Трамп Эрон билан сулҳни узайтириш бўйича қарор қабул қилади: Оқ уй Ҳўрмуз бўғозини очишни талаб қилмоқда
Қозоғистон Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларини ўз ҳудудига қабул қилишга тайёр. Ушбу ташаббус Трамп Эрон билан тузилган оташкесимни узайтириш ва Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича якуний қарорга келаётган бир пайтда ўртага ташланмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп Эрон билан апрел ойи бошида тузилган оташкесимни яна 60 кунга узайтириш бўйича келишув юзасидан яқин вақт ичида якуний қарорини эълон қилади. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.
Трампнинг таъкидлашича, келишувга эришиш учун Эрон ядровий қурол яратиш дастуридан воз кечиши ва Ҳўрмуз бўғозини чекловларсиз очиши шарт.
Оқ уйдаги муҳокамалар ва Трампнинг талаблари
Трамп Оқ уйнинг махсус вазиятлар хонасида (Situation Room) юқори мартабали мулозимлар билан икки соатлик учрашув ўтказди. Оқ уй вакилининг маълум қилишича, муҳокамалар давомида президентнинг якуний қарорга келган ёки келмагани очиқланмаган.
Расмийнинг қайд этишича, Трамп фақатгина АҚШ манфаатларига мос келадиган ва Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайдиган битимнигина маъқуллайди.
АҚШ Президентининг талабига кўра, Ҳўрмуз бўғози зудлик билан, ҳеч қандай бож ёки тўловларсиз ва икки томонлама кема қатнови учун очилиши керак. Шунингдек, Трамп ўз баёнотида бўғоздаги миналар тозаланиши ва у ерда қолиб кетган кемаларнинг уйга қайтишига имкон яратилишини билдирган.
Эроннинг муносабати ва минтақавий шартлари
Эрон томони АҚШнинг ушбу талабларини тўлиқ қабул қилгани йўқ. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағаий давлат телевидениесида чиқиш қилиб, бўғозни бошқариш масаласи фақат Эрон ва Ўмон томонидан ҳал этилиши кераклигини таъкидлади.
Эроннинг ярим расмий «Fars» ахборот агентлиги хабарига кўра, бўғоз фақат АҚШ Эрон кемаларига қўйган блокадасини бекор қилганидан сўнг, Теҳрон шартлари асосида қайта очилиши мумкин. Агентлик ўз манбаларига таяниб, Трампнинг баёнотларини «сохта ғалабани тасвирлашга уриниш» деб атаган. АҚШ Молия вазири Скотт Бессент эса келишув амалга ошса, блокада аста-секин олиб ташланиши мумкинлигини билдирган.
Шу билан бирга, Эрон барча санкцияларнинг бекор қилинишини, АҚШ кучларининг минтақадан олиб чиқилишини ва тинчлик битими доирасида Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётлари тўхтатилишини ҳам талаб қилмоқда.
Музлатилган маблағлар ва ядровий масала
«Fars» агентлигининг маълумотларига кўра, музокараларда Эроннинг музлатилган 12 миллиард долларлик активларини қайтариш бўйича ўзаро тушунишга эришилган. Бироқ Дональд Трамп кейинги кўрсатмаларга қадар ҳеч қандай молиявий маблағ алмашинуви бўлмаслигини маълум қилди.
Ядровий масала юзасидан эса, БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси «Financial Times» нашрига берган интервьюсида, келишув амалга ошган тақдирда, Қозоғистон Теҳроннинг юқори даражада бойитилган уран захирасини қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Шунга қарамай, исми сир қолишини сўраган эронлик юқори мартабали мулозим Reuters агентлигига ушбу потенциал келишув ядровий масалаларни ўз ичига олмаслигини айтган.
Сайловлар арафасидаги босим ва уруш оқибатлари
Доналд Трамп ноябр ойида бўлиб ўтадиган Конгресс сайловлари яқинлашар экан, сайловчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ёнилғи нархларини тушириш мақсадида Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича кучли сиёсий босим остида қолмоқда. Айни пайтда у ўз партиясидаги консерватив қарашдаги сиёсатчилар томонидан Эронга ён босишда айбланиши мумкинлигидан ҳам хавотирда.
28 феврал куни АҚШ ва Исроил томонидан бошланган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида, асосан Эрон ва Ливанда минглаб одамлар ҳалок бўлди. Ҳормуз бўғозининг ёпилиши эса жаҳон энергия бозорида нархларнинг кескин кўтарилишига олиб келди. Ливан расмийларига кўра, Исроил зарбалари оқибатида 3200 дан ортиқ киши қурбон бўлган. Исроил томони эса 23 нафар аскар ва 4 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилган.




