Савдо-саноат палатаси тадбиркорга нима беради? Тошкент шаҳар ССП раҳбари Диёр Мирзааҳмедов билан интервью
Тошкент шаҳар Савдо-саноат палатаси бошқармаси раҳбари Диёр Мирзааҳмедов Vaqt.uz билан суҳбатда тадбиркорлар нега айнан Палатага мурожаат қилиши, «Дизайн-код» бўйича олиб борилган ишлар, бизнес муҳитидаги муаммолар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Савол: Диёр ака, Тошкентдаги тадбиркорнинг Давлат солиқ хизмати, ҳокимлик ёки бошқа орган билан ўз муаммосини ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри алоқа каналлари (порталлар, қабулхоналар) етарли. Шундай шароитда тадбиркор нега айнан Савдо-саноат палатаси орқали ҳаракат қилиши керак? Палата айнан қайси юридик ёки амалий ваколати билан жараёнга таъсир кўрсата олади?
Диёр Мирзааҳмедов: Ростини айтсам, Палатага ишлашга келаётганимда бу савол менга ҳам тадбиркор сифатида жуда қизиқ эди. Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ривожланишига, тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик нормаларини такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ҳамда ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш, миллий брендларни хорижда илгари суриш, инвестицияларни, шу жумладан чет эл инвестицияларини, шунингдек замонавий технологияларни жалб этишдан иборат.
Шу билан бирга, Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларини қонуний манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида судларга давлат божисиз даъво аризалар киритади ва ўрнатилган тартибда мазкур жараёнларда иштирок этади.
Савол: Бизнесдан тизимга келганингизга 100 кун бўлди. Шунча вақт ичида шахсан сиз дуч келган энг катта бюрократик тўсиқ нима бўлди ва уни йўқота олдингизми?

Диёр Мирзааҳмедов: Бугун, фаолиятимни бошлашганимга 100 кун бўлди ва шу давр ичида энг аввало тадбиркорларга сидқидилдан хизмат қиладиган, ҳуқуқий, иқтисодий, инвестиция, ташқи иқтисодий фаолият, экспорт, бизнесни ривожлантириш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш йўналишларида ихтисослашган профессионал ва аҳил жамоа шакллантирилди.
Бюрократияга келсак, мен уни тўсиқ эмас, балки тизимли бошқарувнинг зарур механизми сифатида қабул қиламан. Бизнес билан қиёслайдиган бўлсак, бу масштаблаштириш ва иш сифати барқарорлигини таъминлаш учун йўлга қўйилган бизнес жараёнига ўхшайди. Ҳар қандай ривожланиш жараёни каби, давлат тизими ҳам муайян тартиб-таомилларни талаб қилади. Шу қисқа давр ичида биз ушбу механизмларнинг энг яхши жиҳатларини сақлаб қолишга ва уларнинг энг самарали элементларини жамоамиз фаолиятига жорий этишга ҳаракат қилдик.
Савол: «Дизайн-коди» бўйича 3000 нафар тадбиркор билан ишлангани айтилди. Фасаде ва пешлавҳани ўзгартириш эса тадбиркор учун бевосита харажат дегани. Бу жараёнда Палата тадбиркор ва ҳокимлик ўртасида қандай ролни бажарди — ҳокимлик талабларини етказувчи воситачими ёки тадбиркорнинг манфаатини ҳимоя қилувчи томонми?
Диёр Мирзааҳмедов: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2023 йилдаги «Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 428-сонли Қарори ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг 17.02.2026 йилдаги «Тошкент шаҳрининг «Дизайн коди» қоидаларини амалиётга жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги VII-19-17-14-0-К/26-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳрида намунавий тарзда белгиланган жами 56 та кўчалар ташқи фасадини тартибга солиш бўйича жорий йилнинг 11 май кунидан 26 июль кунига қадар 3228 та тадбиркорлик субъектлари билан ишлар ташкиллаштирилди.
Палата ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлигида ўтказилган мазкур жараёнлар давомида “дизайн код” масаласи билан паралель тарзда тадбиркорларни қизиқтирган масалаллар юзасидан сухбатлар олиб борилди ва улардан тушган таклифлар тизимлаштирилиб, ваколатли органларлар тақдим этилди.
Бу ўз-ўзидан Палатани функционал тарзда тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасида мустахкам мулоқот ўрнатиш учун кўприк сифатида шаклланишига олиб келди.
Савол: Тошкент шаҳар Палатаси шаҳар ҳокимлигига ҳам бўйсунади. Агар ҳокимлик қарори тадбиркор манфаатига зид бўлса, Палата ҳокимликка қарши судда тадбиркорни охиригача ҳимоя қила оладими?
Диёр Мирзааҳмедов: Йўқ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўз қонуний сиёсатига ва мақсадига эга мустақил тизим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг 14.04.1999 йилдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги 763-I-сон Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, республика нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади ва нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатга олган орган унинг фаолияти уставда белгиланган мақсадларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқлигини назорат қилади.
Шу билан бирга, Палата тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш, бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган нодавлат ташкилотдир.
Савол: Яқинда 7800 нафар тадбиркор ўртасида катта сўровнома ўтказилди. Ушбу сўровномадаги эътирозлар сабабли шаҳарда айнан қайси тизимли муаммо ёки тартиб бекор қилинди? Аниқ мисол келтира оласизми?
Диёр Мирзааҳмедов: Палата ташаббусига кўра мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Статистика қўмитаси мутасаддилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри бўйича 7800 нафар тадбиркорлик субъектлари билан 75 та масаладан иборат саволнома асосида ўрганиш ўтказилди.
Бу жараёнда ҳар бир тадбиркор билан индивидуал тарзда онлайн сухбат ўтказилиб, улар билдирган фикр ва мулоҳазаларни тизимлаштириш имконини яратди ва Давлат Раҳбарияти ҳамда Ҳукумат даражасида тегишли қарорларни қабул қилиш учун қулай замин яратди. Бу айниқса Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнида алоҳида аҳамият касб этади.
Биз учун энг муҳим натижа - тадбиркорларнинг Палатага бўлган ишончи ва мурожаатлари сонининг ортиши, мурожаатларнинг самарали ҳал этилиши ҳамда Палата ҳақидаги ижобий жамоатчилик фикрининг шаклланаётганидир.
Бугунги кунда Палата давлат ва бизнес ўртасидаги ишончли кўприк сифатида давлат сиёсати, ислоҳотлар ва янги қонунчилик ташаббусларини тадбиркорлар орасида тўғри қабул қилинишини таъминлашда марказий ўрин тутмоқда.
Савол: 100 кун ичида ижро интизоми тубдан ўзгарди дедингиз. Сизгача тизим қай даражага етганди ва буни ўзгартириш учун қанча ходимни алмаштиришга мажбур бўлдингиз?

