Газ йўқотишларини камайтиришга 10,6 млн доллар ажратилди
Ажратилган маблағнинг 9,6 млн доллар қисми газ йўқотишларини камайтиришга, қолган 1 млн доллар эса мониторинг ва лойиҳани амалга ошириш харажатларига йўналтирилади.
© kapital.kzЎзбекистонда газ инфратузилмасидаги сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш, метан чиқиндиларини қисқартиришга қаратилган лойиҳа амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 444-сон қарори билан уни амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланган.
Лойиҳа 2026–2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, уни молиялаштириш учун жами 10,6 миллион АҚШ доллари ажратилган.
Асосий маблағ газ йўқотишларига қарши курашга сарфланади
Ажратилган маблағнинг 9,6 миллион доллар қисми газ инфратузилмасидаги мавжуд йўқотишларни аниқлаш ва камайтиришга қаратилган тадбирларга йўналтирилади.
Яна 500 минг доллар газ сизиб чиқиши ва метан чиқиндиларини мониторинг қилиш, шунингдек, ҳисобот бериш тизимидаги институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш учун сарфланади.
Қолган 500 минг доллар эса лойиҳани амалга ошириш гуруҳи фаолияти, хорижий экспертларни жалб қилиш ва бошқа қўллаб-қувватлаш тадбирларига ажратилади.

«Ўзтрансгаз» объектларида 1 000 дан ортиқ сизиб чиқиш нуқтаси аниқланган
Жаҳон банки кўмагида аввал ўтказилган тадқиқотлар давомида «Ўзтрансгаз» объектларида 1 000 дан ортиқ нуқтада газ сизиб чиқиши аниқланган.
Ушбу сизиб чиқишларнинг умумий ҳажми 35 миллион куб метргача баҳоланган. Янги лойиҳа айнан шундай йўқотишларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва метан чиқиндиларини қисқартиришга қаратилган.
Тежалган метан мустақил текширувдан ўтказилади
Лойиҳа натижасида тежалган метан ҳажмлари мустақил верификациядан ўтказилади. Шундан кейин тежалган ресурслар ҳисобига шаклланган маблағлар махсус эскроу ҳисобварағида жамланади.
Бу маблағлар газ тизимидаги сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича кейинги тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилади
Лойиҳани амалга ошириш ва мувофиқлаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади фақат газ сизиб чиқишларини бартараф этиш билан чекланмайди. Унинг доирасида газ йўқотишларини ҳисоблаш, тежалган метан ҳажмларини мустақил баҳолаш ва ҳосил бўлган маблағларни соҳани янада такомиллаштиришга йўналтириш механизмини яратиш ҳам назарда тутилган.





