Logo

Тожикистонда туризм солиғи жорий этилмоқда

Bugun 17:262 daqiqa

Энди саёҳат учун чет элга кетаётган тожикистонликларнинг турпакетларидан 5 фоизлик солиқ олинади. Тушган маблағлар янги Туризмни ривожлантириш фондига йўналтирилади.

Тожикистонда туризм солиғи жорий этилмоқда

Тожикистонда Туризмни ривожлантириш фонди ташкил этилди. Бу ҳақда «AsiaPlus» хабар берди.

Маълумотларга кўра, 1 июль куни ҳукумат фондни ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Фонд маблағлари учун Молия вазирлиги Марказий ғазначилик бош бошқармасида махсус ҳисоб рақами очилади.

Маблағлар фонд кенгаши қарорлари асосида сарфланади. Янги механизмнинг энг муҳим жиҳати шундаки, фондни молиялаштириш манбалари қаторига маҳаллий ва хорижий сайёҳлардан олинадиган турли йиғимлар ҳам киритилган.

Сайёҳлардан янги йиғим

Тожикистон фуқароси чет элга саёҳат қилиш учун туристик пакет сотиб олса, унинг қийматининг 5 фоизи Туризмни ривожлантириш фондига ўтказилади. Яъни, тожикистонликлар харид қиладиган турпакетлардан махсус йиғим олинади.

Фонд хорижлик сайёҳлар ҳисобига ҳам тўлдирилади. Улар Тожикистонда ўтказган ҳар бир сутка учун туристик пакетларидан белгиланган миқдорда йиғим ундирилади. Шунингдек, туристик хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома учун тўланадиган йиғимлар ҳам фонд маблағларига йўналтирилади.

Йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлардан ундириладиган жарималар, депозитлардан олинадиган даромадлар, халқаро молия ташкилотлари грантлари ва бошқа мақсадли маблағлар ҳам фондга йўналтирилади.

Маблағлар қаерга сарфланади

Йиғилган маблағлар туризм инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда хизматлар сифатини оширишга сарфланади.

Шунингдек, маблағ мамлакатнинг туризм имкониятларини тарғиб қилиш, инновацияларни жорий этиш ва илмий тадқиқотларни молиялаштиришга ҳам йўналтирилади. Йил якунида сарфланмаган маблағ кейинги йилга ўтказилади.

Қарорга кўра, фондга ҳар ой тушган маблағнинг 30 фоизи «Туризм хизматлари ахборот маркази» ҳисоб рақамига ўтказилади. Ушбу маблағ тезкор тадбирларни ташкил этиш ва туризм соҳаси ходимларини рағбатлантириш учун ишлатилади.

Teglar

Mavzuga oid