Туркманистонда ёқилғи танқислиги: нефть қазиб олувчи мамлакат нега инқирозга дуч келди?
Алоҳида самолётларда учадиган Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг қизи Ўғилжаҳон Отабаеванинг режасиз хориж сафарлари ҳам вазиятга салбий таъсир қилаётгани айтилган.
© inbusiness.kzТуркманистонда бир неча йилдан бери ёқилғи тақчиллиги кескин тус олган. Ёқилғи қуйиш шохобчалари олдида узун навбатлар юзага келмоқда. Агар пойтахт Ашхободда бу муаммо унчалик сезилмаса ҳам, вилоятлар ва чекка туманларда бензин ҳамда дизель танқислиги одамларни ҳатто президент номига телеграммалар юборишга мажбур қилмоқда.
Бироқ ўз нефтини қазиб олиб, уни қайта ишлайдиган мамлакатда авиакеросин ҳам етишмаяпти. 2024 йил охирида вазият шу қадар оғирлашдики, фуқаролик авиацияси парвозлари деярли тўхтаб қолиш хавфи остида қолди.
Керосинга бўлган кескин эҳтиёж
«Сизга маълум қиламизки, 3 июнь ҳолатига кўра, Ашхобод халқаро аэропорти тасарруфида ТS-1 маркали авиакеросиндан атиги 2500 тонна қолган. Кунига ўртача 700 тонна ёқилғи сарфланишини ҳисобга олсак, мавжуд захира 2–3 кунга етади».
Бу гаплар 2024 йилда Ашхобод халқаро аэропорти бош директори Мурат Суханбердиев томонидан «Туркменнефть» давлат концернига йўлланган мактубдан олинган. Унда амалдор Аннау шаҳридаги нефть маҳсулотлари базаси аэропортни керосин билан ўз вақтида таъминламаётганини, бу эса парвозлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши ва рейслар жадвалининг бузилишига олиб келиши мумкинлигини билдиради.
Кўринишидан, ўша танқидий вазиятдан қандайдир йўл билан чиқишга муваффақ бўлинган: рейслар бекор қилинмаган. Аммо ёқилғи билан таъминлаш муаммоси тубдан ҳал этилмаган — орадан олти ой ўтиб, вазият яна такрорланган. 16 декабрь куни «Туркменнефть» раҳбариятига бу сафар «Turkmenhowaýollary» агентлиги бошлиғи ўринбосари Сулаймон Дурдиев мактуб йўллайди. У рейслар сонининг ортгани ҳамда Ашхобод аэропортига хизмат кўрсатувчи маҳаллий ва халқаро авиакомпанияларнинг керосинга бўлган талаби ошгани сабабли ёқилғининг кунлик ўртача сарфи 850 тоннага етганини маълум қилади. Мактуб ёзилган пайтда пойтахт аэропорти захирасида атиги 728 тонна керосин қолган бўлиб, бу бир кунга ҳам етмайди.

Аэропортда ёқилғи танқислигига айнан нима сабаб бўлаётгани аниқ эмас. Бироқ «Тurkmen.news» манбаларига кўра, бу муаммо ҳанузгача долзарблигича қолмоқда. Уни фақат узоқ давом этадиган расмий ёзишмалар орқали вақтинча ҳал қилишга эришилмоқда, холос, бунинг устига вазият мутлақо кескинлашганидагина.
2026 йил июнь ойида Дурдиев яна «Туркменнефть»га, шунингдек унинг таркибидаги «Туркменнефтмаҳсулотлари» бош бошқармасига мурожаат қилиб, июль ойига ажратилган авиакеросин квотасини Туркманбоши аэропортидан Ашхобод аэропортига, Мари аэропорти учун мўлжалланган ёқилғини эса Дашоғуз аэропортига йўналтиришни сўрайди. Ҳозирча бу мурожаатга жавоб берилмаган. Нашрнинг «Turkmenhowaýollary» давлат хизматидаги (2025 йилдан буён агентлик шундай номланади) манбаси айтишича, мамлакат авиация раҳбарияти керосин таъминоти масаласини доимий равишда қўлда бошқариш орқали ҳал қилишдан аллақачон чарчаган.
«Асосий муаммо шундаки, ҳам авиация, ҳам нефть соҳаси давлат томонидан ҳаддан ташқари қатъий тартибга солинган. Ишлаб чиқариш режалари, тақсимот квоталари, нархлар — буларнинг барчаси бир йил олдиндан ва президент даражасида тасдиқланади. Бунга авиакеросинни темирйўл орқали якуний истеъмолчига етказиб бериш тизимини ҳам қўшинг: у ҳам президент тасдиқлаган йиллик режа асосида ишлайди. Ана шу мураккаб занжирдаги исталган узилиш вазиятни кескинлаштириб юборади. Шу билан бирга, амалдорлар масъулиятни ўз зиммасига олишдан ёки давлат раҳбарига айрим жиҳатларни қайта кўриб чиқишни таклиф этишдан қўрқади», — дейди манба.
Туркманистонда нефтни қазиб олиш, қайта ишлаш ва тақсимлаш тўлиқ давлат назоратида. 2025 йилда ҳукумат 4,96 миллион тонна хом нефть қайта ишланганини, ундан жумладан 434 минг тонна авиакеросин ишлаб чиқарилганини маълум қилган.