Диёр Мирзааҳмедов: Албатта, Бошқармада ички бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилди, барча топшириқлар ижросини назорат қилишнинг аниқ механизми жорий этилди, ижро интизоми мустаҳкамланиб, ҳар бир мурожаатни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
Энг муҳими, Палата тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳамкорига айланиши учун давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасида очиқ мулоқот майдони шакллантирилди ва бугун тадбиркорлар ўз муаммолари билан мурожаат қилганда, уларни эшитадиган, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қиладиган ва амалий ечим топишга ҳаракат қиладиган жамоа фаолият юритмоқда.
Мен Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Абдужалолович Ваҳабовга мени ўзининг профессионал жамоасига ишонч билдириб қабул қилгани учун алоҳида самимий миннатдорчиликни билдирмокчиман.
У 2022 йилда Савдо-саноат палатаси раиси лавозимига сайланганидан буён Палатанинг тадбиркорлар манфаатларини ҳақиқий ҳимоя қилувчи институт ва бизнес ҳамда давлат ўртасидаги муҳим кўприк сифатидаги ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлашга эришди.
Унинг раҳбарлигида Палата Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларига тайёргарлик кўришда фаол иштирок этмоқда, бизнеснинг тизимли муаммоларини умумлаштириб, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритмоқда, экспорт ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашмоқда, шунингдек, тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Савол: Солиқ ва ижара нархлари ошиши сабаб кичик бизнес шаҳар марказидан сиқиб чиқарилмоқда. Тошкент шаҳар Палатаси раҳбари сифатида бу муаммони ҳокимлик ёки Ҳукумат олдига олиб чиқиб, тадбиркорлар учун аниқ қандай таклифлар бердингиз?
Диёр Мирзааҳмедов: Бу масалада бизда доимий мониторинг ва олинган маълумотлар таҳлили ўтказиб борилади.
Масалан, яқиндагина Палата ташаббуси билан бир қатор кичик-ўрта ва йирик тоифадаги тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот ўтказилди ва бу тадбир давомида тадбиркорлик субъектларидан аҳамиятга эга тизимли муаммолар олиниб, юқори турувчи ваколатли органларга ишлаб чиқилган тизимли таклифлар тақдим этилди.
Жумладан, савдо мажмуалари бошқарув компанияларидан фойда солиғи ставкасини пасайтириш, соҳадаги корхоналар учун фойда солиғини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш, мулк ва ер солиғи бўйича берилган имтиёзлар муддатини узайтириш, майдони 5000 квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари учун мол-мулк ва ер солиғининг 1/10 қисмини тўлаш имтиёз муддатини узайтириш, солиқ солишда ижаранинг минимал ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва бошқалар.
Савол: Экспорт ва инвестициялар бўйича шаҳарда вазирлик бошқармалари ва агентликлар бор. Палата уларнинг функциясини такрорлашдан ташқари яна қандай реал имкониятга эга?

Диёр Мирзааҳмедов: Бу саволингизга жавоб тариқасида авваламбор Палата фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, Палата аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, мустақиллик, очиқлик, ошкоралик ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигидан иборатлигини таъкидлаб ўтган бўлардим.
Яъни, Палатанинг асосий функциялари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли органлар билан ҳамкорлик олиб бориш ва тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Аниқроқ қилиб айтсак, Палата тадбиркорлик субъектларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилишини тўғридан-тўғри ва қайта алоқа принципи бўйича ташкил этишга кўмаклашади ва бу фаолият Палатанинг бошқа ташкилотларнинг функциясини такрорламаётганини аниқ кўрсата олади.
Савол: Бизнесда ҳар бир харажат фойда келтириши керак. Палатага аъзо бўлган ёки мурожаат қилган тадбиркор оладиган 3 та конкрет, амалий кафолат қандай?
Диёр Мирзааҳмедов: Бу саволингизга мен умумий қилиб, Палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгалигини ва энг асосийси, ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари юзасидан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки унинг ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида тизимли таклифлар ишлаб чиқиб, Давлат Раҳбариятига ва Хукуматга узлуксиз тарзда тақдим этиб бораётганини таъкидлаб ўтган бўлардим.
Айниқса, шу кунларда барчамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI Очиқ мулоқоти арафасида турибмиз. Ушбу мулоқот мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, бизнес муҳитини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун навбатдаги муҳим имконият бўлишига ишонаман.
Teglar




