини кенгайтириш учун вақт кераклигини таъкидлади. Шундан сўнг Мудофаа вазири Андрей Белоусов унга атиги 16 та қурилма ишга туширилганини айтганида, Путин буни «мутлақо етарли эмас» деб баҳолади.

Россия Украинанинг технологик ютуқларига қачон етиб олиши ҳақида учинчи бор савол берилганида, Путин Наполеон ва Гитлерни ёдга олган ҳолда узоқ ҳамда иддаоли нутқ қилди ва Москва айни пайтда НАТОнинг жамоавий қудратига қарши курашаётганидан шикоят қилди. 

«Душманда йўқ, аммо бизда бор бўлган кўп нарсалар мавжуд, улар янада кўпаяди ва яхшиланади», — дея сўзини якунлади у.

4

Бироқ Россия ҳали ҳам Украинага жиддий талафот етказиш салоҳиятини сақлаб қолмоқда.

Фронт чизиғида Россия самолётларидан ташланаётган бошқарилувчи авиабомбалар Украинанинг хандақлари, ўрмонзорлари ва кўп қаватли биноларини мисли кўрилмаган даражада тинимсиз бомбардимон қилмоқда. Украинада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг етишмаслиги Россия самолётларига Совет давридан қолган бомбаларни фронт чизиғига яқинроқ масофадан ташлаш ва Украина позицияларига юқори даражадаги аниқлик билан зарба бериш имконини яратмоқда.

«Улар Украина позициялари жойлашган бўлиши мумкин деб тахмин қилган ҳар қандай нуқтага зарба бермоқда», — деди украиналик дрон оператори «FT» нашрига.

«Улар ҳамма нарсани КАБлар (бошқарилувчи авиабомбалар) ёрдамида ер билан яксон қилади, кейин эса аскарларни бирин-кетин киритишни бошлайди. Биз уларнинг ўнтасини йўқ қиламиз, аммо биттаси барибир яширинишга улгуради», — деди аскар.

Украина ҳарбий тадқиқот институти ҳисоботига кўра, жорий йилда Россия 75 мингдан ортиқ бошқарилувчи авиабомбалардан фойдаланиши кутилмоқда. Ваҳоланки, 2025 йилда бу кўрсаткич тахминан 60 мингтани ташкил қилган эди.

«Бошқарилувчи авиабомбалар Украина ҳанузгача ечимини топа олмаган асосий муаммо бўлиб қолмоқда», — деди Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ подполковниги Алексей Мелник.

Биргина ўтган ойнинг ўзида Киевга уч маротаба дрон ва ракеталарнинг йирик тўлқини билан ҳужум қилинди. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари, хусусан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг мунтазам тақчиллиги шароитида баллистик ва гипертовушли ракеталарга қарши курашишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.

Урушни кузатиб борувчи Полшанинг «Rochan Consulting» таҳлилий гуруҳи директори Конрад Музиканинг сўзларига кўра, ҳужумларнинг бундай янги суръати Россиянинг жанг майдонидаги муаммоларига нисбатан ўзига хос «жавоби» бўлиши мумкин.

«Россия Украинанинг қарор қабул қилиш жараёнига таъсир ўтказишнинг турли йўлларини изламоқда. Бироқ ядро қуролини ҳисобга олмаганда, агар улар яна бир бор қисман сафарбарлик эълон қилмаса, келгуси ойларда жангларнинг боришини ўзгартириш учун бирор жиддий иш қила олади, деб ўйламайман», — деди у.

Teglar

Mavzuga oid

Россия урушда технологик жиҳатдан Украинадан ортда қолмоқда — FT | Vaqt.uz