Шу билан бирга, расмийлар бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 5,4 фоизга юқори эканини таъкидлаган. Демак, 2024 йилда 411 минг 765 тонна авиакеросин ишлаб чиқарилган. Ҳар йили Туркманистон президенти махсус қарор билан ушбу ҳажмлар ички ва ташқи истеъмолчилар ўртасида қандай тақсимланишини тасдиқлайди. Аниқ квоталар эълон қилинмайди, бироқ Дурдиевнинг мактубига кўра, ўша йили Ашхобод аэропортининг эҳтиёжи 310 минг 250 тоннани ташкил этган.
Шу билан бирга, мамлакатда яна олтита аэропорт фаолият юритади: Туркманбоши, Балканобод, Керки, Туркманобод, Мари ва Дашоғуз. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат чегара хизмати каби бошқа ички истеъмолчилар ҳам мавжуд. Уларнинг эҳтиёжлари учун қанча авиакеросин ажратилади?
«Тurkmen.news»нинг ёзишича, 2026 йил учун ички истеъмолчиларга жами 320 минг тонна авиакеросин ажратилган. Шундан 298 минг тоннаси аэропортларга берилган, яна 21 минг 700 тонна эса «Turkmenhowaýollary» агентлигининг захира фондига йўналтирилган. Бироқ 298 минг тонна ҳатто икки йил аввалги эҳтиёжлар бўйича ҳам, ҳатто пойтахт аэропортининг ўзи учун ҳам етарли эмас. Ҳолбуки, ўшандан буён мамлакат ичидаги ва халқаро рейслар сони янада кўпайган.
Бундан ташқари, Туркманистон авиакеросинни экспорт ҳам қилади. Уни ички бозорда жуда арзон нархда сотишдан кўра, хорижга сотиш анча фойдалироқ. Давлат «Туркменнефтмаҳсулотлари»дан бир тонна ёқилғи учун атиги 27,74 манат (1,5 АҚШ долларидан ҳам кам) олади.
Бугунги кунда ТS-1 маркали авиакеросиннинг жаҳон бозоридаги ўртача нархи бир тонна учун қарийб 930 АҚШ долларини ташкил этади. Туркманистондан экспорт қилинадиган авиакеросин ҳажми ошкор қилинмайди, бироқ алоҳида битимлар ва экспорт йўналишлари ҳақидаги маълумотларга қараганда, у йилига камида бир неча ўн минг тоннани ташкил этади.
Шундай қилиб, Туркманистон қатъий ички режалаштириш тизимини ёқилғини бозор механизмлари асосида хорижга сотиш билан уйғунлаштиришга уринмоқда. Аммо айнан ички таъминот тизимида бу ёндашув ишламаяпти. Ҳатто оддий ҳисоб-китоблар ҳам бир-бирига мос келмайди. Бунга яна кутилмаган ҳолатлар, масалан, Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг қизи Ўғилжаҳон Отабаеванинг режасиз хориж сафарлари ҳам қўшилади. Ота ва қиз турли самолётларда парвоз қилади.
«Аркадағ»нинг АҚШга сўнгги сафари чоғида унинг самолёти у ерда носоз ҳолатга келган. Шу сабабли Ашхободдан унинг ортидан яна бир ҳукумат самолёти юборилган.

Бундай ҳолатлар учун сақланадиган захира ёқилғи эса, кўриниб турибдики, етарли эмас. Бундан ташқари, нашрга кўра, сохта ҳисоботлар ва талон-торожлар оқибатидаги йўқотишлар ҳам мавжуд. Бу ҳолатлар мамлакатнинг олий раҳбариятига сир эмас, бироқ улар ҳанузгача бартараф этилмаган ва расмий ҳисоб-китобларда акс эттирилмайди. Энг муҳими эса, амалдаги режаларда ривожланиш учун умуман имконият кўзда тутилмаган.
«Ўзбекистонга ва бошқа кутилаётган йўналишларга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш, шунингдек, қиммат халқаро аэропортларнинг ўзини оқлаши Туркманистон учун яқин келажакда кутилмайди. Чунки устувор вазифа ҳақиқий ривожланиш эмас, балки ҳисоботларда сунъий барқарорликни сақлаб қолиш бўлиб қолмоқда», — дея ёзган нашр.
2025 йил август ойида Балкан вилоятининг Этрек шаҳарчасида яшовчи, Туркманистон нефть саноатининг ватани ҳисобланган ҳудуд фуқароси Пўлат Бердиев Сердар Бердимуҳамедов номига телеграмма йўллади. Унда муаллиф АИ-95 маркали бензиннинг ёқилғи қуйиш шохобчаларида етишмаслиги аҳолига жиддий қийинчилик туғдираётганидан шикоят қилиб, президентдан ушбу муаммони ҳал этишда ёрдам беришни сўраган. Бироқ манбаларининг маълумотига кўра, бу муаммо ҳанузгача сақланиб қолмоқда. У нафақат Балкан вилоятида, балки Туркманистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ёқилғи нархларининг ўсишини чеклаганди.





