Шавкат Мирзиёев Туркий давлатларни жипслашишга чақирди
Туркистон саммитида нутқ сўзлаган Ўзбекистон раҳбари Туркий давлатлар ташкилотида янги технологик алянс тузишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркий давлатлар ташкилотининг «Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш» мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этди. Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилиб, кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва амалий шерикликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Шавкат Мирзиёев нутқининг аввалида Буюк ипак йўлининг муҳим савдо ва маданият маркази ҳисобланган Туркистон шаҳрида норасмий саммит юксак даражада ташкил этилгани учун Қозоғистон Президентига ташаккур изҳор этди.
Шунингдек, ТДТдаги самарали раислиги ҳамда тузилманинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари учун Озарбойжон Президентига миннатдорлик билдирди. Туркий дунё интеграцияси қардош халқларимиз тақдирига бевосита дахлдор бўлган узоқ муддатли стратегик масалага айланаётгани таъкидланди.
«Бугунги учрашувимиз жаҳонда турли зиддиятлар тобора авж олаётган даврга тўғри келмоқда. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотларни фаоллаштириб, муҳим масалалар бўйича уйғун позицияларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда», – деди Ўзбекистон Президенти.
Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти барқарор ривожланиш суръатларини намойиш этаётган нуфузли тузилмага айланди. Жумладан, 2025 йилда давлатларимиз умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди ва унинг динамикаси глобал ўсишдан икки баробар юқори бўлди.
Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 14 фоизга ўсди. Жорий йилдан Туркий инвестиция жамғармаси операцион фаолиятини бошлади. Марказий банклар кенгаши, «яшил» молиялаштириш бўйича Туркий кенгаш иши йўлга қўйилди.
Ўзбекистон раҳбари олдинда кўп қиррали муносабатларга тизимли тус бериш бўйича долзарб вазифалар турганини қайд этди.
«Ўлкаларимизда яшаб ижод қилган улуғ боболаримиз – Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, астрономия ва физика фанлари равнақига беқиёс ҳисса қўшиб, шу тариқа ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос яратганлар. Биз аждодларимизнинг ана шундай бебаҳо меросига таяниб, бугун Туркий дунёнинг янги рақамли тараққиёт даврини барпо этяпмиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ўз нутқида ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш учун бир қатор аниқ ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, глобал технологик жараёнларни инобатга олган ҳолда ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш лозимлигини таъкидлади. Мазкур ташаббус квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилашга хизмат қилади.
Шунингдек, минтақавий маълумотлар алмашинувини таъминловчи “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрида ТДТ аъзо давлатларининг Технологиялар форумини ўтказиш таклиф этилди.
Илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш ва тарғиб этиш учун Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақавий йирик илмий-маърифий масканга айланиб бормоқда. Шу кунларда мажмуада ТУРКСОЙнинг офиси очилди.
«Ушбу марказ ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан тарихий-маданий манбаларимизни ягона “катта маълумотлар” платформасига жамласа, халқларимиз учун фойдали иш бўлар эди», – деди Мирзиёев.
Саммитда Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ҳамкорликда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш таклифи ҳам берилди. Ёш авлодни замонавий касбларга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» дастури юқори баҳоланмоқда. Президент ёшларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан ташкил этилаётган Қўшма венчур жамғармасига аъзо давлатларни қўшилишга чорлади.
Юк ташиш жараёнларини соддалаштириш мақсадида аъзо давлатлар ўртасида “E-Permit” электрон рухсатномалар тизими тўлиқ йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган ўрта коридорни айни пайтда қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш ҳамда божхона маълумотлари алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш бўйича амалий вазифалар белгилаб берилди.
Иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатларни ташкил этиш мақсадида 2027 йилни туркий дунёда «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Шу билан бирга, сунъий йўлдош маълумотлари асосида ТДТ иқлим хатарларини мониторинг қилиб бориш тизимини яратиш ҳамда қурғоқчиликни барвақт аниқлаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш жараёнига сунъий интеллектни татбиқ этиш зарурлиги қайд этилди.
Терроризм, экстремизм ва кибертаҳдидларга қарши курашишда мустаҳкам ҳуқуқий ва технологик замин яратиш мақсадида Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянсни тузиш таклифи берилди.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқи якунида таъкидлаганидек, интеллектуал салоҳият ва бирликнинг уйғунлиги Туркий дунёни барқарор тараққиёт ва илғор ечимлар маконига айлантиради.
Саммит якунида Туркистон декларацияси қабул қилинди.





